Порахўр қариндошингиздан воз кечинг!

Сингапур давлатининг собиқ бош вазири Ли Куан Ю порахўрлик билан қандай курашган? У шундай ёзади: «Агар коррупцияни йўқ қилмоқчи бўлсангиз дастлаб ўзингизнинг энг яқин уч нафар дўстингизни фош қилинг. Сиз нимага шундай қилаётганингизни аниқ биласиз, улар ҳам худди шундай — нимага фош қилинганини аниқ билишади».

Сингапур давлати 1965 йилда мустақилликка эришгач, қисқа муддатда энг ривожланган мамлакатлар қаторидан жой олишига шубҳа қилганлар кўп бўлган. Аммо Сингапурнинг собиқ бош вазири Ли Куан Ю ўзининг «From Third World to First» китобида давлатнинг ривожланишига оид жуда кўп қимматли фикрларини ўртоқлашган. Вазирлик лавозимига келганида, дастлаб иш бошлаганида шундай ёзади: «Менда иккита йўл бор эди: биринчиси юртни талаш, қариндош-уруғларимни атрофимга йиғиш, уларга мансаб бериш, уларни «Forbes» (дунёнинг энг бой одамлари рўйхати эълон қилинадиган журнал) рўйхатига киритиш, бунинг эвазига халқни ҳеч нарсасиз қолдириш. Иккинчи йўл: ўз халқимга хизмат қилиш ва мамлакатни жаҳондаги 10 та энг ривожланган давлатлар сафига қўшиш. Мен иккинчи йўлни танладим». Ли Куан Ю ўзи ўйлаганидек, Сингапурни энг ривожланган давлатлар сафига қўша олди…

«Биз қароқчи билан курашишимиз керак!», «Биз оддий яшамайдиган одамлар билан, масалан, ўрганилмаган даромад билан шафқатсиз курашамиз!», «Сизларнинг уйингиз қамоқхона!», «Ҳа, ҳа сени қамашади — ва сен ўғирлик қилмайсан!», «Қандай қилиб ойликка данғиллама уй ва дача қуриш мумкин»… Рус режиссери Элдар Рязанов олган «Автомобилдан сақланинг» киносидаги қайнота Семён Василевич куёв Дима Семинцев порахўрлигига шама қилади ва очиқчасига ҳам айта олади. Аслида кинонинг мақсади ўғирликдан келган бойликни фош қилиши, порахўрликни қоралаш… Хўш бизнинг орамизда мана шундай Семён Василевичга ўхшаган қайнота-қариндошларимиз борми?  

Кинодан лавҳа

Қўшнингиз боғча мудираси ёки узоқ қариндошингиз. Уйига кирганингизда ёки борганингизда еб ўтирган, олдингизга қўйган таомлар боғчадан келтирилганини аниқ билгансиз. Ҳатто айтайлик озиқ-овқат маҳсулотларини сотишининг ҳам гувоҳи бўлгансиз, яъни болалар ҳақини ўмараётганини аниқ билгансиз, аммо индамагансиз.

Бирорта аёлни кўрдингизми эри порахўрлик қилаётганини билиб туриб мен сиз билан яшамайман ё мени денг ё порани денг деганини, эрини устидан ички ишларга шикоят ёзишини тасаввур қила оласизми?  Ёки бирор фарзандни кўрдингизми «ота мен сизнинг порахўрлигингиздан ор қиламан, ўртоқларим олдида уяламан, бизни пора билан боқаётганингиз учун» деганини.

Нега порахўрдан қочмаймиз.

Масалан, иши юришмаётган, оиласида бирор ишкал чиққан одамни тўйларимизга айтмаслигимиз, даврамизга қўшмаслигимиз мумкин, лекин порахўрнинг порахўрлигини билиб шундай қила оласизми? Аксинча, уйимизнинг тўри уларники.

Тўйимизга келса, меҳмондорчиликка келса сарполарнинг зўри уларники, камбағал одамга кийиб бўлмайдиган арзон сарпо қўйишимиз мумкин, аммо порахўр, айтайлик, порахўр раҳбарга кийимнинг асилини қўямиз. Чунки у ҳар нарсаниям назарига илмаслиги мумкин. Аслида, у сизнинг ўша кийимингизга зорми? Пули, бойлиги кўп, истаганини олиши мумкин. Аммо биз яна ўша порахўрга бераверамиз.

Порахўрни уйимизнинг тўрига ўтқазамиз.

Уйи, жойи йўқ, ижарама-ижара сарсон юрган бева, хокисор аёлнинг жойи албатта пойгада бўлади, аммо қулоғию бармоғи қўша-қўша узук таққан мудира тўрда ўтиради, аёллар унга ҳавас билан қарайди, билади, боғчани кемириб «семириб» ётганини, лекин ундан ҳазар қилмайди.

Аёллар эрлари пул топмаса ажрашиши, шикоят қилиши, нолиши мумкин, аммо топармон-тутармон, пора билан пул топиб келаётган эрдан аёлнинг шикоят қилганини, порахўрлигидан норозилигини кўрганмисиз. Ёки бирор отанинг ўғли катта ишда ишлаб дарровгина машиналик бўлганида машинанин қайси пулга сотиб олдинг, бу машинангдан ҳазар қиламан деб айтганини эшитганмисиз?

Оилада жамоатчилик назорати ўрнатилмас экан, порахўрлик ҳеч қачон тугамайди. Фарзандингиз ишдан кўтариб келган нарсангизга шубҳа билан «қаердан олдингиз, нега олиб келдингиз, буни қаердан олдингиз» деб сўрамаса, хотинингиз  «менга пора билан олиб берган тилла тақинчоқларингиз керак эмас, мен машина минмасам ҳам майли ҳеч кимни ўқишга киритманг» деб айтмаса, отангиз «ўғлим менга пора орқали тўплаган пулингга ҳажга жўнатишинг керак эмас», демаса порахўрлик ҳеч қачон тугамайди.

Камбағал бечорадан воз кечган қариндошлар кўпдир, лекин мансабда ўтирган айнан порахўр қариндошдан бирорта одамнинг кечганини эшитмадим. Аслида порахўрлардан ҳазар қилмаганимиз, очиқчасига айтмаганимиз, улардан воз кечмаганимиз уларга рағбат. Уларнинг мансабидан фойдаланиб, ишимизни битқазганимиз коррупция учун, порахўрликни ривожлантириш учун мотивация. Ҳа, ҳа… уларга биз оддий халқ мотивация берамиз!

Нега баъзида адолат қарор топмайди.

Чунки жиноятчи — ўғри, фоҳиша, одам ўлдирганнинг отаси, онаси ёки қариндоши судяга, адвокатга, ички ишлар ходимларига пул, яъни пора таклиф қилади — жиноятчи фарзандини қамоқдан қутқариб қолиш учун. Нимага ўша пайти ота ёки она фоҳиша қизини «қамалиб кетаверсин» демайди, каллакесар, ўғри, муттаҳам фарзандини «менинг бундай фарзандим йўқ, қамоқда чириб кетсин» демайди. Пора таклиф қилиб, қандай бўлса-да жамиятга зиёни тегаётган яқинини қутқаргиси келади. Айтинг-чи, жиноятчидан нафратланиш, қамоққа кетишини оқлаш ўрнига уни олиб қолиш, хаспўшлашга уринган яқинларининг порахўрдан қаери кам? Фарзандининг билимсизлигини била туриб, пора билан бўлса-да ўқишга киришини хоҳлаган ота-онанинг порахўрдан қаери кам?

Сиз яшаётган данғиллама уй, бойлик, машина, қатор-қатор участкалар, дачалар, тилла тақинчоқлар, фарзандингизнинг катта пулли ўқишларда ўқиши ниманинг ҳисобига келган? Агар пешона терингиз билан топган пулингизга келган бўлса, тадбиркор бўлсангиз, ҳалол  топган бўлсангиз қандингизни уринг… Лекин, масалан, ректорнинг ойлигига дачалар қуриш мумкинми? Прокурорнинг ойлигига озгина фурсат ичида данғиллама уйлар қуриб, данғиллама тўйлар қилиш мумкинми? Порахўрлардан нолиймиз, коррупцияга қарши курашмоқчи бўламиз, аммо қандай қилиб?

Ўша порахўрликда, сиз нолиётган ўша коррупцияда сизнинг, менинг, бизнинг ҳиссамиз бор.

Чунки улар сизнинг, менинг, бизнинг яқинларимиз, қариндошларимиз, дўстларимиз, қўшнимиз. Биз улардан ҳазар қилмаяпмизми, биз улардан воз кечмаяпмизми, биз уларнинг қинғир ишларидан истиҳола қилмай кўз юмаяпмизми, демак коррупция ҳеч қачон йўқолмайди…

Яна ўша Сингапур давлатининг собиқ бош вазири Ли Куан Ю порахўрликка қандай барҳам берганини эслаймиз: «Агар коррупцияни йўқ қилмоқчи бўлсангиз, дастлаб ўзингизнинг энг яқин уч нафар дўстингизни фош қилинг». Майли, фош қилишни, қамашни, қўлга олишни тегишли органларга қўйиб берайлик, агар сиз коррупцияни енгмоқчисизми лоақал битта мансабдор, порахўр қариндошингиздан кечинг, ҳазар қилинг… Лоақал, лоақал порахўр фарзандингиз олиб келаётган луқмадан юз ўгиринг.

Барно Султонова,
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси ходими.

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: