Президент энг яхши кинематографист, деб эътироф этган вақтда ҳушида бўлмаган актёрни биласизми?

Орамизда “Сангам” фильмини қайта-қайта томоша қилмаганлар бўлмаса керак, яна кимнингдир севимли фильми “Бобби” бўлса, “Менинг исмим масхарабоз”нинг мухлислари ҳам оз эмас. Демак, бу фильмларнинг ижодкори Раж Капурнинг ҳаёти ва фаолиятига оид маълумотлар ҳам кўпчиликка қизиқ бўлса ажабмас! Бугун унинг туғилган куни.

Илк ролини 5 ёшида ўйнаган

Ранбир Раж Капур 1924 йилнинг 14 декабрида Покистоннинг Пешавор шаҳрида туғилган. Отаси – Притхвираж Капур ўз даврининг машҳур актёри ва режиссёри бўлган. Театрдаги фаолияти 5 ёшида “Қўғирчоқ арава” спектаклида бошланган Раж Капур дастлаб отасининг кичик театрида укалари билан бирга актёрлик, ассистентлик қилган.

11 ёшида илк бор “Инқилоб” фильмида суратга тушган ва шу фильмдаги иштироки сабаб ўша пайтнинг номдор киностудияси ҳисобланмиш “Бомбей токиз”да ассистент бўлиб иш бошлаган. Раж шу ерда кино саноатининг сир-асрорларини ўрганган. У режиссёр бўлишни орзу қилса ҳам, ижодий фаолияти давомида 75 та фильмларда турли ролларни ижро этган. 24 ёшида орзусига етиб, “Раж Капур фильмс” киностудиясини очган ва вақт ичида 18 та фильмни суратга олган.

Раж Капур билан 16та фильмда суратга тушган актриса

1947 йил Раж Капурнинг илк режиссёрлик иши – “Олов” фильмида Наргис бош қаҳрамон образини яратган.

Шундан кейин режиссёр бу актриса билан 16 та фильмда ишлаган. Уларнинг муҳаббати тилларга тушган. Аммо Наргис Сунил Даттга турмушга чиққан. Шу сабаб Раж Капур 1964 йил суратга олган илк рангли картинаси “Сангам” учун  Вижантималани танлаган. Ўзи эса бу фильмда қирқ ёш бўлишига қарамай 18 ёшлик Сундар ролини ижро этган.

 Актёр билан учрашиш кимларга насиб этган?

1961 йилнинг ноябр ойида Ҳиндистонга ташриф буюрган Юрий Гагарин Раж Капур билан шахсан танишиб, уни “жаноб Дайди” деб атайди. Учрашувда икки юлдуз бирга суратга тушишган.

Ўзбекистон халқ артисти Бобомурод Ҳамдамов эса ҳинд актёри Тошкентга келганида у билан учрашиб бирга қўшиқ куйлаган.

1988 йил Нью-Деҳлидаги маросимда Ҳиндистоннинг Президенти Раж Капурни энг яхши кинематографист сифатида эътироф этган. Афсуски, шу вақтда актёр ҳушини йўқотганди. Орадан бир ой ўтиб у астма касаллиги туфайли вафот этган.

“Ғалабаларим сири – севги”
ёхуд машҳурдан ҳаётий ҳикматлар

Биласизми, эртага нима бўлади, деб ўйлашдан ҳеч қачон қўрқмаганман. Ҳатто картиналарим кетма-кет омадсизликка юз тутганида ҳам. Одам юрагида ялт этган орзунинг залворини ҳис эта олса бас, ҳаммасини яхши бўлади.

Мен мовий кўзларим билангина кино мухлисларининг меҳрини қозона олмасдим. Ғалабаларим сири – севги. Мен кинони севдим, уни қалбимга жойладим…
Ҳаётимда муҳаббатга жуда катта ўрин бердим. Ишқий муносабатларим ҳақида гапириш, балки ким учундир ёқимлидир. Бугун бир ҳақиқатни айтаман, Кришна — фарзандларим онаси, Наргис эса — фильмларимнинг! Иккиси ҳам муҳаббатим, қалбим соҳибалари!

Умрим давомида юрагимни бўлиб яшадим. Лекин ортга қарасам, ўша бўлинган юракларнинг парчалари миллионлаб одамлар қалбига ёруғлик олиб кирганини ҳис этаман ва бунинг учун ўзимни жуда бахтли одам, деб биламан…

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: