Партиялар ваъдасини бажарса

Яқинда “Yuksalish” умуммиллий ҳаракатининг сиёсий партиялар томонидан ваъда қилинган, аммо ҳалигача бажарилмаган режалар акс эттирилган инфографикаси тақдим этилди. Уни кўриб чиқар эканман, Халқ демократик партияси илгари сурган аёлларнинг уйда бола парвариши билан банд бўлган даврини тўлиқ меҳнат стажига қўшиш, “Миллий тикланиш” демократик партияси кўтариб чиққан 18 ёшга тўлмаган фарзанди бор аёлларнинг иш вақтини қисқартириш масалалари эътиборимни тортди. 

Бу борада аёлларнинг тўлиқ меҳнат стажига ҳеч бўлмаганда улар уйда биринчи ва иккинчи бола парвариши билан шуғулланган даври қўшилса, кейинчалик улар пенсияга чиқишида катта имтиёз бўлар эди.Аёлларнинг иш вақти масаласида ҳам давлат ташкилотида фаолият юритаётган аёл ҳамда каттаси бошланғич синф ўқувчиси бўлган, кичиги боғчага қатнайдиган икки фарзанднинг  онаси сифатида партиялар ўз олдиларига қўйган вазифаларини, албатта амалга оширишларини илтимос қилгим келди. Чунки биз аёллар иш жойимиздаги вазифаларни бажаришга ҳам, юрт келажаги бўлган фарзандларимизни тарбиялашга ҳам бирдай масъулмиз.Бундан сал олдин касбим тақозоси билан Мактабгача таълим вазирлиги уюштирган матбуот анжуманида қатнашдим. Шунда “Миллий тикланиш” демократик партияси ўз олдига вазифа қилиб қўйган бояги масала бўйича савол бердим.

Аммо вазирлик мутасаддиларидан: “Биз Меҳнат кодексида белгиланган қонун-қои­даларга аралаша олмаймиз, тарбиячиларнинг иш вақти ҳам худди сизники каби 18.00 гача!” деган жавоб олдим. Хуллас, вазирлик масъуллари тайинли фикр билдира олишмади. Шу боис мен: “У ҳолда  тарбиячиларнинг соат 17:00 дан бошлаб ишини тугатишга шайланишларини, 17.30 дан кеч қолсак, қовоқ-тумшуқларини солиб, ҳар хил таъна-дашномлар ёғдиришларини қандай баҳолайсиз?” дея бир оз тортишдим.Аслида бу муаммоларни партиялар тезроқ ҳал этишни ўйласа мақсадга мувофиқ бўларди. Шунингдек, Ўзбекистон Экологик партияси олдиндан ваъда қилганидек, республика аҳолисини 100 фоиз тоза ичимлик сув билан таъминлашга эришса, кўплаб юртдошларимизнинг ишончига сазовор бўларди. Чунки ҳар сафар аҳолининг кундалик ташвиш ва муаммоларини ўрганиб мақола тайёрлаётганимизда ҳамон ичимлик сувни ташиб келтираётган болаларни кўриб юрагимиз эзилади.

Халқимиз “Ваъдага вафо – марднинг иши” деб бежиз айтмаган. Демак, тез орада энг мард ва халқпарвар партияларнинг инфографияси ҳам тузилса, ажабмас!

Сайёра ҚОДИРОВА

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: