Самарасиз тортишувлар ва самаралироқ лойиҳалар

Бу ёқда ЎзЛиДеП ва “Миллий тикланиш” партияларининг лидерлари-ю хайрихоҳлари аҳолини “томорқадан оқилона фойдаланмаганлик учун жарима”га тортамиз, “йўқ, аввал огоҳлантириб” кейин тортиш керак, деб ижтимоий тармоқларни гуллатиб турган бир пайтда ҳукумат томошабин бўлиб ўтиришни истамади. Оқилона иш тутди, бу борада Президент томонидан белгиланган муайян вазифаларни амалга ошириб улгурди.

Тўғри-да, кўкламнинг ҳар куни ғанимат бўлса, “жарима белгилаймиз”, “аввал огоҳлантириб, белгиламаймиз” деб аравани қуруқ олиб қочишдан не наф. Айниқса, охир-оқибат моҳияти бир хил бўлган ўша қарор қабул қилиниши кундай равшан бўлса… 

Самарасиз ана шу тортишувлар авжига чиққан пайтда хабар тарқатилдики, Ўзбекистонда мева-сабзавотчилик тармоғини ривожлантиришга 337,6 млн доллардан ортиқ маблағ ажратилади. Демак, бу масалада ҳукуматнинг позицияси қатъий ва жиддий. Ўз навбатида, биз ҳам бу тўғри қарор эканлигини таъкидлаб ўтамиз. Зеро, дунёнинг манаман деган иқтисодчилари прогноз қилишича, коронавирус пандемияси сабаб ва унинг оқибатлари тўла бартараф этилганидан сўнг ҳам озиқ-овқатга бўлган талаб юқори бўлади.

Хуллас, мева-сабзавотчилик тармоғини ривожлантиришга йўналтирилган мазкур 337,6 млн долларлик мазкур лойиҳа Япониянинг халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) иштирокида 6 йил (2020–2025 йиллар) муддатда амалга оширилади. Лойиҳанинг молиявий манбалари қуйидагича:

  • 213 175 минг АҚШ доллари – JICA қарзи;
  • 58 980 минг АҚШ доллари – солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш шаклида Ўзбекистон улуши;
  • 65 530 минг АҚШ доллари – иштирокчилар улуши.

Муҳим жиҳати, лойиҳа Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда амалга оширилади.

Томорқадан оқилона фойдаланмаганлик учун жарима борасида тортишаётган партия вакиллари эса лойиҳанинг жойларда ижро этилишини қатъий назорат қилсалар, самарасиз тортишувлардан кўра, самаралироқ бўларди, назаримизда.

ИМҲО.

Суқрот Тошкандий

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: