ПРЕЗИДЕНТ ГАЗЕТА ЎҚИЯПТИ сиз-чи, жаноб вазир

Олимжон ЎСАРОВ, журналист, юрист 
(Facebook саҳифасидан олинди)

Бугун эрталабдан таҳририятимизда бир масала юзасидан жўшқин фикр-мулоҳазалар бошланди: “Президент столи устида қайси газеталар турибди?”“Биринчиси, аниқ, “Янги Ўзбекистон”, қолганлари-чи?”, деди дизайнеримиз Муҳриддин Ҳамроев.

Журналист Феруза Эгамова “иккинчиси, “Халқ сўзи”, деди ишонч билан. Зебунисо Ҳайитова эса ҳаммасимизга хуш ёқадиган сўзни айтди: “Учинчиси “Нуроний” газетаси”!Худди ҳаммамиз шу гапни кутиб тургандек, беихтиёр чапак чалиб юбордик.Тўғриси, Президент столида турган учинчи газета қайсилигини билолмадим. Аммо мени мамнун этган энг муҳим жиҳат, Президентимизнинг иш столида айнан ГАЗЕТАЛАРнинг тургани!

“Газеталарнинг умри тугади” дея фол очаётган айрим билоғон жанобларга айтмоқчиман: яхшиси, Сиз ҳам Юртбошидан ўрнак олинг! Ҳеч бўлмаса, “Ишонч”ни, “Нуроний”ни, агар кундалик одатга айлантирсангиз, “Янги Ўзбекистон”, “Халқ сўзи”ни ўқинг.

Яқинда “Тонг юлдузи” болалар нашрида ишлайдиган ҳамкасбим айтиб қолди: вазирлик мактабда ўқувчиларнинг обуна бўлишини таъқиқлабди. “Электрон газета чиқаринглар” дебди ва шу билан жаҳон матбуотшунослигида янги атама яратибди. Ҳар тугул шу кунгача матбуотшунослик илмида “Электрон газета” деган тушунча йўқ эди-да.

Очиғи, вазирликнинг бу талабини тушунмадим. Негаки, шу вазир ҳам, бошқа вазирлар-у амалдорлар ҳам, амали йўғ-у саводи зўрлар ҳам ўз вақтида шу газетани ўқиб, вояга етганмиз. Ана, яхши ўқиганлар вазир, депутат, амалдор бўлди. Кам бўлмади!

Фарзандларимизга шу газетани ўқи, тенгдошларинг ҳаёти, орзу-истаклари, ижоди ва интилишларини билиб борасан, десак, нимаси ёмон? Ахир у мурғак қалб, нимани ўқиш, нимани ўқимаслик кераклигини қаердан билади? Унга йўл-йўриқ кўрсатсак, тавсиялар берсак ёмонми? Бир кун келиб, у ҳам ВАЗИР бўлар! Ё фикрим нотўғрими?Келинг, болалар нашри “электрон газета” бўлди ҳам дейлик. Уни болаларимиз қандай қилиб ўқийди?

Жаноб вазир мамлакатимиз бутун ҳудудида интернет мавжуд ёки барча оилаларда компьютер бор ёхуд кунлаб электр узилишлари бўлса ҳам, компьютер, интернет ишлайверади, деб ўйлайдими? Яна бир масала, болалар қўлига тутқазилган интернетда “электрон газета”ни ўқиса яхши-я, аммо бошқа нобоп нарсаларга қизиқиши ортиб кетмаслигига кафолат борми?

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: