Қорақалпоғистонлик Жансулув жаҳон рекордини янгилади…ми?

Қорақалпоғистонлик 12 ёшдаги Жансулув Татлимуратова жаҳон рекордини ўрнатгани айтилмоқда. Унинг қўл-оёғини ерга теккизмасдан тиши билан махсус мосламани тишлаган (стойки на зубах) ҳолда орқага эгилиб 10 дақиқаю 38 сония тура олгани ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Спортчи қизнинг бундан олдинги кўрсаткичи 5 дақиқа бўлган.

Жансулувнинг мураббийи Айнура Ильясова шогирди икки каррадан ҳам кўпроқ натижа билан жаҳон рекордини янгилаганини таъкидлади. Маълум бўлишича, цирк санъати жанрининг қўл эквилибристикаси турига кирувчи ушбу ҳунар бўйича украиналик Настя Зверева “Талант” телелойиҳасида 4 дақиқа 15 сония тура олиш орқали миллионлаб томошабинларни лол қолдирган.

Ҳозирда Нукусдаги Олимпия захиралари коллежида эшкак эшиш йўналиши бўйича таҳсил олаётган Жансулув Татлимуратова икки йил аввал “Zor TV” телеканалининг “Индиго” лойиҳаси, “Спорт” телеканалининг “Rekord.uz”,   Қорақалпоғистон телеканалининг “Айқулақ” кўрсатувлари орқали кўпчиликка яхши таниш бўлиб қолган эди. “Rekord.uz” кўрсатувида “Энг эгилувчан пластик қиз” номинациясида ғолиб бўлган бўлса,  “Индиго” лойиҳасида у тиши билан махсус мосламани тишлаб қўл-оёғини ерга теккизмасдан орқага эгилган ҳолда 5 дақиқа тура олган эди.

Жансулув Татлимуратова спортнинг бадиий гимнастика тури билан икки ярим ёшидан шуғуллана бошлаган. Баъзи сабабларга кўра ҳозирда гимнастика билан шуғулланмаяпти.

Жансулув айни пайтда коллежимизда эшкак эшиш йўналиши бўйича таҳсил олаяпти. У бу спорт турида ҳам ўзини кўрсата олди. Яқинда эшкак эшиш бўйича ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида 3-ўринни эгаллашга муваффақ бўлди. Айтилган топшириқни тезда бажаради. Ўта иқтидорли, —дейди А.Ильясова.

Ж.Татлимуратованинг онаси ва асосий устози Гулмира Тажимуратова ҳозирда қизининг ўрнатган рекордини Гиннеснинг рекордлар китобига киритиш учун имконият қидирмоқда.

Кимга мурожаат қилишни билмаяпмиз. Гиннеснинг рекордлар китобига киритиш учун вазирлик ёки катта ташкилотлар орқали чиқиш керак ва бунинг учун тўланадиган тўловлари бор экан. Бизга ҳомий керак, — дейди Г.Тажимуратова

Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири Ғайратбай Байниязов эса ҳомийлар топилганини маълум қилди.

Гиннеснинг рекордлар китобига кириш учун бизнинг вазирлик бевосита масъул эмас, рекордлар билан шуғулланадиган алоҳида ташкилот бор. Лекин биз қўлимиздан келганча ёрдам беришга тайёрмиз. Ҳомийлар ҳам топдик, —дейди вазир Г.Байниязов.

Эслатиб ўтамиз: Жансулув қўл-оёғини ерга теккизмасдан тиши билан махсус мосламани тишлаган ҳолда орқага эгилиб амалга оширадиган трюкини онасининг ёрдами билан ўрганган.

— Жансулув яқин орада рекордини ўрнатса яхши бўларди. Ҳар куни машқ қилиб тишлари оғрияпти, агар машқ қилмаса формадан чиқиб кетади, —дейди мурабийи А.Ильясова.

Есимхан ҚАНОАТОВ

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: