Сенатор ва депутатларнинг йиғилишини кўриб…

Бир муддат муқаддам телекўрсатувлар орқали cенатор ва депутатларимизнинг ялпи ҳисобот-йиғилишида турмушимиздаги муаммолар ҳақида очиқ-ойдин фикр билдирганини кўриб ҳузурландим.

Айниқса, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов, Ўзбекистон Қаҳрамони Ҳасан Нормуродов ва таниқли журналист, сенатор Фармон Тошевнинг маърузалари жуда ўринли бўлди. Улар ҳаётимизни мураккаблаштираётган муаммоларни очиқ-ойдин айтишди. Чиндан ҳам, депутатлик сўровига панжа орасидан қарайдиган айрим мутасадди вазирлик ва ташкилотлар раҳбарлари Президентимиз фармон-қарорларини бажаришда сусткашлик қилишаётгани бор гап.

Ушбу мақолани ёзишга сенатор, Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродовнинг фикри туртки берди. У киши умумий ўрта таълим муассасалари Кузатув кенгашига оид Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2019 йил 11 январда 3118 рақам билан рўйхатдан ўтказилган намунавий Низом ишлаб чиқилганини айтиб, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Ш.Кудбиев ҳамда Ўзбекистон Республикаси касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси Қ.Рафиқов билан келишилган мазкур низом тўғрисида ўз қарашларини билдирди.

Сенаторнинг фикрича, мактаблардаги Кузатув кенгаши нотўғри тузилган, деган хулосага келинмоқда. Бу нотўғри фикр. Кузатув кенгаши тузилиши ўз моҳиятига кўра, таълим муассасаларидаги коррупция ва порахўрлик, бошбошдоқлик, ноқонуний пул йиғиш ва ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш, металлом тўплаш ва мажбурий обунага чек қўйиш ҳамда келажагимиз бўлган ёш авлодни тарбиялаш, уларнинг самарали илм олишини таъминлаш, мактабдаги қобилиятсиз, ўз устида ишламайдиган педагоглар, синф раҳбарларининг билими, савиясини текшириш, таҳлил қилиш, айрим мактаблардаги мутасаддилар хатти-ҳаракатини назорат қилиш имконини беради.

Афсуски, бундай Кузатув кенгашларини тан олмайдиган раҳбарлар эскича якка ҳокимлик йўлини танлашни афзал қўрмоқда. Масалан, бир мактаб директори халқ таълими бўлими мудири ноқонуний буюрган ишни бажармаса, мудир дарров ундан қутилиш пайига тушади ва пора эвазига янги директор тайинлашга уринади. Бунга эса Кузатув кенгаши тўсқинлик қила олади. Ваҳоланки, туман халқ таълими бўлими ҳақ бўлса, хато, камчиликка йўл қўяётган мактаб директори ишини кузатув кенгашига ёзма равишда билдирги билан етказиши ёки қўшма йиғилиш ўтказиб, ишдан бўшатиш сабабини кўрсатиб, мурожаат қилиши мумкинку?!

Иккинчи масала. Ижтимоий тармоқда фалон туман халқ таълими бўлимида 992 миллион сўм ўзлаштирилгани, яна бирида 870 миллион сўм талон-тарож қилингани ҳақида ёзилди. Ёки Самарқандда ҳисоб палатаси текширувини ёпиш учун ўқитувчилардан пул йиққан мактаб директори ишдан олинди, деган хабар тарқалди. Кескин чора кўрилмаса, бундай ҳолатлар давом этаверади, деб ўйлайман. Шунинг учун Кузатув кенгашининг ролини ошириш керак. Тўғри, айрим мактабларда маҳаллийчилик, таниш-билишлик бўлиши мумкин. Аслида, Кузатув кенгаши раиси, унинг аъзолари ота-оналар йиғилишида очиқ овоз билан сайланади ва шу таълим муассасаси фаолиятида ота-оналар вакилининг иштирокини таъминлайди, якка ҳокимликнинг олди олинади.  Бу эса таълим тизимида ошкораликни таъминлашга хизмат қилади. Шундай экан, Кенгаш аъзолари йиғилиш ўтказганда мактаб директори, унинг ўринбосарлари иштирок этиши, кенгаш фикри билан ҳисолашиши, кенгаш томонидан кўрсатилган  нуқсонларни бартараф этиши, пировардида жамоа таълим тизимида софлик қарор топишига эришиши керак.

Ҳақиқат аччиқ, чунки келажагимиз меваси бўлмиш фарзандларимиз тақдири устозлар қўлида. Бунга ҳеч ким бефарқ бўлмаслиги керак. Кузатув кенгаши барҳам топса, давлат кассаси ва омманинг киссаси офатга учрайди

Яна бир масала… таълим тизимини битирганларнинг неча фоизи ОТМга ўқишга кирганини таҳлил қилиниб, мактабларнинг рейтингги ўсиши йўлга қўйилса, нур устига аъло нур бўларди. Шунда ўқитувчи-педагогларнинг ўқувчига билим  бериш савияси қай даражада экани яққол кўзга ташланади. Муҳтарам ўқитувчиларимиз фарзандларимизни ўқитгани учун эмас, нечта ўқувчиси ўқишга киргани учун рағбатлантирилса, таълим тизимида самара бўларди. Акс ҳолда, ойлик тайин, кун ўтса бўлди, қабилида  яшайверамиз.

Икром Хайруллаев,
пенсионер

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: