Прокуратурадан депутатга чора кўриш сўралмоқда

Аслида депутат аҳолининг турли шикоятлари-ю, мурожаатларини ўрганиб, ҳал этадиган шахс. Бироқ депутатнинг устидан прокурорга шикоят тушса, қизиқ бўларкан… 

Тошкент шаҳар 5-“Фозилтепа” сайлов округи депутати, ЎзЛиДеП Учтепа туман Кенгаши раиси Ҳакимов Улуғбек Асатуллаевич устидан туман прокуратурасига бир эмас, иккита шикоят аризалари келиб тушган. Улардан бирини ЎзЛиДеП Учтепа тумани Кенгаши Депутатлик гуруҳи билан ишлаш бўйича ижрочи котиби, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ёрдамчиси ёзган. Унинг қайд этишича, уни ЎзЛиДеП Учтепа туман Кенгаши раиси Улуғбек Ҳакимов куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилган. Ижрочи котиба бунинг учун депутатга чора кўрилишини сўраган.

Кейинги ариза эгаси – ЎзЛиДеП Учтепа туман Кенгаши раиси ўринбосари эса Улуғбек Ҳакимов ўз мансаб ваколатини суистеъмол қилаётганини таъкидлаган. Шикоятда ёзилишича, Кенгаш раиси ўринбосарининг ҳам шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилиб, депутатлик одоб-ахлоқ қоидаларини қўпол равишда бузган.

Депутатни халқ сайлар экан, бунда аввало номзоднинг қайсидир намунавий ишлари, ташаббуслари учун овоз беради. Аммо, бошқаларга ўрнак бўлиш у ёқда турсин, ўз тили, хатти-ҳаракатларини жиловлай олмайдиган депутатлар ҳам бор. Оппоқ кўйлак ва галстук ортида яширинган маънавиятсизлик эса депутатни халқнинг ишончли вакили мақомидан тушириб, қарғишига дучор қилиши ҳеч гап эмас. Шу сабаб баъзи депутат акаларга, ҳушёр бўлинг, дегимиз келди.           

Сайёра ҚОДИРОВА

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: