Пушкин карантинни қандай ўтказган?

Александр Сергеевич Пушкин ҳам ижодкор инсон сифатида юқумли касалликлар муносабати билан эълон қилинган карантиндан қандай унумли фойдаланиш мумкинлигини намойиш этган. Унинг шу пайтда яратилган асарлари билар танишар экансиз, бежиз рус шеъриятининг қуёши, деб нисбат берилмаганлигини ҳис этасиз. “Болдино кузи” деган ибора эса шоир ижодининг энг сермаҳсул даврларидан бирини номлаган.

Аввало шуни айтиш кекракки, Нижний Новгород губерниясининг Арзамас уездида жойлашган бу қишлоқ Пушкинлар сулоласига бир неча асрдан бери тегишли бўлган. Уни илк бор Русь подшоҳи Иван Грозний  Литва ва Польша қўшинларига қарши жангларда ўзини кўрсатган аскарбоши ва бояр  Евфстафий Пушкинга 1585 йилда ҳадя этган. Шу-шу аждодлардан аждодларга ўтиб, ўн саккизинчи аср охирида мол-мулк шоирнинг отаси Сергей Львович ихтиёрига берилган. У эса кейинчалик ўғли Александрга мерос сифатида тақдим этган.

1830 йил ёзида шоир Наталья Гончарова билан бўладиган никоҳ тўйига тайёргарлик ишлари билан банд бўлади. Шундан сўнг орада озроқ дам олиш учун биз юқорида тилга олган Болдинога жўнайди. 3 сентябрда у аждодларидан қолган қишлоққа етиб келади ва ҳовли четида қад кўтарган бир қаватли уйга жойлашади. Унинг қўлида бўш пайтида мутолаа қилишни мўлжаллаган бир нечта китоб  бор эди, холос.

Орадан уч ҳафта ўтгач, яъни у қайтишни режалаштирган пайтда Москва атрофларида вабо тарқалганини ва шу муносабат билан бутун мамлакат бўйлаб карантин эълон қилинганини эшитиб қолади. Нима қилиш керак? Дастлаб у қандайдир йўллар орқали Москвага етиб олишга ҳам уринади. Бироқ ҳамма ерда ҳаракат тақиқлангани саабабли бунинг уддасидан чиқа олмайди. Пушкин тақдирга тан беради ва қишлоқда қолади. Энди номуайян муддат давомида ўзига машғулот топиши керак эди. У албатта, ижодни танлайди. Бунга балки қатор дўстлари шоирни охирги пайтда дангасаликда айблаб, кам ёзаётганини юзига солишгани ҳам сабаб бўлгандир. Мажбурий-ихтиёрий “ўзини яккалаш” эса 29 ноябрга қадар давом этади.

Бўлажак рафиқасига ёзган мактубларида тан олганидай, шоирнинг  ўша кунлари бир хилда ўтган. Яъни, эрталаб соат еттида уйғонган, оз-моз қаҳва ичган ва ижодга шўнғиган. Бу жараён соат учларгача давом этган. Кейин отда сайр қилган, бешларда эса ювиниб, тушлик қилган. Сўнг кечки тўққизга қадар  ўқиш билан банд бўлган. Унинг ихтиёрида Милман, Боулз, Уилсон ва Барри Корнуоллнинг шеърий тўпламлари, шунингдек, Кольриж, Шелли ва Китснинг битта китобга жамланган асарлари ҳамда Николай Полевой қаламига мансуб “Рус халқи тарихи”нинг иккинчи жилди ва Жан-Полнинг афоризмлар антологияси ҳам бор эди.

Орада у қишлоқдаги деҳқонлар билан бир-бир суҳбат қурар, уларнинг ҳаёти билан қизиқарди. Бунда халқ тилини, ундаги шева ва лаҳжаларни ўрганишни ўз олдига мақсад қилиб қўйганди. Шунингдек, дунё хабарларидан воқиф бўлиш учун яқин атрофда яшайдиган княгиня Голицина ҳузурига ташриф буюриб турарди.

Энди ижод масаласига келсак, Пушкин биринчи навбатда “Евгений Онегин” шеърий романини якунлашга муваффақ бўлади. 25 сентябрда унга сўнгги нуқта қўйилади. Бу асарнинг дастлабки мисралари 1823 йилда Кишинёвда битилганди. Таниқли рус адабий танқидчиси В. Белинский таъбири билан айтганда, “рус ҳаётининг қомуси” ҳисобланмиш бу асар устида шоир дам ўта берилиб ишлаган, дам уни четга суриб қўйиб, катта-катта танаффуслар олган. Албатта, орада ҳаётда жиддий ўзгаришлар бўлиб турганки, улар Пушкин эътиборидан четда қолмаган. Муаллиф ўзининг Онегин ва Татьяна, Ленский ва Ольга каби қаҳрамонлари тимсолида ўша даврнинг  ижтимоий-маданий ва маиший муҳитини юксак  маҳорат билан тасвирлаган. Боз устига мазкур асар рус адабиётидаги илк шеърий роман ҳисобланади.

Шуниси диққатга сазоворки, шоир “Евгений Онегин”ни ниҳоясига етказиш билан бирга бошқа асарлар устида ҳам ишлайверади. Масалан, шу кунлари у ўттизга яқин шеър ёзади. Айни вақтда “Белкин қиссалари” ўта тезкорлик билан битилади. Унда муаллиф воқеликни эмас, балки масалаларнинг моҳиятини баён қилади, рамзий сюжетларни келтиради.

Яна бир эътиборли жиҳат – вабо туфайли юзага келган карантин ва бошқа чеклов ҳам шоир ижодига таъсир ўтказмай қолмайди. Шу даврда у “Кичик фожеалар” сарлавҳаси остида бирлаштирилган қатор насрий асарлар ҳам битади. Улар ўқиш учун мўлжалланган пьесалар бўлиб, жами тўртта: “Хасис рицарь”,  “Моцарт ва Сальери”, “Тош меҳмон” ва “Ўлат пайтидаги базм”.  Таниқли шоира Анна Ахматова қайд этганидай, ахлоқ масалалари жаҳон шеъриятидаги биронта асарда Пушкиннинг “Кичик фожеалар”идагидай кескин қўйилмаган.

“Ўлат пайтидага базм”ни олайлик. У шотланд шоири Жон Уилсоннинг  “Ўлат шаҳри” пьесаси бир қисмининг насрий баёни ҳисобланади. Бироқ масалага Пушкин шундай маҳорат билан ёндашганки, одам ўзининг инсонийлик қиёфасини ҳеч қачон йўқотмаслиги кераклиги ҳақидаги фалсафий мушоҳадалар ўта таъсирчан ва фалсафий чиққан.

Эсласангиз, биз аввалроқ шоирнинг ёнидаги китоблари орасида Барри Корнуоллнинг шеърий тўплами ҳам бўлганлигини қайд этгандик. Айнан мазкур муаллифнинг ҳажман кичик “Драматик саҳналар”и Пушкинни илҳомлантирганини қатор адабиётшунослар таъкидлайдилар. Бу асарларда қатнашадиган қаҳрамонлар кўпчилик эмас, аксар ҳолларда икки киши холос. Бутун моҳият уларнинг монологлари орқали англашилади. Худди шундай йўналиш “Белкин қиссалари” туркумидаги “Тобутсоз” асарида ҳам кўзга ташланади.

Шундай қилиб, Болдинодаги карантин даври Пушкин ижодида катта из қолдирди. Ҳозир мазкур қишлоқда шоир номидаги адабий-хотирий ва табиий музей-қўриқхонага айлантирилган. Бу ердаги бино ва иншоотларда ўн тўққизинчи асрнинг ўттизинчи йилларидаги турмуш манзаралари ўз аксини топган. Бу ер ҳамиша улуғ шоир ижодининг мухлислари бўлган зиёратчилар билан ҳамиша гавжум.

                                                 Нурбек АБДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон Журналистлар
ижодий уюшмаси аъзоси

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: