«Қирол» Артур Григорян

Бокс халқаро майдонларда юртимиз байроғини энг кўп кўкларга кўтарган спорт тури десак, муболаға бўлмайди. Мустақилликдан сўнг Муҳаммадқодир Абдуллаев, Руслан Чагаев каби бокс юлдузларига эга бўлган ўзбеклар мунтазам жаҳон ареналарида рақибларини “юракларини олиб қўйишганди”. Бироқ шундай боксчи борки, у бутун ўзбек боксида туб бурилиш ясай олган. Бу инсонни ўзбек бокс қироли дейишимиз мумкин. Бу спортчи — Артур Григорян.

 Боксга кириб келиши, мураббийи, муваффақиятлари

“Қирол” Артур 1967 йил 20 октябрда Тошкент шаҳрида туғилган. Григорян 11 ёшидан бошлаб, Лив Аҳмеджонов мураббийлига бокснинг сир-асрорларини ўргана бошлайди. Унинг дастлабки муваффақияти 1990 йилда АҚШда ўтказилган “Яхши ният ўйинлари” мусобақасига тўғри келади. Артур ўшанда шоҳсупада барчадан юқорига жойлашган ва ҳатто бу йўлда Профессионал боксда ўз номига эга бўлган Шейсн Мосли ва Хулио Гонсалесларни таслим қилганди. Мамлакатимиз мустақилликка эришган йил Сидней мезбонлик қилган Бокс бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этади ва кумуш медални қўлга киритади. Орадан бир йил ўтиб, МДҲ биринчилигида юқоридан жой олади.

Артур Григорян 1994 йилда профессионал боксга кириб келади. У  “Universum Box Promotion” компанияси билан шартнома имзолаган ҳолда Клаус Петер Коля бошчилигида жангларга тайёрлана бошлайди. Қиролнинг профрингдаги дебют жанги 1994 йил 10 апрелда Германияда ўтказилади. Ўша жангда у aмерикалик Хуан Туббсни иккинчи раунддаёқ нокаутга учратади. Шундан сўнг у 3 ойнинг ўзида тўрт бор жанг ўтказиб, барча рақибларини, шу жумладан, nуркиялик Центурк Ўздеримни мағлуб этиб, Германия чемпионлигини қўлга киритади.

1995 йил 1 апрель санаси Артурнинг ҳаётида яна бир унитилмас кун сифатида муҳрланиб қолади. У ўшанда енгил вазнда WBО  интерконтинентал камари учун рингга кўтарилади ва рақибини саккизинчи раунддаёқ нокаутга учратади. Кетма-кет ёрқин ғалабалар Артур Григорянга WBO камари учун рингга чиқиш имкониятини яратади.

Григорян 1996 йилнинг 12 апрель санасида Германиянинг Гамбург шаҳрида WBO камари учун венесуелалик Антонио Риверага қарши рингга кўтарилади. Бу унинг профессионал боксдаги ўн тўққизинчи жанги бўлиб, Артур шу кунгача ўтказган барча жангларда рақибларини ерга қулатганди. Жанг жуда ҳам шиддатли ва қизиқарли кечади ва якунда Артур якуний баллар эвазига камарга эга чиқади. У шу тариқа Ўзбекистон тарихида профессионал боксда илк олтин камарни қўлга киритган боксчи сифатида тарих зарварақларидан ўрин олади.

Шундан сўнг “Қирол” Артур бу камарни 17 та жангда муносиб ҳимоя қилади. 2004 йилга келиб, 18-ҳимоя жангида мағлубият нималигини билмай келаётган Аселино Фрейтасга қарши рингга кўтарилади. Ушбу жанг сценарийси Риверага қарши жангни эслатиб юборарди. Фақат якунда очколар ҳисобига кўра, Артур мағлуб бўлади. Ушбу жангдан сўнг яна икки бор профбоксда рингга кўтарилади ва шундан сўнггина қўлқопларини михга илади.

2004 йилда фаолиятини якунлаганидан сўнг профбоксда шартнома имзолаган “Universum Box Promotion” клубида ёшларга бокс сир-асрорларини ўргата бошлайди. Мураббийлик фаолияти давомида Денис Бойцов, Себастян Збик, Рахим Чахкиев ва Руслан Чагаев каби боксчиларни тайёрлайди.

 «Қирол»нинг армони

 У деярли барча мусобақаларда ғалаба қозонди. Рақиблар унинг номини эшитишлари биланоқ оёқлари қалтирай бошларди. Бироқ бир кам дунё дейишади. Инсон доим ҳам ўзи мақсад қилган ишларини амалга оширавермайди.Артурда ҳам бир катта орзуси бор эди. Аммо у орзу армон бўлиб қолди. Бу Олимпияда чемпионлиги. Артур 1992 йилда Барселонада ўтказилган ёзги олимпияда ўйинларида иштирок этган ва муваффақиятсизликка учраган, шунинг аламига ҳаваскор боксдан кетиб, профессионал боксга кириб келганди. Унинг: «Ҳар бир чемпионликнинг ўз ўрни бор», деган сўзларидан билиш мумкинки, олимпияда шоҳсупаси у учун қанчалик қадрли эканлигини. Нима ҳам дердик, сен ўзбек боксини дунёга танитишда катта ҳисса қўшдинг, сен қаҳрамонсан “Қирол”.

Сухробжон Садрий

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: