Пневмонияда қандай табиий маҳсулотлар ўпка фаолиятини яхшилайди?

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳар бир инсон умри давомида тахминан 3 йил шаммоллаш ва турли респиратор хасталиклар билан оғрийди. Ёки бўлмаса, бу каби хасталиклар болаларни ҳар йили 10 маротаба, катталарни эса 5 марта безовта қилар экан. Бундан кўринадики, саломатлигимиз мустаҳкам бўлиши учун шамоллашга қарши курашиш, унга чалинмаслик йўлларини излаш жуда муҳим.

Қолаверса, барчамизга маълумки, бугунги кунда бутун дунёда коронавирус балоси ва унинг ваҳимаси кириб бормаган давлат қолмади, ҳисоб. Энг ёмони, бу хасталик айнан ўпка фаолиятига қаттиқ зарба бериши, кўпгина ҳолатларда беморда пневмония ҳолати кузатилиши, баъзида эса воқеалар ўлим билан якун топиши, инсониятни жиддий ташвишга солмоқда. Шу боис шифокорлар ўпка фаолиятини яхшилаш, оғир респиратор асоратлар (бронхитпневмония) ривожланиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олишда барчани эътиборли бўлишга чақирмоқда.

Касаллик қандай юзага келади?

Таъкидлаш лозимки, пневмония — ўпка яллиғланиши, ўпканинг инфекцион касаллиги, мустақил касаллик ёки бошқа касалликларнинг асорати ҳисобланади. Зотилжамни турли бактериялар (пневмококк, стрептококк, стафилококклар) ва вируслар қўзғатади. Касалликнинг юзага келиши ва ривожланишига одамнинг қаттиқ совуқ қотиши, ўта жисмоний ва руҳий толиқиши, организмнинг ички заҳарланиши — интоксикация ҳамда организмнинг касалликка қарши курашиш қобилиятини сусайтирувчи бошқа омиллар сабаб бўлади. Натижада юқори нафас йўлларига микроблар ўткир ва сурункали, жойига қараб чегараланган соҳалардаги ёки пневмония (ўпканинг бутун бир бўлаги зарарланади) ва ўчоқли бронхопневмония фарқ қилинади.

Сульфаниламид препаратлари ва антибиотиклар кашф этилгунча пневмония (айниқса болалар ва кексаларда) оғир ўтиб, кўпинча ўлимга олиб келар эди. Замонавий даволаш усуллари қўлланила бошлагач, касаллик узоққа чўзилмай, бемор тез тузаладиган бўлди.

Бироқ бугунги кунда коронавирус касаллиги туфайли кузатилаётган пневмония ҳолатини даволаш шифокорларга анчайин қийинчилик туғдирмоқда. Боиси айни пайтга келиб, дунёда бу хасталикни даволовчи аниқ дори воситаси ишлаб чиқилгани йўқ. Касалликнинг олдини олишга хизмат қилувчи ваксина эса ҳали тайёр бўлмаган.

Пневмонияда қандай даволаш усуллари яхши самара беради?

Одатда пневмонияда антибиотиклардан тўғри фойдаланишнинг аҳамияти катта. Салқин, тоза ҳаво уйқуни ва нафас олишни яхшилайди, шунинг учун бемор ётган хонани тез-тез шамоллатиб туриш муҳим. Ичимлик (чой, мева суви), суюқ овқат (шўрва, илитилган тухум, ширгуруч, сут, сариёғ, қатиқ, кефир, кисель) тез-тез бериб турилади. Бемор терлаганда қуруқ сочиқ, ароқ ёки тенг баравар сув қўшилган одеколон билан артилади. Қолаверса, ичи юришишига, сийдиги келишига қараб туриш зарур.

Агар вазият ёмонлашса ёки юрак-томир системаси яхши ишламаганда унинг фаолиятини кучайтирувчи дорилар буюрилади, бемор кислороддан нафас олдирилади. Шунингдек, беморнинг орқасига горчичник қўйилади, юрак-томир фаолиятини яхшиловчи ва балғам кўчирувчи дорилар тавсия этилади. Энг муҳими, касалликнинг олдини олиш учун, асосан, организмнинг умумий ҳолатини яхшилашга (чиниқиш, бадан тарбия), ёмон одатлар(чекиш, спиртли ичимликлар ичиш)ни тарк этишга, инфекция манбаларини йўқотишга ва турмуш шароитини яхшилашга қаратилмоғи лозим.

Ер қалампири (хрен) коронавирусни даволайдими?

Яқинда ижтимоий тармоқларда коронавирусга чалиниб, ерқалампир (хрен) ўсимлигидан даво топганлар ҳақида бир қанча хабарлар тарқалди. Мутахассис сифатида шуни айтишим мумкинки, дарҳақиқат, ушбу ўсимлик шифобахш ҳисобланади. Айниқса, ер қалампирининг хом ҳолида унинг таркибидаги фаол компонентлар антисептик хусусиятга эга бўлади. Шунингдек, бу маҳсулотда 16 фоиз углеводлар, 3 фоиз азот моддаси, бироз ёғлар мавжуд.

Яна унинг таркибида калий, кальций, натрий, олтингугурт, фосфор, темир моддаси ва бошқа шу каби минерал моддалар ҳамда фитонцид(табиий антибиотик)лар, хантал мойи, шакар, крахмал, қатрон, углеводлар, клетчатка (дағал толали модда), В гуруҳ витаминлари, РР дармондориси мўл. Ўсимликнинг янги узилган баргларида каротин моддаси кўп бўлади. Бу шифобахш ўсимликдан тайёрланган табиий дори воситалари яна плеврит (ўпка пардасининг яллиғланиши), миозит (мушаклар оғриганда) ҳамда бронхит (бронхлар яллиғланганда) ва қовуқда тош бўлса тавсия этилади.

Бу хусусиятлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, хренни коронавирус ва у туфайли организмда кузатиладиган пневмонияни даволашда халқ табобати воситаси сифатида қўллаш мумкин. Лекин беморда клиник белгилар яққол кўринаётган ва тана ҳарорати кўтарилган пайтда ер қалампири самарали ҳисобланмайди ва бу ҳолатда беморга фақат қўшимча тарзда ёрдам бериши мумкин холос.

Дилноза АБДУЛЛАЕВА,
олий тоифали шифокор

ДАРВОҚЕ: Олимларнинг фикрига кўра, карам маҳсулоти коронавируснинг янги штаммини ўлдира олади. Боиси ўтказилган тадқиқот натижалари якунида карам кўп истеъмол қилинадиган мамлакатларда коронавирусдан ўлим ҳолатлари камроқ бўлгани кузатилган. Хусусан, Германия ва Жанубий Кореяда инфекциядан ўлим кўрсаткичлари анчайин паст. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, карам таркибида коронавируснинг оғир кечишига халақит берадиган моддалар мавжуд. Тузланган карам таркибида эса антиоксидантлар мавжуд бўлиб, улар организмни патогенлардан ҳимоя қилади.

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Пневмонияда қандай табиий маҳсулотлар ўпка фаолиятини яхшилайди?

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: