РУФАТ РИСҚИЕВ. Жаҳон чемпиони, “Тошкент йўлбарси” лақаби билан танилган бокс афсонаси

“Тошкент йўлбарси” лақаби билан танилган бокс афсонаси. Жаҳон чемпиони, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи. “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби. У ўзбек боксчилари орасида халқаро майдонларда ғолиб ва совриндор бўлган дастлабки боксчи сифатида тарихга муҳрланган. Бугун унинг туғилган куни.

Замондошнинг ҳаёт йўли

Руфат Рисқиев 1949 йил 2 октябрь куни Тошкент вилоятининг Оққўрғон шаҳрида таваллуд топган. У дастлаб акробатика билан шуғулланган. Бир куни синфдоши уни бокс залига олиб борган. Шу билан Руфатнинг ҳаёти бокс билан ипсиз боғланган. Устози Александр Барановдан бокс сирларини ўрганган. Илк бор 1972 йили 75 килограммгача вазн тоифасида собиқ иттифоқ чемпионлигини қўлга киритди. Руфат Рисқиев 1974-76 йилларда қаторасига уч бор яна мамлакатда тенгсиз эканлигини исботлаган. У 1974 йилда Гаванада ўтказилган бокс бўйича илк жаҳон чемпионатида барча рақибларини тиз чўктириб, олтин медалга сазовор бўлган. 1974 йилдан эътиборан AIBA ҳаваскорлар ўртасида жаҳон чемпионати ташкил этиш бўйича қарор қабул қилган ва Руфат Рисқиев дастлабки чемпионлардан бири сифатида тарихга кирган.

Шунингдек, Руфат Асадович 1976 йилги Олимпия ўйинлари финалчисидир. У пайтларда бокс бўйича жаҳон чемпионати худди Олимпия ўйинлари сингари ҳар тўрт йилда бир марта ўтказилар эди. Худди шу йили Монреаль шаҳри мезбонлик қилган тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида ҳам финалгача етиб борди ва кумуш медалга сазовор бўлди. 1979 йили Ўзбекистон жисмоний тарбия институтини тугатган.

Бокс афсонаси бир куни хорижлик мураббийлардан бирига Европанинг тўрт чемпиони билан рингга тушиб, ғалаба қозонгани ҳақида гапирганида суҳбатдоши бунга ишонмайди, ҳатто мийиғида кулиб қўяди. Аммо, мураббий ўзбек боксчисининг рақиблари Владимир Тарасенков, Анатолий Климанов, Вячеслав Лемешев, Майкл Спинкс каби номдор спортчилар бўлганидан хабар топгач қилган муомаласидан хижолат бўлган.

Олимпия ўйинларидан сўнг 27 ёшли Руфат Рисқиев фаолияти давомида орттирган жароҳатлари сабаб катта спортни тарк этишга қарор қилади. Руфат Рисқиев собиқ иттифоқ бокс федерацияси томонидан “Энг яхши боксчи” унвони билан тақдирланган.

Маълумот учун, ушбу мукофот 1948 йилда Россияда бокснинг 50 йиллиги муносабати билан таъсис этилган бўлиб, унвонга ўз даврининг енгилмас боксчилари сазовор бўлишган. Ўзбек боксчиси ўз карьераси давомида 189 та жанг ўтказиб, шундан 174 тасини ғалаба билан якунлаган.

Спортдаги фаолиятидан сўнг Руфат Рисқиев 1979 йил ўз ҳаётига бағишлаб ишланган “Рингга чақирилади…” фильмида суратга тушган. 1997 йилда Руфат Рисқиев WBAнинг ҳакамлар бўлимига аъзо бўлди ва Марказий Осиёда профессионал бокс бўйича халқаро тоифадаги биринчи ҳакамга айланди. Руфат Рисқиев турмуш ўртоғи Маъмурахон Рисқиева билан икки ўғил ва бир қизни тарбиялаган ва ҳозирда 7 набирани вояга етказишмоқда. 1999 йилдан Тошкентда Рисқиев соврини учун ўсмирлар ўртасида бокс мусобақалари ўтказилади.

Болалигида афсонавий боксчимизга ҳавас қилиб спортга кириб келган Баҳодир Жалоловнинг таъкидлашича,  3 ёшлигида Руфат ака Сурхондарёга келганида уни қўлига олиб, бу йигит катта бўлса, кучли боксчилардан бири бўлади, деб ният қилган экан. Ҳозир ўша тилакларининг ижобатини кўриб турибмиз.

Замондош фикрати

“40 йилимни профессионал боксда ўтказдим. Аммо жуда чарчадим. Мен учун энди у қизиқ эмас. Баъзи-баъзида спорт каналларида бокс учрашувларини кўриб қоламан. Шунда бирорта набирам келиб, мультфильм кўрайлик деса, иккиланмай айтганини қиламан”.

“Мен катта натижаларни қўлга киритдим, чарчаб, кучдан қолганимдан сўнг фарзандларимга вақт ажратдим. Жонимни берган Ўзбекистон бокс федерациясига бир куни қўнғироқ қилдим. Гўшакни кўтарган йигит ўзини «Фалончи Палончиев» деб таништирди. «Танишганимдан хурсандман. Мен Руфат Рисқиевман», десам, «Ким у? Узр, танимадим», деди. Ичимда нимадир чирс этиб узилгандек бўлди. Ортда қолган йиллар кўз ўнгимдан кино тасмасидек ўтди…”

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: