Равшан Эрматов

Замондошимиз ким?

Халқаро тоифадаги футбол ҳаками. Гиннесс рекордлар китобига “Футбол бўйича Жаҳон чемпионати ўйинларини энг кўп бошқарган ҳакам” сифатида киритилган. Aйни вақтда Ўзбекистон Футбол Федерациясининг биринчи вице-президенти. Бугун, 9 август — унинг туғилган куни.

Замондошнинг ҳаёт йўли

Равшан Эрматов 1977 йил 9 августда Тошкент шаҳрида туғилган. У оилада тўнғич фарзанд бўлиб, отаси, (Республика тоифасидаги ҳакам) Сайфиддин Эрматов ўғлининг келажакда футболчи бўлишини орзу қилган эди.

Аммо 4 ёшида велосипед занжири тўпиғини йиртиб юбориб, қони заҳарланган болакайнинг оёғи кесилишига бир баҳя қолган. Ёшлигидан футболга ва чет тилларини ўрганишга қизиққан. 7 ёшидан футбол билан шуғулланган Равшан Эрматов биринчи лигада иштирок этган Тошкент вилоятининг “Ғазалкент”, кейинроқ эса пойтахтнинг “Истиқлол” жамоаларида тўп суради. Бироқ болалигидаги ўша жароҳати туфайли 1997 йили 19 ёшида катта футбол билан хайрлашишга мажбур бўлганида отаси унга футболдан кетмаслик ва футбол ҳаками касбини чуқурроқ ўрганишни маслаҳат беради.

Шундай қилиб ёш, шижоатли Равшанжон тишини тишига қўйиб саломатлигини тиклаб, келажакда отасининг касбини давом эттиришга бел боғлайди. Ота-ўғил келажак режаларини жиддий ўйлаб, олти йўналишли дастур тузадилар. Унга кўра, яқин орада ва келажакда амалга оширилиши зарур бўлган индивидуал иш режасини ишлаб чиқишади. Бу орада бўлажак ҳакам Тошкент Давлат жисмоний тарбия институтини, кейинроқ эса Иқтисодиёт университетини тамомлайди. Халқаро ҳакамлик фаолиятини 25 ёшида бошлаган, яъни у илк марта 2003 йил ФИФA томонидан халқаро ҳакамликка тайинланган. Равшан Эрматов Канадада ўтказилган 2007 йилги ФИФA У-20 Жаҳон Чемпионатида ҳакамлик қилиб, Гамбия – Мексика, ҳамда Чили – Конго ўйинларни бошқарган. 2010 йилда эса Жанубий Африка Республикасида бўлиб ўтган футбол бўйича жаҳон чемпионатида Жанубий Африка Республикаси ва Мексика жамоалари очилиш ўйинини бошқариши учун арбитр этиб тайинланган. 

Равшан Эрматов 2008, 2009, 2010 ва 2011 йилларда кетма-кет “Осиёнинг энг яхши ҳаками”, деб баҳоланган. 2014 йил эса у яна бир бор шу номга сазовор бўлган ҳамда 2008 йилгиФИФA Клублараро Жаҳон Чемпионати финалини бошқариш учун танланган. Халқаро футбол уюшмалари федерацияси уни 2011 йилда жаҳоннинг энг яхши ҳаками, деб эътироф этган. Шу сабаб у 2014 йилги жаҳон чемпионатида ҳам қатнашган. Унинг айтишича, у жаҳон чемпионатига космосдек қараган. Бразилияда Голландия – Коста-Рика ўйинини бошқариш орқали рекордчига айланиши мумкинлигини эса хаёлига ҳам келтирмаган. “Ушбу ўйинга тайинланганим ҳақида эълон қилишганида, ёнимга Хорхе Ларрионда (ЖЧларида саккизта ўйинни бошқарган уругвайлик ҳакам) келди. Қўлимни сиқди ва қучоқлаганча табриклади”, – дейди Эрматов. У ўшанда жаҳон чемпионатларида тўққизинчи бор ҳакамлик қилган эди. 

Ўзбек тилидан ташқари, рус ва инглиз тилларини яхши билади. Унинг ҳаётдаги шиори ҳамиша камтар бўлиб қолишдан иборат. Шу сабаб у ҳамиша барча футболчилар билан тил топиша олган. Энг асосий танқидчиси отаси. Иқтисодий соҳада маълумотга эга бўлган Эрматовнинг спорт дўконлари тармоғи ҳам бор. “Буюк хизматлари учун”, “Эл-юрт ҳурмати” ва  “Ўзбекистон ифтихори” орденлари соҳиби. Бугунги кунда у оилали, турмуш ўртоғи Муродахон Тошкент тиббиёт институтини тамомлаган, уларнинг эгизак фарзандлари бор.

Замондош фикрати

“Мен ҳакамларни мина изловчи сапёрларга ўхшатаман. Сал нотўғри ҳаракат минанинг портлашига олиб келади”.

“Футболчи бўлганимда, балки бундай даражага чиқмаган бўлармидим”.

“Ўқишда ва ҳаётда қоида бузмаслигингиз лозим”.

Сайёра Қодирова тайёрлади

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: