Сенатнинг еттинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади

Бугун, 11 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатининг еттинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.

Видеоконференцалоқа шаклида ўтаётган мажлис кун тартибига 16та масала киритилган.

Ялпи мажлисда «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги, «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги, «Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида»ги, «Халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги, «Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлардан ва ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Бюрократик тўсиқлар янада қисқартирилиши ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойиллари жорий қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари муҳокама қилиниши назарда тутилган.

Шунингдек, бугун сенаторлар Молия вазирининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2020 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги ахбороти эшитишади.

Мажлисда Тошкент вилояти Зангиота, Қуйи Чирчиқ, Янгийўл ва Ўрта Чирчиқ туманлари, Тошкент шаҳри Сергели ва Бектемир туманлари, шунингдек, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри чегараларини ўзгартириш ҳамда Тошкент шаҳри таркибида Янгиҳаёт тумани, қолаверса, Наманган шаҳри таркибида Давлатобод туманини ташкил этиш тўғрисидаги масалалар ҳам кўриб чиқилади.

Илмий фаолиятни ривожлантириш учун кўрилаётган чоралар ҳолати ҳамда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун яратилган шарт-шароитлар тўғрисида Ҳукуматга парламент сўровлари юбориш масаласи ҳам ялпи мажлис кун тартибидан жой олган.

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: