Саид Аҳмад

Нима учун машҳур?


Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистон қаҳрамони. «Kелинлар қўзғолони» комедияси дунёнинг кўплаб мамлакатларида саҳналаштирилган. Бугун унинг 100 йиллик юбилейи.

Қандай машҳур бўлган?


Саидаҳмад Ҳусанхўжаев 1920 йил 10 июнь куни Тошкент шаҳрида туғилган. Отаси Исмоил Гаспирали билан дўст бўлган, бобоси эса шаҳар думаси депутати эди. Саид Аҳмадга халқ душманининг ўғли, деган тамға қўйилган эди. Унинг болалиги Абдулла Қодирий, Элбек, Ойбек ва Ғафур Ғулом каби адиблар даврасида ўтади. Табиатан қизиқувчан ва тиниб-тинчимас Саид Аҳмад гоҳ дор ўйнаб оёғини синдирган бўлса, гоҳ артист бўлишга уринган, ҳатто қурилиш техникумида таҳсил олиб, машҳур фотосуратчи Ренсонга шогирд тушган. 1941 йилдан 1950 йилгача газета ва журналларда ишлайди. Аммо 1950 йил 10 май куни миллатчи сифатида бир неча йилга қамалади. «Аксилшўравий миллатчилар гуруҳи аъзоси, зарарли ғоялар тарғиботчиси» сифатида айбланиб, Қозоғистоннинг Қарағанда вилояти Жезқазған лагерида бўлади. Турмуш ўртоғи Саида Зуннуновага эрининг халқ душмани эканини айтиб ундан воз кечишини талаб қилишганида у партия билетини ташлаб кетади. Шоира 1977 йили 51 ёшида вафот этади. Бироқ шунча қийинчиликларга қарамасдан Саид Аҳмад 15 йил меҳнат қилган «Уфқ» трилогияси ва 1988 йилда дунё юзини кўрган «Жимжитлик» романи уни машҳур қилади, буюк ижодкорлигини исботлайди. Саид Аҳмад 2007 йил 5 декабрь куни 87 ёшида вафот этади. 2013 йили Миллий боғда Саид Аҳмад ва Саида Зуннунованинг ҳайкали ўрнатилади. Бу йил эса таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан унинг ҳаёти ҳақидаги «Сабру садоқат» сериали ва «Саид ва Саида» фильми экранларда намойиш этилмоқда. Сериал сценарийи муаллифи икки улуғ ижодкорнинг ёлғиз фарзанди Нодира Ҳусанхўжаева.

Машҳур нима дейди?


«Дунёда ҳар ишнинг ўз ҳисоб-китоби бор. Ҳар бир айтилган сўзнинг жавоби бўлади. Дунёдан кўз юмиб кетгунча ҳисоб-китоб қилиб қўйиш керак. Айтилган гапга жавоб бериб қўйиш керак».

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: