Саида Мирзиёева: «Президентнинг қизи бўлиш — имтиёз эмас, жуда улкан масъулият…»

Ўзбекистон миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раисининг ўринбосари. Бугун унинг туғилган куни.

Замондошимиз ҳақида

Саида Мирзиёева 1984 йил 4 ноябрда Қўқон шаҳрида туғилган. У Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг халқаро ҳуқуқ бўйича бакалавр босқичини тугатган. 2008 йилда Тошкент давлат юридик университетида ҳуқуқшунослик магистри илмий даражасини олган. 2010 йилда Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг иқтисод йўналишида иккинчи мутахассислик бўйича магистрлик дипломини қўлга киритган.

Саида Мирзиёева 2019 йил 12 апрелдан 2020 йил 29 январгача Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари лавозимида ишлаган. Агентлик директорининг ўринбосари сифатида ПР-марказ фаолиятини мувофиқлаштириш, давлат ва бошқарув органларида ошкораликни таъминлаш масалаларини назорат қилиш билан шуғулланган. 2019 йилдан Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенглиги бўйича комиссия аъзоси. 2020 йил февралда Дубай Аёллар Ташкилоти томонидан Дубайда ўтказилган «The Power of Influence» Глобал аёллар форумида иштирок этган.

Тадбир жараёнида Саида Мирзиёева инглиз тилида маъруза қилиб, гендер тенглиги муаммоларига эътибор қаратган. Унинг ташаббуси билан кўзи ожиз болаларни қўллаб-қувватлаш ва уларни Брайл ёзувида чоп этилган ўқув, бадиий, илмий ва бошқа зарур адабиётлар билан таъминлашга қаратилган «Кўнгил кўзи» лойиҳаси амалга оширилган. 2020 йил 31 январдан Ўзбекистон миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раисининг ўринбосари вазифасида фаолият юритмоқда.

2020 йил апрель ойида унинг ташаббуси билан ишга туширилган «Хавфсиз ёрдам» лойиҳаси доирасида COVID-19 пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларга ёрдам кўрсатилди. Саида Мирзиёева Ўзбекистоннинг маданий мерос объектларини асраб-авайлаш, мамлакатнинг маданий брендини дунё миқёсида тарғиб қилишда фаол позицияни эгаллайди. Унинг иштирокидаги йирик лойиҳалардан бири 2021 йилда Париждаги Лувр музейида ташкил этиладиган Ўзбекистон маданий меросига бағишланган кўргазмадир. Шунингдек, Франциянинг «Assouline Publishing» нашриёт уйи билан ҳамкорликда мамлакатнинг тарихий ва маданий бойлигини дунёга намоён қиладиган «Ўзбекистон. Самарқандга йўл» китоби чоп этилди. Китоб кўплаб давлатларда машҳур бўлди ва хорижий манбаларда маданият соҳасидаги энг яхши нашрлардан бири сифатида тез-тез тилга олинади.

Унинг Миромон, Саодатхон ва Шавкатжон исмли фарзандлари бор. Турмуш ўртоғи Ойбек Турсунов.

Замондошимиз фикрати

«Президентнинг қизи бўлиш — имтиёз эмас, жуда улкан масъулият ва мен буни тўла англайман!»

«Мана, масалан, менинг Отам! У тоғ қишлоғидаги оддий оилада туғилган, ҳаёт йўлида ўз меҳнати ва қатъийлиги билан қийинчиликларни енгиб ўтган, ҳамиша ўз халқи учун наф келтиришга уринган. Биз шундай муҳитда ўсдикки, отамиз кун-у тун одамларнинг ҳаётини яхшилаш учун интилди. Якунда у ўз халқи ишончини қозониб, президент бўлиб сайланди! Унинг собитқадамлиги ва меҳнаткашлигига қараб, биз болаликдан ўзимизда масъулият ҳис қилиб улғайдик».

«Агар биз бахтли мамлакатда яшашни истасак, аёлларни эркаклар приоритетларидан, журналистларни эса босимдан ҳимоя қилишимиз керак».

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Саида Мирзиёева: «Президентнинг қизи бўлиш — имтиёз эмас, жуда улкан масъулият…»

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: