Шавкат Мирзиёев

Мирзиёев ҳақида қисқача

Ўзбекистон Республикаси Президенти. “Меҳнат шуҳрати” ва “Фидокорона хизматлари учун” орденлари билан тақдирланган. Шавкат Мирзиёев Қирғизистонда “2019 йил одами” деб топилган. “Евроосиё олдидаги хизматлари учун” номли юксак мукофот соҳиби. Бугун, 24 июль куни унинг туғилган куни.

Мирзиёев ҳаёт йўли

Шавкат Миромонович Мирзиёев 1957 йил 24 июлда Жиззах вилоятининг Зомин туманида шифокорлар оиласида туғилган. Отаси Миромон Мирзиёев Зомин туманидаги сил касалликлари диспансери асосчиси ва бош шифокори бўлган. У қишлоқдаги биринчи олий тоифали шифокор эди. Урушдан кейинги йилларда у Зоминга ренген аппаратини олиб келишга ва кўплаб сил билан оғриган беморларни даволашга эришган. Онаси ҳам мазкур диспансерда фаолият юритган, аммо ёш вафот этган. Отасининг иккинчи аёлининг таълим-тарбияси бўлажак халқ лидерининг ҳаётида катта роль ўйнайди. У 1981 йил Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тугатган. Шавкат Мирзиёев ўз интервьюларидан бирида “агар ирригатор бўлмаганимда шоир бўлардим”, деган эди. У ёшлигидан ўз олдига ҳамиша катта режа, мақсад қўяр эди. Меҳнат фаолиятини мазкур институтда бошлаб, кичик илмий ходим, катта ўқитувчи, доцент, ўқув ишлари бўйича проректор лавозимларида ишлаган. Техника фанлари номзоди, доцент илмий унвонларига эришган. Турмуш ўртоғи Зироатхон (Ҳошимова) Мирзиёева билан ҳам мазкур институтда танишган. Қўқонлик бу талаба қиз Фарғона водийсининг нуфузли кишиларидан бири Маҳмуджон Ҳошимовнинг қизи эди.

1990 йил 33 ёшида Шавкат Мирзиёев Республика Олий Совети депутатлигига сайланиб, Мандат комиссиясининг раиси сифатида фаолият кўрсатган. Аммо, бу лавозимларига қарамай ўша йиллари у икки хоналик квартирада яшаган. 1992 йилда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани ҳокими лавозимига тайинланади. Шундан сўнг унга янги уй ажратилар экан, унга эришиш ҳам осон бўлмайди. Мазкур масалада уни сарсон қилган бўлим мудираси кейинчалик узр сўраб, уни вазифасидан озод қилишларини сўрайди. Аммо Мирзиёев айбини тушунган аёлга ишини давом эттириши мумкинлигини айтади. 1996–2001 йилларда эса туғилиб ўсган Жиззах вилояти ҳокими, 2001–2003 йиллар мобайнида Самарқанд вилояти ҳокими лавозимларида ишлаб, мазкур туман ва вилоятларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга катта ҳисса қўшган. Ургут туманидаги икки қўшни қишлоқ ўртасидаги абадий низони ҳал қилишга муваффақ бўлган. Ижро ҳокимиятидаги фаолияти билан бир пайтда 1995–2003 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг депутати сифатида ҳам мамлакатни сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда демократик ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги муҳим қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнида фаол иштирок этиб, самарали фаолият олиб борди. Мирзиёев 2003 йилда Ислом Каримовнинг таклифи билан Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири этиб тасдиқланади ва ушбу лавозимга яна уч марта – 2005, 2010, 2015 йилларда Олий Мажлис палаталари томонидан қайта тасдиқланган. 2016 йил 8 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида парламент палаталарининг қўшма қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажариш вақтинча Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Миромонович зиммасига юкланади. 2016 йил 4 декабрдаги президентлик сайлови натижасига кўра, у Ўзбекистон Республикасининг Президенти этиб сайланди. АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен таъкидлаганидай, Мирзиёев ўз бошқарувида мажозий қилиб айтганда, халқ ва ҳокимликлар ўртасидаги деворни бузиб ташлашга эришди. Қолаверса, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳам катта ислоҳотларни амалга оширди. 

Шавкат Мирзиёевнинг икки қиз, бир ўғли, беш нафар набираси бор. Рафиқаси Зироат Мирзиёева мутахассислиги бўйича муҳандис-иқтисодчи, айни пайтда «Замин» фонди васийлик кенгаши раиси.

Президент 61 ёшга тўлиши муносабати билан “Жаноб Президент” номли махсус фильм намойиш этилган. Шавкат Мирзиёевнинг бир қанча сиёсий китоблари нашр этилган.

Мирзиёев фикрати

“Ҳар бир инсоннинг ҳаётидаги энг катта нарса бу – оила. Оила мен учун муқаддас. Ким бўлишингдан қатъий назар, оиладаги тарбия, оиладаги муҳит, оиладаги ҳалоллик, муносабатларга алоҳида эътибор бермасанг, ҳеч қачон натижа бўлмайди. Мен фарзандларимнинг тарбиясига жуда катта эътибор берардим. Ҳар бир фарзандимга ҳам, неварамга ҳам ўзимнинг алоҳида муносабатим бор. Ҳар бир неварамнинг алоҳида характерини биламан, ниятини биламан, истагини биламан.

Инсон ўзини бахтлиман дейишга қачон ҳақли? Агар оиланг билан бахтли бўлсанг, ўзингни бахтли санашга ҳақинг бор. Фақат оилам бахтли бўлиши эмас, ҳалқим ҳам бахтли бўлса, мен ўзимни бахтли, деб биламан”.

Фикр билдириш