ОЛМА ПИШ, ОҒЗИМГА ТУШ!

Ёхуд боқимандалик иллатининг келиб чиқиш сабаблари нимада?

Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигини қарши олмоқдамиз. Бу муддат оралиғида қанчадан-қанча ўзгаришлар рўй берди. Аҳоли фаровонлиги ошди, қишлоқ ва маҳаллаларнинг замонавий инфратузилмаси вужудга келди. Кўркам иншоотлар эса нафақат Тошкент шаҳри, балки чекка туманларда ҳам бунёд этиляпти. 2020 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулот ҳажми 580,2 трлн. сўмни ташкил қилди. Бу 2019 йил билан солиштирганда, 1,6 фоиз ўсиш кузатилганини кўрсатмоқда. Агар шу  кўрсаткични аҳоли жон бошига  ҳисобласак,  истеъмол саватчасида ижобий  ўзгариш кузатилмоқда. Ҳукумат ва давлат миқёсида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар инсон манфаатлари, унинг бахту саодати ва бугунги ҳаётидан мамнун бўлиб  яшашига йўналтирилаётгани яққол ҳақиқатдир. Меҳнат қилиш, даромад топиш, ўз оиласи моддий-маънавий эҳтиёжларини қоплаш учун давлат томонидан зарурий шарт-шароит яратилаётганини ҳар бир фуқаро чуқур англаши лозим.

Сўровнома натижалари нимани кўрсатади?

Жамият ҳаётида кечаётган ижтимоий-сиёсий  воқеликка ҳар бир инсон ўз муносабатини билдиришга ҳақли, албатта. Мутасадди ташкилотлар эса кенг қамровли ислоҳотларга нисбатан пайдо бўлган муносабатни ўрганиб, хулоса чиқаради.  “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ҳар йили юртдошларимиз ўртасида турли мазмунда сўровномалар ўтказилиб, респондентларнинг муайян воқеликка нисбатан муносабатлари ўрганилмоқда.

“Ўз ҳаётингиздан мамнунмисиз?” саволи остида 2019 йилда ўтказилган сўровнома натижаларида 75,3 фоиз фуқаро бахтли, фаровон яшаётганини қайд этган, – дейди ушбу марказнинг масъул ходими Марат Хожимуҳаммедов. – Ўз умридан қисман мамнунлар ҳам бор. Ҳаётнинг фақат негатив, яъни салбий жиҳатларини кўриб яшаётган респондентлар бор-йўғи 2,1 фоизни ташкил қилди. Айнан шу тоифдаги одамлар мавжуд шарт-шароитга яраша меҳнат қилгиси келмайди, хорижий давлатларни орзу қилади, боқимандаликдан уялмайди. Кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ёки ногиронлиги бўлган кишиларга давлат ва нодавлат ташкилотлари, ҳомийлар томонидан хайр-саховат кўрсатилса, бу тоифадаги кишилар ҳам ўзларига ёрдам бўлишини истаб қолади. Тўрт мучаси соғ, меҳнат қилишга лаёқати бор кам сонли бундай шахсларда уялиш, андиша ҳисси йўқ.  Фаол,  соғлом ҳаётий позицияси бўлган, жамият ривожига ўзининг кичкина улушини қўшаётган кишилар кўпроқ эканлиги қувонарли ҳодисадир, албатта.

Тўрт мучаси соғ, савлатидан от ҳуркади…

Маълумотларга кўра, республикамизда 9145 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд. Географик жойлашуви, аҳоли сони, инфратузилмаси билан бир-биридан фарқланувчи маҳаллаларда ўзини ўзи бошқариш тизими шаклланган, кўпни кўрган, ҳаётий тажрибаси катта оқсоқоллар кундалик иш фаолиятида феъл-атвори, дунёқараши турлича бўлган кишиларга дуч келишади. 

– Маҳалла раиси бўлиб ишлашнинг юки жуда оғир, – дейди Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманидаги “Янгиқўрғон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Улуғбек Мустафоев. – Ҳар бир одамнинг дардини тинглашимиз керак. Ҳудудимиздаги  Бойбўта, Маҳалла, Янгиобод ва Янгиқўрғон қишлоқларида 4060 нафар аҳоли истиқомат қилади. 611 та хонадон, 723 та хўжалик мавжуд. Ўзига тўқ, тадбиркорлик орқасидан мўмай даромад топаётган қишлоқдошларни кўрсам, одам меҳнатининг орқасидан нималарга эришмайди-я, деган фикр кўнглимдан ўтади. Лекин камбағаллигидан, қўли калталигидан нолийдиган одамлар ҳам бор. Улар осмондан чалпак ёғилишини кутади, бошқача айтганда, олма пишиб, оғзига тушиши керак. Уй шароитини кўрсангиз, 8-10 сотих томорқаси бор, тер тўкиб ишлашга ҳафсала йўқ, қақраб ётади. Ёнида ариқ, экинзорини гуллатиб-яшнатиб, рўзғорини бадастир қилиш мумкин. Лекин ялқовлик, дангасалик, “Берсанг ейман, урсанг  ўламан!” қабилида ўйлаш орқали бу тоифадагилар ўзбекона ғурурни ҳам унутиб қўйишган, назаримда. Тўрт мучаси соғ, савлатидан от ҳуркадиган, ери бор эркаклар қабулимга келиб, ”Бизга ёрдам пули бермайсанми? Ҳеч жойда ишламасак”, деганида, тўғриси, эркаклигидан афсусланиб кетаман. Ётиғи билан “Ака, ука, катта томорқангиз бор, экин-тикин қилиб, рўзғорингизни гуллатиб-яшнатиб юбормайсизми?” деб уқдирсам ҳам  фикрини ўзгартиролмайман.

Ҳаммаси инсоннинг ўзига боғлиқ

Инсоннинг юриш-туриши, хатти-ҳаракати, феъл-атворига  қараб, унинг маънавий дунёсига баҳо бера оласиз. Психологик тадқиқотларда шахс руҳий кечинмасини аниқлашга йўналтирилган илмий-назарий ёндашувлар борки, бунда айнан боқимандалик иллатининг келиб чиқиш сабаблари ҳам тадқиқ этилган. Бу гуруҳга мансублар доимо ҳаётидан, етар-етмас турмушидан нолийди, гўёки унга жамият ва давлат фаровонлик яратиб бериши керак. Бироқ таржимаи ҳоли ўрганилса, мактабда ҳам ялқов бўлгани, битиргандан сўнг  бир ҳунарнинг бошини тутиб, уни пухта ўзлаштирмаганлиги, бирор ташкилотда ёлчитиб ишламаганлиги маълум бўлади. Шунинг учун ҳам улар танбал, мудом  боқимандалик кайфиятида юради, жамиятдан норозилик ҳисси кучли, давлат раҳбарларига маломат ёғдиради. Стресс ва депрессияга ҳам кўпинча шу тоифадагилар тушади.

Албатта, қўлида гулдай касби ёки ҳунари бўлиб, жамидан ўз ўрнини топа олган, оилавий ҳаётда ўзгалар ҳавас қиладиган даражада бахту саодатга эришган, энг муҳими, ўтаётган умрига шукроналик келтирадиган ватандошларимизга ҳавас қиласан, киши. Улар республикамизнинг барча жойларида топилади ва ён-атрофидагилар учун ибрат намунасидир. Бундай юртдошларимиз сафи кўпаяверсин!

                                                                           Ҳулкар КУЗМЕТОВА, журналист

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: