Ражаб ойи фазилатларини биласизми?

Жорий йилнинг 13 февраль куни ҳижрий-қамарий йил ҳисоби бўйича янги ой кирди. Бу ражаб ойи деб аталади. Араб тилидаги “ражаб” сўзи ўзбекчада “улуғлаш”, “ҳурматлаш” маъноларини ифода этади.Ражаб ойи – Аллоҳ таоло уруш қилишни ҳаром қилган (зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам) ойлардан бири экани Қуръони каримнинг “Тавба” сураси, 36-оятида таъкидланган. Мазкур ойнинг яна бир неча фазилатлари билан танишиб, уни эзгу амаллар билан ўтказасиз, деган умиддамиз. 

Ражаб ойида қуйидаги тарихий воқеалар юз берган:

– Ер юзини сув босган тўфонда Нуҳ алайҳиссалом кемага ражаб ойининг биринчи куни минганлар;

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий мазкур ойда нозил бўлган;

– Машҳур қавлга кўра, Исро ва Меърож воқеаси ражаб ойида содир бўлган.

Ушбу фазилатли ой кирганида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳумма баарик ланаа фий ражабин ва шаъбана ва баллиғнаа Рамазона, дер эдилар. Яъни “Аллоҳим, Ражаб ва шаъбонда бизларга барака бергин ва Рамазон ойига етказгин”, деб дуо қилганлар. Бу дуони ўқиш суннат ҳисобланиб, буни билмаганлиги учун ўқимаган киши ражаб ойининг қайси куни бу амал суннат эканини эшитса, ўша куни ўқиса бўлаверади. Саҳобалар, улардан кейин салафи солиҳларимиз Рамазон ойидан сўнг олти ой рўзани қабул бўлишини Аллоҳга дуо қилиб сўрашар, қолган ойларда Рамазонга етказишини дуо қилар эдилар. Ушбу ҳадиси шарифни уламоларимиз шундай таъбир қилганлар: “Ражаб – донни экиш ойи, Шаъбон – суғориш ойи, Рамазон – ҳосилни йиғиш ойи”. Ражаб ойида донни экмаган киши қандай қилиб Рамазонда ҳосилни териб олади? Яна айтган эканлар: “Ражаб булутни ҳайдаб келувчи шамол ойи, Шаъбон булут ойи, Рамазон ёмғир ойи”. Ражаб ойи булутни ҳайдаб келмаса, қандай қилиб Рамазонда Аллоҳнинг раҳмати ёғилади, деган эканлар.

Ражаб ойи баракали ва улуғ ой бўлиб, ундаги озгина яхши амал эвазига кўплаб ажру савоблар берилади. Ибодатлар ва дуолар ижобат бўлади. Шунинг учун, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ражаб ойида кўп истиғфор айтиш, гуноҳ ишлардан имкони борича сақланишга тарғиб қилган ва рўза тутганлар. Усмон ибн Ҳакимдан ривоят қилинади: “Саъид ибн Жубайрдан ражаб ойида турганимизда ражаб рўзаси ҳақида сўрадим. У: “Ибн Аббоснинг: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик”, деяётганини эшитганман”, деди”.

Ражаб ойида қадимдан, яъни Иброҳим алайҳиссалом шариатларидан то исломгача бўлган даврларда ҳам уруш қилиш ҳаром саналган. Араб халқлари жоҳилият даврида барча самовий динларнинг аҳкомларини бузиб, ўзгартириб юборган бўлсалар-да, мазкур ойнинг ҳурматини сақлаб қолганлар. Шаҳри ҳаромда ҳар қандай урушни, гуноҳ, зулм ишларни, ов қилишни тўхтатишар, ҳатто ўз отасининг қотилини кўриб қолсалар ҳам, ундан ўч олишга шошилмай, ушбу ойларнинг тугашини кутар эдилар.

Бундан бошқа халқ орасида ражаб ойида қилиш керак, деб тарқалган амалларнинг барчасининг асли йўқдир. Халқ орасида ражаб ойининг 27-кечаси меърож кечаси бўлиб, уни қадр кечаси каби ўтказиш керак, деган гап-сўзлар тарқалган. Ҳатто баъзилар меърож кечасида ўқиладиган махсус намозлар борлигини ҳам айтиб юришади. Яна айтишларича, меърож кечасида ўқиладиган намозларнинг ҳар бир ракатида фалон, фалон хос суралар ўқилар эмиш.  Аммо бу гапларнинг ҳеч бири шариатда бирор асосга суянган эмас.

Ражаб ойида ҳар хил бидъат амалларга йўл қўймайлик!                                                                                                                               

Муҳаммади ҚОРАЕВ,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакил ўринбосари

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Ражаб ойи фазилатларини биласизми?

  1. ҳурматли вакил жаноблари, маълумотларингиз жуда яхши, раҳмат, лекин «халқ орасида ражаб ойида қилиш керак, деб тарқалган амалларнинг барчасининг асли йўқдир.» деган гапингизга қўшилмайман. Доно халқимиз бир нарсанинг асли бўлмаса, ҳеч вақт амал қилмайди. Ҳурмат билан ўқувчи.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: