«Журналистлар ижодий уюшмаси»нинг янги раиси: Олимжон Ўсаров

Усаров Олим Авалбоевич 1973 йили туғилган. Тошкент давлат университети журналистика факультетини (1996), Тошкент Давлат юридик институтининг суд-прокурорлик факультетини (2002) тамомлаган. Ихтисослиги – журналист, ҳуқуқшунос. Филология фанлари номзоди. 3-даражали адлия маслаҳатчиси. Икки чақириқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати (2005, 2010).

 О.Усаров 30 йиллик иш фаолияти давомида оммавий ахборот воситалари ва давлат ҳокимияти органларида масъул лавозимларда ишлаган ва бой тажриба орттирган.

Иш фаолиятини «Чирчиқ тонги» газетасидан бошлаб, 1991-1995 йилларда таҳририятнинг мухбир, бўлим бошлиғи, масъул котиб лавозимларида  ишлаган.

1995-2002 йилларда Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг «Спорт» таҳририяти муҳаррири, «Маънавият» бош дирекцияси бўлим бошлиғи, «Сиёсат» бош муҳаририяти бўлим бошлиғи, «Ёшлар» телеканали гуруҳ раҳбари, продюсери лавозимларида фаолият юритган ҳамда телетомошабинлар эътирофига сазовор бўлган «ТВ-адвокат», «Чироғи ёниқ уй»,  «Табаррук қадамжолар», «Қишлоқдаги тенгдошим», «Саёҳатнома» кўрсатувларини ташкил этган.

2002-2005 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Матбуот хизмат раҳбари ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Олий суди Ахборотномаси» илмий-амалий журнали ва «Куч-адолатда» газетаси бирлашган таҳририяти Бош муҳаррири лавозимларида ишлаган.

О.Усаров Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси (2005-2009), Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси (2010-2015) аъзоси сифатида 30 дан ортиқ (жумладан, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги) қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда бевосита иштирок этган.

О.Усаров 2005-2009 йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Норматив-ҳуқуқий атамалар комиссияси аъзоси, 2009-2014 йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Матбуот котиби вазифасини бажарган. Унинг ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ОАВ вакилларини аккредитация қилиш институти жорий қилинган, Парламент журналистлари клуби ташкил этилган. О.Усаров масъуллигида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайти 2010, 2012 йилларда «Давлат бошқаруви соҳасидаги энг яхши сайт» номинацияси ғолиби, деб топилган.

О.Усаров 2015-2017 йилларда Олий суд Ахборот хизмати раҳбари лавозимида фаолият юритди ҳамда суд ҳокимияти ва оммавий ахборот воситалари ҳамкорлигига доир қатор қўлланма ва рисолалар яратди.

О.Усаров 2017 йил 1 мартдан Ўзбекистон Республикаси Президентининг2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида таъсис этилган “Кексалик гашти” журнали ва “Нуроний” газетаси Бош муҳаррири вазифасида фаолият юритиб келмоқда. Фармонда белгиланганидек, нашрларда нуронийларнинг Ўзбекистонни янгилаш ва ривожлантиришнинг маънавий-ахлоқий негизларини мустаҳкамлашда мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаол иштирокини, катта авлоднинг жамият, оилалар ва маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат, халқимизнинг кўп асрлик анъаналарини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялашга йўналтирилган ижтимоий фаолиятини тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

О.Усаров мамлакатимизда иқтидорли журналист кадрлар тайёрлаш жараёнида ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Жумладан, 2007-2014 йиллар давомида ўриндошлик асосида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида «Паблик рилейшнз» (Жамоатчилик билан алоқалар) фанидан, 2019 йилдан Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникация университетида “Ноширлик иши” фанидан сабоқ бериб келади.

Унинг 50 дан ортиқ илмий ишлари, хусусан, «Паблик рилейшнз» ўқув қўлланмаси (2012), «Оммавий ахборот воситалари ва суд ҳокимияти муносабатлари: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт» (2013), «Ўзбекистонда сиёсий партияларнинг жамоатчилик билан алоқалари» монографиялари (2014), «Пресс-конференция қандай ўтказилади» (2014), «Давлат ҳокимияти органларида журналистларни аккредитация қилиш: мажбуриятми ёки зарурият» (2014) ўқув-услубий қўлланмалари, «The legislative chamber of the Oliy Majlis of the Republik of Uzbekistan» (2013), «Парламентда журналистларни аккредитация қилишнинг зарурияти» (2011), «Ўзбекистон ва жаҳон: халқаро алоқалар, давлатлараро муносабатлар ва истиқболли ҳамкорлик» (2014), «Судлар фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралиги тамойили» (2016), «Замонавий медиа муҳитда PR-хизматлар» (2019) китоблари нашр этилган ва олий таълим тизимида ўқув қўлланма сифатида кенг қўлланилмоқда.

«Ўзбек кино» миллий агентлиги томонидан яратилган «Инсоннинг яшаш ҳуқуқи» (2007), «Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари» (2007), «Ўзбек жанг санъати» (2011), «Ёшлар ва ҳуқуқий маданият» (2012) илмий-оммабоп фильмларининг муаллифи.

О.Усаров Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси қошидаги Ҳуқуқий журналистика кенгаши раиси. Қатор кўрик танловлар, хусусан, «Ижодкор ўқитувчилар» (1994), «Энг азиз, энг улуғ» (1997) Республика кўрик танловлари  ғолиби, “Олтин қалам” миллий мукофоти доирасида хорижий ҳамкорлар (ХХР) мукофоти совриндори. Нуфузли хориж ўқув марказлари, жумладан, Халқаро Республика Институти (АҚШ, 2003), Бутун Жаҳон Банкининг иқтисодий ўтиш даврида аҳолини ижтимоий ҳимоялаш дастури (1996), ЕХҲТнинг истиқболли дастурларни тайёрлаш курси (2004), БМТнинг Ахборот коммуникация технологиялари дастури (2009) сертификатларини қўлга киритган. Шунингдек, Германия, Хитой, Туркия, АҚШ, Россия, Арманистон давлатларида бўлиб,  журналистика ва жамоатчилик билан алоқалар тажрибасини ўрганган.

Усаров Олим Авалбоевич «Ўзбекистон мустақиллигининг 15 йиллиги»,  «Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллиги», «Ўзбекистон Конституциясининг 25 йиллиги» кўкрак нишонлари билан тақдирланган.

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: