Оғриқли нуқта: ўқувчи нега дарс қолдиради?

Мактабда ўқиб юрган кезларим бир синфдошим ҳафталаб дарс қолдирарди. Ўқитувчимиз унинг ўқишга келмаётгани билан қизиқса, онаси “Ўқиб олим бўлармиди? Мазаси йўқ…”, деган жавобни берарди.  Кейин билсак, у бозорда арава тортиб, рўзғорга қарашар экан… Мактабни битириб, ҳаммамиз ўз йўлимиздан кетдик. Кимлардир олий таълим даргоҳида таҳсил олди. Бошқалар устозлардан ўзлаштирганига таяниб, касб-ҳунар йўлини тутди. Яқинда бозорга тушсам, ўша синфдошимни кўрдим. У  ҳануз арава тортиб юрибди…

Хўш, бугунги кунда мактаблардаги мавжуд ҳолат қандай? Ўқувчиларнинг дарсга муносабати талаб даражасидами ёки давомат масаласи ҳаминқадарми? Ушбу саволларга жавоб қидириш мақсадида бир неча мактабда бўлиб, мавжуд ҳолатни ўрганишга ҳаракат қилдик. 

Самарқанд шаҳридаги 59-умумий ўрта таълим мактаби директори Меҳри Рўзиеванинг таъкид­лашича, муассасада таълим икки навбатда олиб борилади. Тушгача 8-, 9-, 10-, 11-синфлар, жами 552 нафар ўқувчи таълим олади. Биз борган 27 январь куни жами 32 нафар ўғил-қиз дарсга келмагани ойдинлашди. Бунинг сабабини сўраганимизда, давомат билан шуғулланувчи ёшлар етакчиси 17 нафар ўғил болани “Военкомат”га олиб кетгани, қолганлари сабабли эканини маълум қилди. Шу ўринда ҳақли эътироз туғилади: ҳарбий комиссариатга дарс тугагандан кейин ҳам бориш мумкин-ку.

Шунингдек, дарс бошланган бўлса-да, даҳлизда шовқин солиб юрган ўқувчиларни кўрдик. 8 “Б” синфда 3 нафар ўқувчи дарсга нима учун келмаганини сўрасак, “доимий касал” деган жавобни олдик. 8 “А” синфда ҳам худди шундай ҳолат кузатилди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Баъзи ота-оналар томонидан ўқиш бир четга суриб қўйилиб, фарзандларини ишга юбораётганига нима дейсиз? “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг 30-моддасида “Вояга етмаган болаларнинг ота-оналари ёки қонуний вакиллари боланинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишлари шарт ҳамда уларнинг тарбияси, мактабгача, умумий ўрта, ўрта-махсус касб-ҳунар таълими олишлари учун жавобгардирлар” деб белгилаб қў­йилган.  Афсуски, биз намуна деб биладиган айрим катталарнинг ўзи ана шу жавобгарликни ҳис қилмаётгани бор гап.

Мазкур таълим даргоҳида ҳам кўп дарс қолдирадиган ўқувчилар бор. Хусусан, 11 “А” синф ўқувчиси О.М. яқин орада “рекорд” ўрнатса, ажабмас. Маълум бўлишича, у таълим олиб, савод чиқаришдан кўра, дарс пайтида ишлаб, пул топишни маъқул кўраркан. Мактаб директори Гўзал Алимованинг таъкидлашича, ҳозирги кунда уни ўқишга қайтариш борасида зарурий чора-тадбирлар амалга ошириляпти. Балки, давомат масаласидаги муаммолар юзага келаётганига иссиқлик тизимидаги камчиликлар сабаб бўлаётгандир. Зеро, ушбу мактаб хоналарини кўздан кечириш чоғида синфларни иситиш учун электр печлардан фойдаланилаётганига кўзимиз тушди.   

Ўрганишлар давомида, одатда юқори синф ўқувчилари кўп дарс қолдиришига гувоҳ бўлдик. Демак, айни муаммога янада жиддий эътибор қаратиш, маҳалла, вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар биргаликда ҳамкорликни мустаҳкам йўлга қўйиши зарур. Зеро, бу масала ўсмирлар ўртасида юзага келиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликлар билан бевосита боғлиқ.  

Мансур ҲАСАНОВ

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: