Қош қўяман деб, кўзингиздан айрилиб қолманг!

Ким нима деса десин-у ижтимоий тармоқларнинг салбий жиҳатларидан кўра, ижобий томонлари кўп бўлаётганини ҳар куни, ҳар дақиқада кўряпмиз, эшитяпмиз.

Мисол учун, номаълум йўловчи томонидан кутилмаганда олинган қинғирлик тасвири бирпасда дунёни айланиб чиқяпти. Ёки қайсидир ташкилот томонидан оқибати ўйланмай чиқарилган қарорга тегишли идора ёки аҳолининг реакцияси ундан-да тезкор бўляпти.

Масалан, яқинда пенсионерларга “Humo” карталари мажбуран “тиқиштирилгани” ва орадан кўп ўтмай, бу қарор етарлича муаммоларни келтириб чиқараётгани ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларни “ёндирди”. Қарабсизки, танганинг орқа томони ҳам борлигини унутган тегишли идора тезда “Humo”ни “Uzcard”га алмаштиришга киришди.

Куни кеча ижтимоий тармоқларда Ғазалкент шаҳрида жойлашган “Хотира” майдонидаги “Мотамсаро она” ҳайкали устига чиқиб олиб, уят сўзлар билан бақир-чақир қилган фуқаронинг қилиқлари аҳолининг кескин норозилигини келтириб чиқарди. Ёки ўзининг профилидан ўзбек тили ва миллатини камситувчи фикрларни қолдирган самарқандлик “ватандош”имизнинг хабари бутун ўзбекистонликларнинг “қонини қайнатди”.Бугун эрталабдан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг айни ҳолатларга нисбатан тезкор ҳаракатини ўқиб хурсанд бўлдик. Қинғирликларни қилиб, узр сўраётган “кун қаҳрамонлари” жазосини олибди.

Яна бир мисол. Бугундан бошлаб Тошкент шаҳридан Нукус, Урганч, Термиз шаҳарларига авиақатновлар тиклангани, “Афросиёб” тезюрар поезди ҳамда Фарғона водийсига темир йўл қатнови қайта йўлга қўйилгани маълум қилинган эди. Лекин йўлга отланган йўловчилар бунинг учун 120 соатдан, яъни 5 кундан кўп бўлмаган муддат оралиғида коронавирусга тест топширган ва натижаси яхшилигини тасдиқловчи маълумотнома тақдим қилиши лозим. Тест топшириш нархи эса 224 минг сўм.

Бу хабар ҳам ижтимоий тармоқларда кўпчиликнинг норозилигини келтириб чиқарди. Тўғри-да, Нукусга ёки Бухорога шошлинч бориши зарур бўлган одамнинг жавоби бирпастда чиқмайдиган тестни топширишга вақти бўладими? Камига ҳозир кўпчилик молиявий томондан қийналиб турган бир шароитда шунча пулни тўлашга мажбур қилиш қайси мантиққа тўғри келади. Ҳозир зарурат бўлмаса, кўчага чиқадиган замонми? 
Тўғри, бу аҳолининг соғлигини асраш мақсадида қилинган чора, лекин бунинг одамга ташвиш келтирмайдиган бошқа йўллари бордир?

Шундай ҳам бўлди. Бугуннинг ўзида карантин шароитида аҳолининг иқтисодий ҳолатини эътиборга олиб, шунингдек, ҳаракатланиш вақтида йўловчиларнинг ижтимоий масофа сақлашига шароит мавжудлигини назарда тутиб, қолаверса, фуқароларнинг ҳудудлараро ҳаракатланишида ортиқча ноқулайликлар юзага келишининг олдини олиш мақсадида, Республика махсус комиссияси томонидан ушбу талаб бекор қилингани маълум қилинди.

Хуллас, ижтимоий тармоқлардаги бугунги вазият қарорлар қабул қилишда етти эмас, юз бор ўлчашимиз, ҳар бир гапни обдон ўйлаб гапиришимиз, ҳатто қатиқни ҳам пуфлаб ичишимиз лозимлигини кўрсатмоқда. Акс ҳолда, қош қўяман деб кўзимиздан айрилиб қолишимиз ҳеч гап эмас.

Жаҳонгир ЗИЯЕВ, 
ЎзМТДП депутати

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: