Ёшлар “Оқтепа”ни лавашхона деб билади…

ёхуд Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Аҳмадали Асқаровнинг фикрларига муносабат

Дарҳақиқат, бугунги кунда ёш авлод Оқтепа деганда “лавашхона”, “бургер”  ёки нари борса, қайсидир маҳалланигина тушунади. Бу сўз аслида қаердан келиб чиққан, туб моҳияти нима деган саволга эса жавоб беришолмайди.

Хўш, “Оқтепа”нинг ёшларда шун­дай тасаввур уйғотишига лавашхона очган тадбиркор айбдорми? Йўқ! Бу бир кишининг эмас, бутун жамиятнинг айби … Чунки турфа тепалиг-у дўнгликда ястанган “Оқтепа” ёдгорлигига қадимгоҳ сифатида эмас, оддий нигоҳ билан қараймиз. Улар бизнинг тасаввуримизда жўн оддий бир тепалик. Ҳатто у ерга ахлат отишдан ҳам қайтмаймиз.

Ҳақиқатан ҳам, бизни бугун осмонўпар бинолари бор ранго-ранг ялтироқларга бурканган “сити”лар ҳайратга солаётир … Аслини унутмаган инсон ўз эътиқодидан воз кечмагани каби минглаб янги бинолар барпо этилса-да, унинг миллийлигини акс эттирувчи осори атиқаларни кўз қорачиғидек асраб-­авайлайди. Келгуси авлодларга ўз ҳолича етиб боришига ҳисса қўшади. Ҳеч биримиз тилимизни бурро қилиб маданий ёдгорликларимизни асраб-авайлаш кераклиги ҳақида чурқ этмаймиз. Чунки миллий ғурур, ўз Ватанимизга бўлган муҳаббатимиз суст. Агар биз “мудроқ” бўлмаганимизда шу ҳолатгача етиб келмасмидик балки …

Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларда туризмни ривожлантириш ҳаётий зарурият эканлигига бот-бот урғу берилмоқда. Албатта, биз туризм соҳасини ривожлантиришда қайсидир мамлакатнинг олифта шаҳарларига вобасталик қилиб эмас, балки мана шундай маданий ёдгорликларимизни кўзни қувнатадиган даражада қайта тиклашга аҳамият қаратмоғимиз лозим. Нима учун ЎзРФА академиги Аҳмадали Асқаров бу муаммони рўйи рост омма олдига олиб чиқмагунча ҳеч биримизнинг хаёлимизга келмади, эътибор қаратмадик… Юқорида таъкидланганидек, ғурурсизлигимиз, ўзгаларга кўр-кўрона эргашаётганлигимиз бизни шу кўйга солди … ҳали ҳам кеч эмас … Миллат қиёфасини сақлаб қолиш — қўлимизда!

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА, журналист

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: