“Оқ бўрилар” “Саҳро йўлбарслари”га қарши

Бугун ўзбек футболи учун муҳим кунларан бири. Боиси, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ушбу оқшом Жаҳон чемпионати 3-саралаш босқичига чиқиш учун Саудия Арабистони терма жамоасига қарши баҳс олиб боради. Бу ўйин биз учун нечоғлик муҳимлигини барча бирдек сезиб, билиб турибди. Хўш, “Оқ бўрилар” (Ўзбекистон мтж лақаби) “Саҳро йўлбарлари”(Саудия Арабистони)ни мағлуб эта олишадими?

ЎЗАРО УЧРАШУВЛАР ТАРИХИ

Саудия Арабистони терма жамоаси билан дастлабки баҳс футболимиз тарихида энг эсда қоларли мусобақа сифатида қараладиган “Хиросима-1994” Осиё ўйинларига тўғри келган, ўшанда ҳамюртларимиз 4:1 ҳисобида рақибини мағлуб этган эди. Умумий ҳисобда жамоалар шу пайтга қадар ўзаро 11 марта тўқнаш келишган бўлиб, устунлик саудияликлар томонида (4 ғалаба, 6 мағлубият, 1 дуранг). Тўплар нисбати 24:15 (рақиб фойдасига). Ушбу терма жамоалар охирги марта 2019 йилда турнирнинг биринчи даврасида тўқнаш келишган. “Пахтакор” марказий ўйингоҳида ўтган учрашувда ҳамюртларимиз 2:3 ҳисобида аламли тарзда мағлуб бўлишган.

ГУРУҲДАГИ ВАЗИЯТ

Ўзбекистон миллий терма жамоаси жой олган “Д” гуруҳида Саудия Арабистони 17 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Вакилларимиз ҳисобида эса 15 очко. Агар бугун футболчиларимиз рақибларини мағлуб этиш “миссия”сини бажаришса, ҳеч қандай муаммосиз кейинг босқичга йўлланма оламиз. Бордию, дуранг ёки мағлубият (худо кўрсатмасин) бўлсачи?

Маълумки, ОФК қарорига кўра, гуруҳларда биринчи ўринни қўлга киритган ҳамда 2 ўринлардаги энг яхши кўрсатгич қайд этган 5 та терма жамоани кейинги босқичга иштирок этади. Айни дамда биз 2 ўринлардаги “кучли бешталик”дамиз. Бироқ, Биздан пастда жойлашган Бирлашган Араб Амирликлари ҳамда Эрон терма жамоалари бугун ўз ўйинларини ўтказишади. Мабодо улар ғалаба қозонгудек бўлса, биз кейинги босқичда мухлислар қаторидан жой оламиз. Хуллас, буёғи математика бўлиб кетади… Шунинг учун тинчгина ўзимизнинг ўйинда ўз тақдиримизни ҳал қилганимиз маъқул.

Тўғри Саудия Арабистони терма жамоаси айни дамда кучли намойиш этяпти, етмаганига турнирнинг номинал мезбони улар. Аммо, бизда Элдор Шомуродов, Жалолиддин Машарипов, Одил Аҳмедов цингари супер ўйинчиларимиз бор. Уларнинг ўйини очилгудек бўлса, ҳеч қандай муаммо бўлмайди.

Суҳробжон САДРИЙ

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: