Сарвар Каримов: Ўзбек киноларига ошкоралик етишмаяпти

Болалар ҳақида ишлаган фильмларингиз ўз мухлисларини топди. Аммо салкам 7-8 йил ўтди ҳамки, болалар мавзусида бошқа фильм яратилмади. Демак, болалар учун фильмлар масаласи ҳам бугунги кино муаммоларидан бири. Шундай эмасми?

Афсуски, ҳа. Негадир бизда болалар киносига ҳеч қачон етарли эътибор қаратилмаган. Илгари, яъни совет даврида ҳам, мустақилликдан кейин ҳам. Шу сабаб ўзбек киноси тарихига назар ташласангиз, болалар учун мўлжалланган фильмларнинг саноқли эканига гувоҳ бўласиз. “Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан бир йилда буюртма қилинаётган фильмларнинг битта ёки иккитасини болалар ва ўсмирлар учун қилиб белгилаш керак, менимча. Вақт ўтиб сон сифатга айланади. Албатта, бу фильмларни тасвирга олишда айрим қонуний имтиёзлар белгиланиши зарур. Ҳозир нега болалар киносини олишга режиссёрларда катта иштиёқ йўқ? Чунки болалар учун кино олиш бироз мураккаб. Кўп дубль қилишга тўғри келади. Бир кунда катталар билан учта саҳна олиш мумкин бўлса болалар билан бир кунда битта саҳнани олиш ҳам мураккаб. 
Меҳнат қонунчилигига кўра ҳам вояга етмаганларни 4 соатдан кўп ишлатиб бўлмайди. Аммо биз режиссёрлар қонунни бузиб, ёш болаларни ҳудди катталардек 12 соатлаб ишлатишга мажбурмиз. Чунки фильни белгиланган муддатда топширмасангиз бўлмайди. Шу сабабдан режиссёрларда болалар киносини олишга катта хоҳиш йўқ.

Томошабинни кинотеатрга қайтариш керак. Бу тўғри йўлдир. Лекин бугун дунё киносаноати онлайн кинотеатр орқали кўпроқ даромад топмаяптими? Жаҳон кино саноатидаги тенденцияларни кузатиб борасизми?

Албатта, жаҳон кино саноатида бўлаётган ўзгаришларни кузатиб бораман. Кинотеатрга бораётган томошабинлар сонининг йилдан йилга камайиб кетаётгани ҳеч кимга сир эмас. Одамлар кинотеатрдамас, балки уй шароитида фильм томоша қилишни афзал кўрмоқдалар. Пандемия эса бу тенденцияни янада кучайтириб юборди. Ўзбекистонга келадиган бўлсак – бизда кинотеатрлар сони жуда кам. Бирорта ҳам кинотеатрга эга бўлмаган катта-катта шаҳарларимиз бор, ҳатто. Қолаверса, кинотеатрга қатнаш маданияти ҳам яхши ривожланмаган. Масалан, дам олиш кунлари одамлар музей, театр ёки кинога эмас, чойхона ва қаҳвахонага боришни маъқул кўрадилар. 
Онлайн кинотеатрлар орқали пул ишлаш бизда жуда қийин масала. Одамлар “интернетга ўзи шунча пул тўлайман, энди кинони кўриш учун алоҳида пул бераманми?” дейди дарров. Эҳтимол,  интернет тезлигини ошириб, нархини туширсак – вазият ўзгариши мумкиндир.  

Киноиндустрия ҳақида гапиришяпти. Бизда киноиндустрия ривожланиши мумкинми? Сиз жараён ичида юрган одам сифатида ўзбек киноиндустрияси эртасини қандай кўрасиз?

Биз ўз қобиғимиздан чиқиб, нафақат ўзбек, балки бутун Ўрта Осиё томошабинлари учун кино ишлашни бошласак ривожланамиз. Бундан 15 йилча аввал айнан шундай эди. Ўзбек режиссёрлари яратган фильмларни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, ҳатто Россиянинг Кавказида ҳам севиб томоша қилишган. Афсуски, 2010-йилларнинг бошида соҳага жуда кўп саводсиз одамлар аралашиб, ўзбек киносининг сифатини тушириб юборишди. Оқибатда биз қўшниларимиз – Қозоғистон ва Қирғизистондан ортда қолиб кетдик. Ўзбек киноиндустриясининг эртасини йирик ҳусусий студияларнинг пайдо бўлишигина қутқариши мумкин. Афсуски, бизда бунақа студиялар ҳозирча йўқ.


Кино ишлаб чиқариш жараёнида нақд пулга рухсат берилмаслиги муаммоси бор экан. Бунинг ечими наҳот қийин бўлса…

Биз бу муаммони гапираётганимизга 10 йилдан ошди. Шу пайтгача ҳеч ким бизни эшитишни истамади. “Нақд пул ҳеч қайси соҳада йўқ. Ҳамма эплаяпти, сизлар ҳам эпланглар” дейишди. “Эплаганда” эса коррупционерга чиқариб, суд қилишди. Бошқа соҳаларда нақд пулга эҳтиёж бир ойда бир марта, нари борса бир ҳафтада бир марта бўлиши мумкин. Бироқ кинода нақд пул ҳар куни керак. Мен миллиардлар ҳақида гапирмаяпман, арзимаган нақд пулни назарда тутяпман. Оммавий саҳналар учун чақирилган 100 та одамга 50.000 сўмдан пул бериш учун 100 тадан паспорт нусҳаси, ИНН, ИНПС ва банк номига ариза ёзилиши, кейин 100 та пластик карта очилиб, солиқларни айирган ҳолда 40.000 сўмдан ташлаб берилганидан кейин яна нима дейиш мумкин? Реквизит сифатида ишлатиладиган эски-туски нарсаларни одамлардан сотиб олиш-чи? Ёки қишлоққа бориб, бирор маҳаллий хонадонда эпизодларни тасвирга олиш? Хуллас, гапирса гап кўп, эшитадиган қулоқ йўқ фақат. (суҳбат 2020 йил қилинган, айни пайтда янги чиққан қарорга кўра бу масала бартараф этилиш арафасида – таҳр.)


Бугунги ўзбек киноси учун актуал мавзулар деб қайси  мавзуларни айта оласиз?

Кино жамият ҳаёти билан ҳамнафас бўлиши керак. Ҳар бир даврнинг ўз долзарб мавзулари бор. Бугунги ўзбек киносига ошкоралик етишмаяпти. Биз узоқ вақт кучли цензура остида ишладик. Ҳозир вазият ўзгарган бўлса ҳам, одамларнинг миясидаги цензура йўқолмаган. Коррупция, пораҳўрлик ҳақида кино олса бўлади-ку? Ёки қуюшқонидан чиқиб кетган раҳбарлар ҳақида? Уйи бузилган одамлар, меҳнат муҳожирлари ҳақидаям кино ишласа бўлади-ку? Афсуски, ҳали-ҳамон ўша маиший мавзулар..

Бугунги кинотомошабин диди афсуски, ҳавас қиларли эмас. Агар томошабин дидини ошириш учун йўл харитаси тузиш керак бўлсаю у сизнинг зиммангизга юкланса…

Ўзбек томошабинининг дидини ошириш учун умумталим мактаб дастурига “Санъат асослари” деган фан киритиш лозим. Одамларга мактаб йилларидан театр, опера, балет, тасвирий санъат, кино ва мусиқанинг тарихини, илмий асосларини тушунтириш керак. Нега ҳамма ўқув муассасаларида “Иқтисодиёт” фани ўргатилади-ю, лекин санъат асослари ўргатилмайди? Коллежларда ҳам, институтларда ҳам ўргатса бўлади. Шундагина, орадан йиллар ўтиб бўлса ҳам, биз дидли томошабинлар авлодига эга бўламиз. Албатта, бу  жуда мураккаб иш: аввало фанни ўқита оладиган педагогларни тайёрлаш керак, кейин дарсликлар, методикаларни ишлаб чиқариш лозим. Лекин бу ишни қилмасдан дидли томошабинни шакллантириб бўлмайди. 


Дунё киносанъатида янги асрдан бошлаб кино реализм услубидан воз кечмоқда. Бу фикрга қўшиласизми? Ёки Сиз 21 аср киносига қандай баҳо берган бўлар эдингиз?

Мен кинони икки турга ажратаман: яхши ёки ёмон. Замонавий блокбастерларнинг ҳаммаси ёмон, классик фильмларнинг ҳаммаси яхши, деган фикр нотўғри. Қандай жанрда, қандай мавзуда, қайси давр ва мамлакатда олинган бўлса ҳам фильм яхши бўлиши мумкин ёки ёмон. 21 аср киноси янги мавзуларни, янги кинематографик усулларни ва янги чеҳраларни кашф қилмоқда. Технологияларнинг ривожланиши деярли ҳар бир инсонга фильм яратиш имконини бермоқда. Бу эса ишлаб чиқарилаётган видеомаҳсулотлар сонининг хаддан зиёд ошиб кетишига олиб келди. Яхши кинолар ҳозир ҳам ишланяпти, аммо улар улкан медиаконтент уммонида йўқ бўлиб кетяпти.

Ўқувчиларга ўзингиз севиб ўқийдиган бешта китоб номи ва муаллифларини айтсангиз?

Бешта китобни санашим бироз қийин. Чунки мен айнан бирор асарни эмас, муаллифни кўпроқ ёқтираман. Масалан, Харуки Мураками ва Стивен Кингни севиб ўқисам-да, уларнинг бирорта асарини алоҳида ажрата олмайман. Детектив жанридаги романларни эса болалигимдан мириқиб ўқийман – Агата Кристи, Рекс Стаут, Дэшилл Хэммет, Жеймс Чейз, Раймонд Чандлер, Хорас Маккой, Жеймс Кейн.  Бешта асарни санаш керак бўлса, менимча, қуйидагилар бўлса керак: Г.Г. Маркес – “Бузрукнинг кузи”, “Полковникка ҳеч ким хат ёзмайди”. Жорж Оруэлл – “1984”. Франц Кафка – “Жараён”. Жером Дэвид Сэлинжер – “Жавдарзор адоғидаги жар устида”.

Сарвар Каримов – «Прометей», «Сеҳрли қалпоқча», «Сариқ девни миниб», «Сарвиқомат дилбарим» фильмларининг режиссёри.

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: