Пандемиянинг ижобий ва салбий жиҳатлари

“Коронавирус ниҳоясига етгач инсониятни нима кутмоқда?” деган саволнинг долзарблиги кундан кунга ошмоқда. Айни пайтда мутахасссилар бу борада мутлақо бир бирига қарама-қарши бўлган фикрлар, башоратларни илгари суряпти.

Бир гуруҳ мутахассислар кўп вақтни уйда ўтказиш, қўл бериб кўришмаслик каби янги одатлар сақланиб қолади дейишса, бошқалар карантин давридан кейин одамлар бир-бирига янада яқинроқ бўлиб, кўпроқ вақтларини уйдан ташқарида ўтказадилар, — деб ҳисоблашяпти. Шунингдек, қўл бериб кўришиш яқинлик белгисига айланиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.

Пандемиядан сўнг айнан Ўзбекистонда қандай ўзгаришлар бўлади? Бизни нималар кутмоқда? Дунё мутахассисларнинг бу борадаги баҳолари бизга тааллуқли эмасми? Бу саволлар ҳам биз жуда учун қизиқ.

Ҳа, тааллуқли эмас. Чунки дунёнинг бошқа мамлакатлари каби Ўзбекистон аҳолиси ҳам ўзига хос хусусиятларига эга. Масалан, анча вақтдан бери барқарор шароитда яшашга ўрганиб қолган аҳолимиз коронавирус билан боғлиқ воқеаларнинг салбий кўринишларини беихтиёр ўз ҳаётларида акс этишини тассавур қила олишолмайди. Яъни, одатга кўра, биз бу каби салбий жиҳатларни ўзимизга олмаймиз. Айнан мана шу муносабат ҳокимиятнинг расмий кўрсатмаларига совуққонлик билан қараш, карантин талабларига тўла амал қилмаслик, масалан, ниқоб тақмаслик каби  қарашларни келтириб чиқаряпти.

Юқорида таъкидланганидек, ижтимоий тармоқдларда биз ўқиётган келажак ҳақидаги ўйлар ва башоратлар умумий характерга эга бўлиб, айрим жиҳатлари ўта бўрттирилган. Умумий баҳолар Ўзбекистондаги ва мисол учун, Хитойдаги реал ижтимоий шароит ва иқтисодий ҳолатларни кўрсатиб бера олмайди, улар орасида осмон билан ерча фарқ бор.

         Онлайн таълим пандемия шароитда трендга айланди десак муболоға бўлмайди. Мутахассислар фикрича, карантин даври таълим тизимига ижобий таъсир кўрсатади ва уни глобаллаштиради.

Аммо халқимизнинг менталитетидан келиб чиқсак, юртимизда кундузги олий таълим учун тўлайдиган маблағдан бир неча баравар кўпроқ пулни абитуриент Гарвардда онлайн таълим учун тўламаслигини биламиз. Бизда бошқа жамиятлардан фарқли ўлароқ масофавий таълимга ишонч билдиришмайди. Чунки консерватив жамият тассаввурида масофавий таълим обрў ва юқори сифатдан йироқ. Лекин пандемиянинг таълим тизимимизга ижобий таъсири ҳам бўлди. Бу тизим мажбурий “модернизацияси”дан ўтишига тўғри келди. Бу ҳолат эса нафақат ёши катта устозларнинг, балки таълим муассасалари маъмурияти, шунингдек, ҳукуматнинг, ваколатли шахсларнинг позицияси, таълимга нисбатан консерватив муносабатлари ва ёндашувларининг  ўзгаришига сабаб бўлди.

Пандемиянинг яна бир тренди — бу масофавий меҳнат бўлди. Агар бу ҳолатга яхшилаб назар ташлайдиган бўлсак, бу биринчидан иш берувчи учун жуда фойдалилигини кўришимиз мумкин.

Чунки иш берувчи ходимлар учун иш ўринлари яратиш масъулиятидан ҳоли бўлади. Шу билан бирга ижара тўлови, коммунал хизматлар, бинони тозаликда сақлаш ишларига ҳам маблағ ажратмайди. Яъни, асосий ташкилий ва барча инфраструктура масалалари ўз-ўзидан ҳал этилади.

Экспертлар пандемиядан сўнг ҳам бу тренд “урф”да бўлишини башорат қилмоқда. Аммо Ўзбекистон шароитида бу масалада катта ўзгаришлардан умид қилиш керак эмас. Бир неча ойлик масофавий меҳнат ва карантин узоқ йиллар давомида шаклланган дунёқарашимизни ўзгартира олмайди ёки  ўзгаришлар тахмин қилинаётгандек кенг кўламли бўлмайди.

Карантин давридаги “ўзини яккалаш” тартиби барчамизни фаол китоб мутолаа қилишга, шу билан бирга, ўз устимизда ишлаб, янги соҳаларни ўзлаштиришга ундаган бир пайтда жамиятимиздаги тил билан боғлиқ муаммо, тўсиқларни ошкор қилиб қўйди.

Аҳолининг қўпчилиги рус ва инглиз тилини етарли даражада билмаслиги оқибатида, кўп фуқароларнинг “камбағал” ўзбек медиа-контентига, яъни, қиммат ва тезкорлиги талабга жавоб бермайдиган интернетга куни қолди. Бу ҳолатнинг битта яхши томони ёшларнинг хорижий тилларни ўрганишга бўлган иштиёқини оширди.

Воқеалар ривожининг яна бир йўналиши бу миллий медиа соҳасида ҳам кутилмаган ислоҳотлар рўй бериши мумкинлигидадир.

Башоратларга кўра, коронавирус устидан инсониятнинг мутлақ ғалабасидан сўнг информацион технологияларнинг динамик ривожланиши, кундалик ҳаётимизда унинг улуши ошиб, одамларнинг онлайн ҳаётга ўтиши кутилмоқда.

Ўзбекистон шароитида бу қанчалик хақиқатга яқин дейишингиз мумкин. Жавобимиз яна ўша-ўша. Биринчидан, воқеалар ривожи қарама-қарши томонга қараб кетиши ҳам мумкин. Иккинчидан, бу назариялар иқтисодий, ижтимоий ва технологик тагзаминига эга бўлиб, улар ривожланган мамлакатларга мисолида қилинган тахминлардир.

 Ўзбекистон шароитида бу фақат овқат етказиб бериш хизмати, маҳсулотларга онлайн буюртма бериш, интернетда реклама сегменти ривожланиши билан чекланиши мумкин. Лекин вирус аҳолининг мобиллашувига, биз учун ноодатий бўлган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларга нисбатан мослашувчанлик қобилиятига ижобий таъсир кўрсатди.

Коронавирус шубҳасиз, экологияга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Карантин даврида Хитойда ҳавонинг ифлосланиш кўрсаткичи кескин тушиб кетгани эътиборга молик. Бироқ, нафақат Ўзбекистон шароитида, балки бошқа мамлакатларда ҳам бу ижобий ўзгаришлар узоққа бормайди. Пандемия якунига етиши билан ҳаммаси яна ўз ҳолига қайтади.

Коронавирус бизнинг яна бир хусусиятимизни ошкор қилиб қўйди.

Бошқа мамлакатлардан яшаётган фуқароларимизнинг хориждан қайтиб келишига ижтимоий тармоқларда юртдошларимиз ижобий муносабат билдирмади. Бу ҳолат мамлакатимиз сиёсатчилари ва мафкурачилари учун бир чақириқ бўлиши лозим. Зеро мазкур ёндашув  ўзбекистонлик бўлган, чет элда истиқомат қилиб муваффақиятли фаолият олиб бораётган мутахассисларнинг давлатимизга ишончини пасайтириши мумкин. Ислоҳотлар даврида уларнинг тажрибасига муҳтожлигимизни эса инкор этиб бўлмайди.

Бироқ, бунга паралелл равишда мамлакат ичида фуқароларимизда бир-бирига бағрикенглик туйғулари уйғонганини ҳам эътироф этиш жоиз. Кўнгиллилар аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига ҳам моддий, ҳам руҳий мадад кўрсатди. Бу тажриба мамлакатимизда ривожланиб бораётган кўнгиллилар институти фаолиятини янги босқичда тараққий этишидан дарак беради.

         Коронавирус, шунингдек, янги ҳукумат олдида жиддий синов бўлиб, айрим соҳаларнинг фавқулодда ҳолатларга тайёргарлик борасидаги ҳолатини  кўрсатди. Аниқ мисол сифатида таълим тизимига янги замонавий технологияларни жорий этишни жадаллаштириш, тиббиётнинг моддий – техник базасини мустаҳкамлаш ва таъминоти борасида янги ечимини излайдиган саволларни ўртага ташлади. Пандемиядан сўнг  мазкур соҳаларни жиддий ислоҳотлар кутмоқдалиги аниқ. Бу воқеалардан сўнг аҳолининг тиббиёт ходимларига нисбатан муносабати ҳам ижобий томонга ўзгариши қувонарли, албатта.

Глобал иқлим ўзгаришлари натижасида дунёнинг кўплаб ҳудуларида рўй бераётган табиий офатлар республикамизнинг бир нечта ҳудудлари, хусусан, Бухоронинг Олот ва Қоракўл туманлари аҳолисига ҳам жиддий зиён етказиши ва бу борда кўрилган тезкор чора-тадбирлар ҳамда мазкур ҳолатга фуқаролик жамияти институтларнинг ҳам бефарқ эмаслиги жамиятда юзага  келган халқ ва давлат ўртасидаги  самарали мулоқотни кўрсатди.    

Эпидемиянинг кейинги ижобий таъсири давлат идоралари ва мансабдор шахсларнинг сиёсий маданияти ва касбий маҳоратини амалда намоён этди.

Брифинглар, очиқ мулоқот ва вазиятни юмшатишга қаратилган ижтимоий акциялар, соғлиқни сақлаш вазирлигининг фойдали тавсиялари ва тезкор ҳисоботлари, бир қатор давлат ташкилотларинг ҳамкорликда ишлаши — буларнинг барчаси биз учун ижобий тажриба бўлди. Мазкур йўналишда ОАВнинг масъулияти ва фаоллиги ўсганини ҳам албатта инобатга олиш зарур. Бундай тажриба давлат ҳокимиятини фаоллика, фуқароларни эса масъуллик ва дахлдорликка ундайди.

Иброҳим Жўрабоев,
ЎзМТДП Марказий кенгаши,
Ёшлар ишлари бўлими мутахассиси

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: