
Пенсионерлар лотерея чипталарини сотиб олишга мажбур эмас
Пенсионерларнинг ҳақига кўз олайтириш, ижтимоий нафақа пулига мажбурий тарзда лотерея чипталари сотиш каби нохуш ҳолатлар баъзан учраб туради. Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш агентлиги Сирдарё вилояти тузилмасига айнан шу масала бўйича мурожаат келиб тушган. Унда фуқаро Э.Н. “Халқ банки”нинг Гулистон филиали ходимлари томонидан ижтимоий нафақа пулларига мажбуран лотерея чипталари сотишаётганидан норози эканини баён этган.
Аслида банк хизматларини кўрсатиш жараёнида, пенсия ва нафақаларга мажбурий равишда лотерея чипталарини сотиш қонун билан қатъиян тақиқланган. “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 21-моддасида сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек, кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмаслиги белгилаб қўйилган.
Юқоридаги ҳолат юзасидан ҳудудий тузилма томонидан банкка сўров хати юборилган. Жавоб хатида Сирдарё вилоятида ижтимоий нафақа пулларини тарқатиш вақтида фуқароларга лотерея олиш таклиф этилгани тасдиқланган. Банкнинг Гулистон филиали ходими пенсия пулини тарқатиш вақтида фуқаро Э.Н.га икки дона лотерея чиптаси сотиб олишни таклиф қилган. Аммо пенсионер лотереяни олишни рад этган ва унга пенсия маблағлари тўлиқ тўлаб берилган. Ушбу ҳолат бўйича банк ходими Н.О.га меҳнат қонунчилигига асосан интизомий жазо чораси кўрилган. Келгусида бундай хатолар такрорланмаслиги учун банк ходимларига тегишли тушунтиришлар берилган.
Ирода МУХТОР қизи