Қопқоқ излаган болалар

“Нуроний” газетасининг ҳар бир сонини кузатиб бораман. “Донишмандлик фасли”, “Мулоҳаза учун мавзу”, “Ҳикматли дунё”, “Дилдаги гаплар” рукнида бериб бориладиган мақолалар фикрлашга ундайди. Бу гал севимли нашримнинг 43-сонида долзарб мавзуда мақола эълон қилинибди. Журналист “Қопқоқ ичида нима бор?” дея асл мақсади маҳсулотини кўпроқ сотиш бўлган ва бу йўлда турли “ўйинларни” ўйлаб топаётган ичимлик ишлаб чиқарувчиларига мурожаат қилибди.

Дарҳақиқат, қопқоқ ичида нима бор? Ҳеч нарса. Таъкидланганидек, ғирром маркетингнинг бир кўриниши бу.

Мақолада “SmileTea” ичимлигини кўп марта сотиб олиб, унинг қопқоғи ичидан ютуқли ҳарфларни териб, айтайлик, планшет ёки велосипед сўзларини ҳосил қилиш лозим, шундагина ўша ютуққа эга бўлинарди.

… Бола эса бола-да, унинг велосипед ҳайдагиси, планшет кўтариб юргиси келади. Аммо истагини ота-онасига айтишга ботина олмайди. Энг тўғри йўл “Smile” ютуқли акциясида иштирок этиш, деган ўйга боради” каби жуда тўғри, мулоҳазали фикрлар билдирилган. Аммо энг ёмони шундаки, фарзандларимиз ахлат титадиган бўлиб қолишди.

Бир куни набирам Анваржон дўстлари билан футбол ўйинига отланди. Бироз ўйнасин дея дадаси рухсат берибди. Шу куни Анваржон уйга кеч қайтди. Ўйинга чалғиб қоронғу тушганини пайқамай қолганини баҳона қилди. Кейин бу ҳолат ҳар куни так­рорланадиган бўлди. Набирамнинг ортидан боришга аҳд қилдим. Қарасам, ўртоқлари билан ариқлар, бекатлар ёнидаги ахлат қутиларидан қопқоқларни йиғиб юришибди. Бу ҳам етмагандек, кўп қаватли уйларнинг ахлатхоналарига ҳам киришаркан…

Аввало, “айб ўзимда шу зорманда ичимликни олиб берсам, кўча-кўйда тентирамасди” деб ўзимни койидим. Бироқ дўкондаги борини олсак ҳам қопқоқ ичидан ваъда қилинган совғалар чиқмаслиги аниқ-ку. Буни болаларга тушунтириб бўлармиди? Айтсак ҳам улар ишонмайди.

Хўш, нима қилиш керак?  Ичимлик ишлаб чиқарувчилар, маҳсулотга реклама тайёрловчиларни танқид қилиш фикридан йироқман. Аммо ойнаи жаҳон орқали тинимсиз кўрсатилаётган роликлар биз истаймизми-йўқми, болаларимиз онгида сақланиб қолишини унутмаслик даркор. Демак, реклама ва турли акцияларни эфирга узатишдан олдин, унинг моддий фойдасини эмас, маънавий таъсири ҳақида мулоҳаза қилиш керак.

Дилбар ҚУРБОНОВА,
Тошкент шаҳри

Фикр билдириш