Пўлат Бобожонов, Ички ишлар вазири

Нима учун машҳур?

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант. «Дўстлик» ва иккинчи даражали «Шон-шараф» орденлари билан тақдирланган. Прокурорлар орасида «муросасиз немис» ва «бузилмайдиган рус» тахаллуслари билан танилган.

Қандай машҳур бўлган?

1961 йили 1 январь куни Хоразм вилоятининг Боғот туманида туғилган. Отаси Раззоқ Бобожонов нуфузли раҳбарлардан бири бўлиб, 1980 йилларда Боғот туманининг биринчи котиби эди. Онаси Энагул Машарипова эса Боғот вилояти ижроия қўмитаси раиси бўлиб ишлаган. Ўқувчилик йилларидаёқ Пўлат туман кутубхонасидаги барча китобларни ўқиб тугатган. 1977 йили ТошДУнинг ҳуқуқшунослик факультетига ўқишга кириб, 1982 йили университетни имтиёзли диплом билан тамомлаган ягона битирувчи бўлган. 1982-1983 йилларда Гурлан туман прокурорининг ёрдамчиси, 1985-1992 йилларда Хоразм вилоят прокуратураси умумий назорат бўлими бошлиғи, Гурлан туман прокурори лавозимларида ишлаган. Кейинчалик Боғот тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари, Хоразм вилоят ҳокимининг ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Президенти девони масъул ходими вазифаларда фаолият юритган. 2000-2005 йилларда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари, 2005-2006 йилларда Бош прокуратура ҳузуридаги валюта жиноятларига қарши курашиш департаменти бошлиғи, кейинчалик Жиззах ва Бухоро прокурори, Хоразм вилояти ҳокими лавозимларида фаолият юритган. Бу йилларда у халқ ишончини қозониб, муаммони адолатли ҳал қиладиган мулозим сифатида танилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4 сентябрдаги фармонига кўра, Пўлат Бобожонов Ўзбекистон Республикасининг Ички ишлар вазири этиб тайинланади. Вазирга 2019 йил 14 январда генерал-лейтенант унвони берилган.

Машҳур нима дейди?

«Агар жамиятда қонун устуворлиги таъминланмаса, одамлар нафақат бугунги, балки эртанги кунга бўлган ишончларини йуқотади. Агар шахсий манфаатлар устувор бўлса, коррупция илдиз отади, натижада мамлакат инқирозга учрайди. Ҳар қандай онгли киши бундай мамлакатни тарк этиш имкониятини қидиради».

«Коррупция масаласига ҳеч ким бефарқ бўлмаслиги, ҳамма биргаликда жамиятдаги коррупцияни йўқ қилиши керак».

«Энди эскичасига ишлаб бўлмайди. Кабинетда ўтириб буйруқбозлик қилиш замони ўтди. Раҳбар халқнинг ичида бўлиши, унинг дарду ташвишини яхши билиши, худди ўз дарду ташвиши деб билиши лозим».

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: