Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Нима учун машҳур?

Ўзбекистон Республикасининг биринчи муфтийси. Маккаи Мукаррамадаги «Бутун Дунё Ислом Робитаси»нинг таъсис мажлиси, Бутун дунё тасаввуф уюшмаси, Бутун дунё Исломий халқлари бошқарувининг бош котибияти, Бутун дунё даъват уюшмаси, Бутун дунё Уламолари кенгаши уюшмаси, Исломобод шаҳридаги Бутун дунё Ислом уюшмаси, Маккаи Мукаррамадаги Бутун дунё муфаккир уламолари йиғинининг ижроия қўмитаси, Бутун дунё масжидлар уюшмаси, Иорданиядаги Оли Байт муссасасига қарашли Исломий фикрлар академияси аъзоси. Шунингдек, Миср, Ливия ва Россия каби давлатларнинг фахрий унвон ва мукофотлари билан тақдирланган.

Қандай қилиб машҳур бўлди? 

Шайх Муҳаммад Содиқ ҳазратлари 1952 йил 15 апрелда Андижон вилоятининг Асака шаҳрида, илмли ва эътиқодли оилада таваллуд топган. Оиладаги муҳит унинг келажак ҳаётига ўз таъсирини ўтказди. Шайх Муҳаммад Содиқ Қуръони Карим, сарф, наҳв каби бошланғич илмни илк устози – отасидан олган. Унинг китобдан ортган вақти бўлмаган. Кечаси ухлаб қолгунча мутолаа қилган экан. Ўрта мактабни тугатгач, 1970 йил Бухоро шаҳридаги “Мир Араб” мадрасасида, сўнгра Тошкентдаги имом Бухорий номли Ислом олий маъҳадида таҳсил олган. Ўз фаолиятини “Совет шарқи мусулмонлари” журналида бошлаган. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси Шайх ҳазратларини Ливиядаги Исломий даъват факультетига ўқишга юборади. Ўқишни тамомлаб, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идорасининг ташқи алоқалар бўлимида ишлаб, Тошкент Ислом институтида ўқитувчиликдан тортиб, ректор лавозимигача фаолият юритади.

1989 йилда эса Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний идораси муфтийси лавозимига тайинланади. Шайх ҳазратларининг Горбачёв билан бевосита мулоқотидан сўнг коммунистик тузумнинг мусулмонларга нисбатан сиёсатида ўзгаришлар сезилади. Шайх ҳазратлари мустақил Ўзбекистон Республикасининг биринчи муфтийси бўлади. Диний қадриятлар қайта тикланаётган бир даврда фаолият бошлаган Шайх ҳазратлари халқаро миқёсда ҳам самарали иш олиб бориб, кўплаб ислом мамлакатлари билан маданий алоқаларни йўлга қўяди. Шунингдек, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф юздан ортиқ китоблар ва интернет саҳифалар муаллифидир. Айниқса, Шайх ҳазратларининг 6 жузли “Тафсири Ҳилол”, 39 жузли “Ҳадис ва ҳаёт”, 5 жузли “Хислатли ҳикматлар шарҳи”, 3 жузли “Руҳий тарбия” каби асарлари маълум ва машҳур. 2004 йилда унинг раҳбарлигида islom.uz веб лойиҳаси йўлга қўйилган эди. Ҳазрат 2015 йил 10 март куни Тошкент шаҳрида вафот этди. 2019 йили пойтахтимизда Шайх Ҳазратлари номидаги катта бир масжид бунёд этилди. Бундан ташқари, Жанубий Кореядаги янги очилган масжид Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг номига қўйилган.

Машҳур нима дейди?

“Мўмин-мусулмон ўзининг кийими билан, ўзини пок тутиши билан, ҳатти-ҳаракати билан инсониятни энг гўзал нуқтасига айланишига пайдам бўлиши керак”.

“Кўчага чиқишдан олдин оила аъзоларига хабар бериб, уларга яхши тилаклар билдиради ва дуоларини сўрайди. Ота-онаси бўлса, улардан алоҳида дуо олади. Бундай қилиш кишининг юксак одобига далолат қилади”.

“Бир ишга ўзингизни бир муддат мажбурласангиз, ўша нарса сизга одатга айланиб қолади, кейин ўшани бажармасангиз, уйқунгиз келмайдиган бўлиб қолади”.

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: