Рауф Парфи ҳақида 5 факт. Тириклигидаёқ афсонага айланган шоир

Бугун, 27 сентябрь — шоир таваллуд топган кун.

1. Рауф Парфи (Турсунали Парпиев) 1943 йил 27 сентябрда Тошкент вилоятининг Янгийўл туманига қарашли Шўралисой қишлоғида туғилган. Отаси 50, онаси эса 30 ёшлигида туғилган бўлажак шоирга дастлаб Абдурауф (Фитрат) исмини қўйишни ният қилишган, аммо ўша вақтдаги вазиятни инобатга олиб, тинчгина Турсунали дея исм беришган.

2. Шоир деярли ҳеч қачон ўз шеърларини ёддан ўқимаган. Чамаси, шеърларини ёддан ўқиш унга нокамтарликдай, ўз шеърларига маҳлиёликдай туюларди. Лекин доим ҳам унинг босинқи овозда бир маромда шеър ўқиши тингловчиларни ром этарди. Рауф Парфининг телевизорда кўрсатув ёки бирор кино томоша қилаётганини уни тушунмаган бирор кимса кўрса зерикиб кетарди. У каналдан-каналга ўтишни канда қилмас, бирор кўрсатувни тўлиқ кўришингга имкон бермасди. – “Ишонмайсиз, мен китобни ҳам шундай ўқийман, бирор асар қўлимга тушса, саҳифасининг бирор жойини бўлиб олиб ўқийман. Ўша жойига қизиқсам, ҳаммасини ўқиб чиқишим мумкин. Ёки ўқиган саҳифам хулосам бўлади”, – деган эди ажойиб табиатга эга ижодкор.

3. 1963 йили ёзилган шоир қаламига мансуб, “Лайло” қўшиғи жуда машҳур бўлиб кетган. Кейинчалик Илҳом Фармонов ижросида айтилган бу қўшиқ ҳамон ўз мухлисларини йўқотгани йўқ. 1968 йил эса америкалик профессор Эдвард Оввард “Ўрта Осиё шеъриятида лириканинг қайтиб келиши” мақоласида Рауф Парфи ижодини тилга олган эди.https://www.youtube.com/embed/nMuhPIQBy5E?feature=oembed“Лайло” қўшиғи. Рауф Парфи сўзи.

4. Хуршид Даврон таъбири билан айтганда, Рауф Парфи тириклигидаёқ афсонага айланган шоир эди. У қайғусини севинчини ичига яшириб яшаган, умрининг кўп қисмини бошпанасиз ўтказган бўлса-да, шогирдларига бошпана берган, моддий маънода анчагина юпун яшаган, унда эгалик қилинадиган ҳеч қандай мулк, жавобгарлик талаб этиладиган бирор лавозим бўлмаган. Шу сабаб у ҳеч қандай мажбуриятни бўйнига олмай, масъулият ва чекловлар билан ҳисоблашмай, кўнгли истаганидай яшашнинг уддасидан чиққан. 

5. 1999 йили Мустақиллик байрами арафасида Рауф Парфига “Ўзбекистон халқ шоири” унвонини берилди. Аммо умрида унвон олмаган шоир уни қутлаётган дўстларига “унвонни бошимга ураманми” деб жавоб берган. Орадан бир кун ўтиб, Президент Каримов унвонларни эгаларига тантанали равишда топширган, аммо мукофотланаётганлар орасида Рауф Парфи йўқ эди. Бу унвон умрининг сўнги йилларида “прописка”си бўлмаган шоирга асосий ҳужжат бўлиб хизмат қилган.

Сўнгсўз:
Рауф Парфи деган бир одам,
Кўзойнакли, сочи оқ дарвеш.
Оғир-оғир босади қадам,
Елкасида ухлаб қолган қиш.

Хуршид Даврон  

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

2 thoughts on “Рауф Парфи ҳақида 5 факт. Тириклигидаёқ афсонага айланган шоир

  1. Hoksor, sahiy inson, Navoiyga o’xshataman…ozod va erkin insonni ko’raman u zotda. Juda yaxshi ko’raman she’rlarini va o’zini, xato qilganini tan olgan axir, ayblamoq kerak emas, tushunmoq kerak Rauf Parfini .

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: