Омадсизроқ одам ҳақида ёзсангиз ютасиз…

Мендан кўпинча сўрашади: «Цензура, бошқа, шунақа нарсалар бўлдими?», деб. Йўқ, мен «Ўзбеккино»да ишлаган пайтимда бирон марта цензура, тазйиқ бўлганини эслай олмайман. Чунки, кўпинча мен масъул гапни бўйнимга олардим ва жавоб берардим. Биронта одам мендан «нимага бунақа бўлди», деб сўрагани йўқ.

Менимча, «Дев билан пакана» фильмини кўп одам кўрди, ўзим буни кутмагандим. Пакананинг образи одамларга ёққан бўлиши мумкин, омадсизроқ бир одам-ку! Омадсизроқ одам ҳақида ёзсангиз ютасиз, чунки, одамларнинг 99 фоизи омадсиз-ку! Ўзини кўради-да, кейин балки асарни ҳам яхши кўриши мумкин. Бугунги миллий кинода миллий характерлар бўлиши керак. Ҳалқнинг, миллатнинг ҳаёти бўлиши керак. Кўпроқ ўйлаб топилган нарсалар ҳозир. Қолаверса, шахсий студиялардан олинадиган жуда бемаза асарлар кўпайиб кетган.

Биронта бир расм бўлган эстрада ашулачисини қаҳрамон қилиб олишади-да, кейин ўшанинг атрофига тасвир йиғишга ҳаракат қилишади. Коммерция руҳи жуда устун. Фақат коммерцияни ўйламасдан пул йиғиш мумкин бўлган яхши фильмлар ҳам қилиш мумкин. Лекин, бунинг учун ҳам озгина ирода керак, бунинг учун хоҳиш керак.

Барибир жиддий фильмлар бор. Қолаверса, биз томошабинни бузиб қўйганмиз. У енгил-елпи нарсаларга кўпроқ боради. Жиддийроқ ўйлантирадиган нарсага одамлар бормайди ҳисоб. Нафақат ўзбек фильмлари, чет фильмларининг ҳам бирон бир жиддий муштлашувлар бўлмаган фильмларни олиб келиб қўйинг, одам деярли тушмайди ҳисоб.

Одамлар кинотеатрга ўйлаш учун, мушоҳада қилиш учун, қаҳрамонга қўшилиб йиғлаш учун кирадиган бўлиши учун ҳам вақт керак».

Мурод Муҳаммад Дўст

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: