Samarkand Half Marathon’да Ситора Ҳамидова Ўзбекистон рекордини янгилади

Samarkand Half Marathon’да эркаклар орасида Тошкент вилоятидан Андрей Петров финишга биринчи бўлиб етиб келди. Аёллар ўртасида эса сурхондарёлик Ситора Ҳамидова ярим марафон бўйича Ўзбекистон рекордини янгилади, бундан аввалги рекордни ҳам ўзи ўрнатган эди.

Иккинчи бор ўтказилган Samarkand Half Marathon’да жами 43 нафар (31 нафари эркаклар, 12 нафари қизлар) профессионал спортчилар иштирок этишди. Югуриш трассаси «Регистон» майдонидан бошланиб, Самарқанднинг Бибихоним, Афросиёб, Ҳазрати Ҳизр, Хўжа Дониёр мақбараси, Улуғбек ва «Шоҳизинда» расадхоналари каби тарихий обидаларидан ўтади.

Эркаклар ўртасида ўтган баҳсда Тошкент вилоятидан Андрей Петров энг яхши натижани қайд этиб, ғолиб бўлди.

Аёллар орасида сурхондарёлик Ситора Ҳамидова биринчиликни қўлга киритиши билан бирга, аввалроқ ўзи ўрнатган полумарафон бўйича Ўзбекистон рекордини янгилади. У 21 км масофани 1 соат 11 дақиқа 58 сонияда босиб ўтди. У бунга қадар 1 соат-у 13 дақиқалик кўрсаткични қайд этганди.

Эркаклар ўртасида ғолиблар:

1 — ўрин: Андрей Петров (соврин 12 млн сўм)
2 — ўрин: Шохрух Давлатов (10 млн сўм)
3 — ўрин: Отабек Ташқувватов (8 млн сўм)
4 — ўрин: Владислав Мамедов (6 млн сўм)
5 — ўрин: Евгений Фадеев (5 млн сўм)

Аёллар ўртасида ғолиблар:

1 — ўрин: Ситора Ҳамидова (соврин 12 млн сўм)
2 — ўрин: Марина Хмеловская (10 млн сўм)
3 — ўрин: Екатерина Тунгоскова (8 млн сўм)
4 — ўрин: Ситора Қурбонова (6 млн сўм)
5 — ўрин: Вероника Гришина (5 млн сўм)

Samarkand Half Marathon ташкилотчилари — Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси — пандемия сабабли марафонни икки шаклда — Самарқандда профессионаллар ўртасида ҳамда барча хоҳловчилар орасида виртуал югуриш мусобақасини ўтказишни мақсад қилишган.

Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов онлайн марафонда 35 давлатдан профессионал ва ҳаваскор спортчилар қатнашишини маълум қилди.

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: