Эртага сизни қариялар уйига топширишади

Ижтимоий тармоқларда Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев 26 февраль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида айрим ота-оналар болаларини меҳрибонлик уйларига бериш орқали ўзларининг муаммоларини ҳал этишга уринаётгани ҳақидаги мақолага кўзим тушди.

“Ҳамма нарсаси бор бўла туриб, фарзандини меҳрибонлик уйларига бериб юборганлар ҳам бор. Масалан, Самарқанд вилоятининг биргина Паст Дарғом туманида кам таъминланган оилаларнинг 34 нафар боласи меҳрибонлик уйига топширилган. Бу – республика бўйича битта туман миқёсидаги энг катта кўрсаткич.

Кам таъминланган оила фарзандлари аслида бир йилга жойлаштирилади, лекин амалда улар йиллар давомида қолиб кетишмоқда. Шу сабабли, бундай оилаларнинг фарзандларини, шунингдек, отаси ёки онаси ҳаёт бўлган етимларни оиласи бағрига қайтариш чорасини кўришимиз керак. Чунки ота-онаси тирик бўла туриб, уларнинг фарзанди меҳрибонлик уйида юриши халқимиз учун уятли ҳолат ҳисобланади”, дейди вазир ўринбосари.

Бу маълумотлар бир она сифатида юрагимга оғир ботди. Қайси юз, қайси виждон билан ўзи тирик бўла туриб дилбандини етимхонага ташлаб кетиш мумкинлигини ҳар қанча уринмай ҳазм қила олмадим. Бу борада иқтисодий қийинчиликни сабаб қилиб келтиришни ҳеч қачон оқлай олмайман.

Уруш йилларида жанг кетаётган ҳудудлардан кўчирилган тили, миллати бошқа бўлган болаларни етимхонадан ўз тарбиясига олиб, меҳр кўрсатган меҳридарё инсонлар бизнинг боболаримиз, момоларимиз эмасмиди!

Бир дарсликда ўқигандим: эвакуация қилинган болаларни уларни қабул қилиши керак бўлган манзил имконияти йўқлиги боис тарбияга олишни рад этганида поезд эшелони Барнаул шаҳрида туриб қолади. Бундан хабар топган Тошкент расмийлари болаларни бизга жўнатинг, деб телеграмма юборади. Айтингчи, ўша чоғда ортиқча бир бурда нонимиз бўлганмиди?!  

“Жиззахдаги меҳрибонлик уйида 17 нафар тарбияланувчи қизлар билан гаплашганимда 4 нафари чин етим, қолганларининг ё отаси, ё онаси, ё ҳар иккиси ҳаёт экани маълум бўлди.

Масалан, 10-синфда ўқиётган қиз “Мени меҳрибонлик уйидан чиқариб юбормай туринглар, битирганимдан кейин имтиёз оламан, ота-онам шу ерда яшаб тур деяпти”, деб айтди. Бир ота-она фарзандини меҳрибонлик уйи қабул қилмаётганидан шикоят қилиб келди. “Биз Россияга ишлашга кетяпмиз, унгача боламиз меҳрибонлик уйида бўлиб туради, битиргандан кейин унга уй-жой берилади, шундан кейин деярли ҳамма муаммомиз ҳал бўлади”, деб айтяпти. Айрим ота-оналар қанчаликка боришаётганини кўряпсизларми?”, дейди вазир ўринбосари.

Биринчи фарзандимни боғчага бергач, ишга тушаётиб, раҳбардан боғчага улгуришим учун вақтлироқ кетишга рухсат сўрадим. Ишдан боғчага югуришимни кўриб юрган ҳамкасб аёллардан бири айтиб қолди: “Санатория типидаги боғча-интернат бор экан, бола ҳафтада бир марта шанба куни уйга олиб келинади. Менинг синглим болаларини ўша ерга берган. Сиз ҳам берсангиз югуриб юрмасдингиз. Бемалол бўлардингиз, уйга келиб дам олардингиз”, деса бўладими?!  Ҳушим бошимдан учиб кетай деди, юрагим орқага тортди.

“Ҳозирги ойлигимга ўн баравар қўшиб берсаям боламни ундай жойга бермайман”, дедим қатъий қилиб.

Бундай жойга фарзандини гўдаклигида топширишни нормал қабул қиладиган ота-оналар, эртага болалари уларни қариялар уйига топширишса, саволга ўрин қолмайди, назаримда. Бу мавзуда мен ана шу нуқтаи назардан тафаккур қиламан. Чунки бола ота-она меҳридан мосуво бўлиб ўсади. Ҳар куни ота-онаси қучиб бағрига босмаса, сочини силаб эркаламаса, дийдаси қаттиқлашиб бораверади.

Бир қўшним бор. Болалари болаларим тенги. Ўсмир ёшдаги бу ўғил-қизнинг ота-онаси уларни бобо ва бувига қолдириб, ўн йилдан ошибдики, Россияда ишлайди. Йилига бир марта ё келади, ё келмайди. Олдин уй-жой, кейин машина, ундан сўнгра энг сўнгги урфдаги мебель ва маиший техника жиҳозлари билан уйни тўлдириш…

Ҳа, энди болаларига қарашса керак, десам, йўқ. Яна эр-хотин жўнаворишибди. Қайнона бўлмишга: “Ҳеч бўлмаса келинингиз қолса бўларди болаларининг олдида, балоғат ёшида бўлса булар”, десам: “Шу сафар келин қолмоқчийди, лекин ишхонасидан чақиртиришди, жойимга одам олиб қўймасин деб, яна кетди”, дейди. Улар кетишганида кичик невараси 2 ёшда эканини, ўзи катта қилганини айтади момо.

Сочини калта кестириб, сап-сариққа бўяб олган бу келиннинг фикрлаш доираси мени жуда қизиқтиради. Оналик масъулияти деганда, у аёл нималарни тушунаркан?! Чунки у йиллар давомида болаларининг улғайишини, дарсларни ўзлаштиришини, қувончу ҳадикларини кўрмади. Яна тўрт-беш йил хорижда ишлаб туришса, қиз узатиладиган, ўғил уйлантириладиган бўлиб қоларкан…

Улар бир-бирига қачон меҳр беришади?! Қачон жиҳозланган ҳашаматли уйида бир оила бўлиб яшар эканлар?!

Меҳр моддиятдан, оқибат молу дунёдан устун! Асрлар давомида шаклланган оилавий ва миллий қадриятларимиз шунга ишора беради. Ана шу гўзал ва эзгу қадриятларимизни улуғласак, авлоддан авлодга ўтказа олсак, болалар ва қариялар уйларига асло эҳтиёж қолмайди!

Меҳр — кўзда, дейдилар. Бу ҳикматни унутиб, дийдаси қаттиқ авлодлар жамиятини пайдо қилмайлик!

Феруза ЭГАМОВА,
журналист 

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: