Саводхонлик хавф остида!

9 июль куни икки навқирон, ғайрат-шижоати жўш урган вазирларимиз халқ таълими ва олий таълимнинг долзарб муаммоларини ўртага қўйиб, брифинг ўтказибдилар. Ушбу тадбир ҳақида бир қанча хабарлар ўқидим. Кейин ушбу масалага доир андак изоҳ ва шарҳга ҳам журъат қилинганини кўрдим. Сўнг тармоқда Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси раҳбари Алишер Қодировнинг бу борадаги муносабати билан танишдим. Ана шундай қизғин, ҳаяжонли баҳсга чорловчи фикр мени ҳам муносабатга қўшилишга ундади.

Назаримда, ҳурматли вазирларимиз бекорга брифинг ўтказишмаган. Улар эндиги таълим-тарбиянинг жиддий масалалари устида жамоатчиликни хабардор қилиб, улар билан ҳам маслаҳатлашмоқчилар. Уларнинг таълим-тарбия тизими ва жараёнларини интенсивлаштириш тарафдори эканликлари кўриниб турибди. Айни пайтда Олий таълим ва халқ таълимига жиддий инновациялар олиб киришмоқчи.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов

Замон, давлатимизнинг танлаган йўли, Америкадан тортиб Ҳиндистонгача шу тобда ишларнинг бориши ва характерланиши шуни талаб қиляпти. Шундай инновациялардан бири Халқ таълими вазирининг фикрича, ўзбек тилини ўқитиш ва ўргатишда дарс соатларини қисқартириш, Олий таълим вазири наздида эса олий ўқув юртларида тарих фанини ўқитишни қисқартириш бўлиб кўринади. Партия раҳбари эса бундай йўналишдаги «инновацион» фикрлар юртимиз мафкураси ва маънавиятининг асосини белгилаб турган миллий тикланиш ва юксалиш йўлига мутлақо зид деб билади.

Ҳурматли Халқ таълими вазирининг фикр-мулоҳазасига қарасак, савол туғилади: мабодо умумтаълим мактабларида ўзбек тилини ўқитишни қисқартирсалар, бундан қандай натижага эришадилар? Эҳтимол хорижий тилларни ўқитиш ва ўргатишга кўпроқ вақт ажратиш имконияти туғиладими? Ёхуд санитария-гигиена, физиология, оила дарсларини умумтаълим муассасаларида ниҳоят ўтишга кенг йўл очиладими? Ахир эндиликда бу йўналишлардаги предметларни болаларга дарс сифатида ўтмасликнинг иложи қолмаяпти-ку! Зеро, бундай балоларга қарши курашга болаларимизни бошданоқ кучли қуроллантириш заруратга айланмоқда-ку! Ковид ва инсоният олдида турган бошқа иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ балойи офатлар одамзотнинг билим базаларини чуқурлаштириш ва курашга тайёрлаш зарурлигини қатъий тақозо қилмаяптими? Вақт йўқ! Фурсат йўқ! Соат йўқ! Уларнинг ҳаммасини инсоният урушларга, талончиликларга, қонхўрликларга босқинчиликларга сарфлаб бўлди. Фақат бу каби зарурдан зарур фанларни ўзбек тилини ўқитишни қисқартириш ҳисобига ўқитамиз-да! А? Бошқа нима қиламиз.

Математикани, физика, кимё ёки биологияни қисқартириб бўлмайди! Фақат ўзбек тили ва тарихни қисқартириш мумкин. Ана, йўл! Илғор онгимиз шу ергача топиб келибди. Ана, инновация! Мабодо, ўзбек тили ва тарих дарсини қисқартирсак, нима бўлади? Осмон узилиб ерга тушмайди, албатта. Аммо аниқ: умуммиллий саводхонлик қадриятини бутунлай йўқотамиз ва барбод қиламиз. Ўзимиз ҳам емирилиб ниҳоят адо бўламиз. Умуммиллий саводхонлик қадрияти нима ўзи? Физиология ва анатомия тилида сўзласак, у миллатнинг умуртқаси, ўзаги. У бўлмаса одам мангу букилиб яшайди ва чангалзорларга қочади. У миллатнинг юзи! Унинг доимий ўсиш ва юксалиш базаси. Умуммиллий саводхонлик нима ёки нималардан ҳосил бўлади? Аввало ўзбек тили ҳақидаги теран билимлардан, грамматика, морфология, синтаксисдан, луғат бойликларидан ҳосил бўлади. Ҳурматли вазиримиз учун грамматикани ҳам бошланғич ибтидоий тарзда билиш ҳозирги замон кишисига кифоя қилади, деган фикр ҳам бегона эмасга ўхшайди.

Қодирий грамматикасиз одамларни калвак, деб атаган эди.

Грамматика илоҳий даражадаги қонун-қоидаларга эга. Грамматикасиз илоҳиёт ҳам, дин ҳам, фалсафа ҳам, математика ҳам, квант механикаси ҳам, Ернинг тортилиш қонуни ва умуман, ҳеч қандай қонуният йўқ ва тушунарли эмас. Грамматикасиз ёзувчилар чала, тарихчилар чала, қонунчилар чала, муомала чала, фикрлар чала, муносабатлар чала бўлади. Қодирий грамматикасиз одамларни калвак, деб атаган эди. Калвакнинг билганлари ўта чала, сўзлайдиганлари ўта чала, аммо ўзини бағоят ақлли деб билади: махзумликка, яъни олимликка, саводхонликка даъвогар. Бир замонлар эски Россияда Фонвизин калвакни недоросль деб атаган ва унинг қиёфасини том мазмундор яратган эди. Ўшандан бери қанчалаб толстойлар, муқимийлар келиб кетди, аммо недоросллар йўқолмади, улар дам фашизм, дам коммунизм, дам турли диний мазҳаблар қиёфасига кириб олди. Ҳозир ҳам улар шундай қиёфаларни фаол ўзлаштирмоқда, билъакс кўпайиб уруғи урчиб борди.

Она тили – миллий тилга муҳаббат ва эътиқоднинг йўқлиги шундай нарсаларга олиб борди. Тилдан дастлабки, майли бошланғич дея қолайлик, саводхонлик мустаҳкам ва кучли бўлмаса, амин бўлаверинг, қолган барча нарсаларни ўзлаштириш чалалигича ва қинғирлигича қолаверади. Она тилини қисқартириб яшаш девори йиқилай, томи босиб тушай деб турган уйда истиқомат қилиш билан баробар. Аммо, айтинг, шу одамга муносиб истиқоматми? Одам зўр математик бўлиши мумкин, рус тилини сувдек билиши мумкин, лекин миллий тилнинг грамматикасисиз қуруқшаган нодонликни енгиб ўтолмайди. Умр бўйи киши лақмалигича қолади. Бу борада гап кетганда, мени кўп-кўп енгишган: одам саводхон бўлмаса ҳам, грамматика сўз туркумлари, сўз ясалишлари, гап қурилишлари, бадиий нафосатларни билмаса ҳам ҳаммадан бой-бадавлат яшаш, обрў-эътибор топиши, катта-катта лавозимларга кўтарилиши, супер автомашиналарда юриши, тўхтовсиз расмга тушишлар машқини олиши мумкин. Атрофимизда, барча ерларда шундай гапларни айтиб, енгишади. Мот қилишади. Бой бўлиш учун саводхон бўлиш асло шарт эмас, деб ўзларини ҳам, наслларни ҳам алдаб келадилар. Эркин Воҳидов таъбири билан айтганда эса шу тариқа «ширин ёлғонлар»ни урчитадилар. Жамиятлар шундай «ширин ёлғонлар» устига омонсиз тарзда қурилди. Ўзимизни бунга жуда қаттиқ ишонтириб, кўзимизни чирт юмиб яшайвердик. Наҳотки эндиликда ҳам бутун бир миллат лақмалардан ва калваклардан таркиб топиб кетаверишини истасак? Ҳолва деган билан оғиз чучимайди. Лекин қачонгача чучийди деб, қазноғимиз ҳолвага тўла деб ўзимизни ўзимиз ишонтирамиз. Худо дейиш учун Худога муносиб, миллат дейиш учун миллатга муносиб, Форобий дейиш учун Форобийга муносиб бўлмоқ керак. Одам ва одамий бўлишнинг бошқа йўли йўқ. Умуммиллий саводхонликнинг маъно-мазмуни шу. Умуммиллий саводхонлик устувор бўлгандагина барча тоифадаги кредитлар муваффақият билан ишга тушади, барча грантлар изидан янги ҳаёт йўллари очилади, барча мутахассисликлар шараф қозонади. Мен муҳтарам вазирларимиз билан бирга барча умумтаълим муассасалари, олий ўқув юртлари, идоралар ёзув-сўзлашувларида умуммиллат саводхонлик даражасини ўзимиз учун тўла аниқлаш, тасаввур ҳосил қилиш ва бошқа ҳеч қачон бу асос соҳаларда ўзимизни алдамаслик учун кузатувлар, муҳокамалар олиб бориш, муҳтарам ўқитувчиларнинг юрагига қулоқ солиш, уларнинг Беҳбудий, Авлоний, Тавалло даврларидан бери тахланиб ётган дардларини тинглашни таклиф қилган бўлардим. Ўзингни ўзлаштирмагунча ўзгани ўзлаштиришдан фойда йўқ. Ўзинг катта тоза дарё бўлиб оқсанг, бошқа дарёлар ҳаммаси сенга қўшилади.

Жон-жаҳди билан ишлаётган катта газетамиз «Янги Ўзбекистон»дан биттагина мисол келтирай. Мақола катта-катта қилиб ёзилган: «ИННОВАЦИЯ. СТАРТАПЛАР ЭКОТИЗИМИНИ ШАКЛЛАНТИРИЛМОҚДА, ХОТСПОТ». Шу холос, тўлиб тошиб чиқаётган газетанинг барча сонлари ва барча саҳифалари шундай тамомила янгича. Ахборот технологиялари вазири ҳурматли Шуҳрат Содиқовнинг мухбир билан мазмундор, билимдон суҳбатини ўқиймиз. Унча-мунча одамнинг боши дош бермайди. Мия охирига етгунча шишиб кетади. Шу замоннинг фикрлари, шу замоннинг тили, «Вектор форматида «Монтерра» онлайн платформаси»… АКТ, ИТ, юз мингдан ортиқ сўровлар, электрон ҳукумат ва ҳоказо ва ҳоказолар. Булар урвоқ, аммо уларни тушуниш, ўзлаштириш учун вазир даражасидаги билим керак, ҳозирги замон кишиси ва ҳозирги замоннинг юксак савияли одами бўлиш керак. Қандай қилиб шундай шароитда ва шундай ахборот босимида тил ва тарих соатларини қисқартириш ҳақида жиддий гапириш, масала қилиб кўтариш мумкин? Тилку ахир тушунча ва билимларни шакллантирадиган, хазиналарни очадиган! Саводхонлик юксак даражада бўлмас экан, халқ бўлаётган ҳодисаларга нима баҳо беришини билмай ўтираверади.

Ҳар қандай шароитда ҳам ўзбек тили ва тарих дарслари хоҳ ўрта мажбурий таълим, ҳоҳ олий таълим, хоҳ ҳаёт таълими мактабларида ҳеч қачон қисқартирилмаслиги, аксинча, доимо кучайтирилиши керак. Аксинча, АКТларни то қора тупроққача билмай ўтиб кетаверамиз. Ёшлар барчасига улгуришлари ва бу каби ишларнинг барчасида океан балиқлари каби яшашлари учун бирдан бир позитив йўл ва усул дарсларни интенсив тарзда ўқитиш. Ҳа, интенсив! Бу янги гап эмас, аммо энди бошқа йўл йўқ. Шундай интенсив йўллар топайликки, грамматиканинг олти туркумини бола умрининг охиригача ёд билсин. Сўз ясаш, нутқ адо этиш, тафаккурнинг чексиз гўзаллигидан умрининг охиригача завқланиб ўтсин. Охиригача унинг юрагидан тилнинг мангу ҳаётбахш дарё си оқиб ўтсин. Ҳозир худди иқлим каби умумиллий саводхонлик ҳам хавф остида. Фақат тилгина эндиги ва келажак оғир шароитларда халқни интизомга ўргатади. Интизомли халқ енгилмайди. Етук саводхон халқ доимий курашга ва унда доим енгиб чиқишга қодир бўлади. Шуҳрат Содиқов каби коммуникация вазирларининг инновацион фикрларини бемалол уқиб, ўзлаштириб ва ҳатто улардан ҳам ўтиб, ўзиб, ўзғиб боради.

Иброҳим Ғофуров

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: