Шоир мақбараси қаровсиз қолса…

Йўл оғир. Жонлиқни бодроқ қилар ёз,
Тиниқиб бир нафас олиб бўлмайди.
Юз йилки, йўлимга зор Ажинияз,
Шоирнинг ёнига бориб бўлмайди.

Иқбол Мирзо

Орол денгизини кўзим билан кўрмагандим, шу йили Нукус шаҳрида яшовчи ижодкорлар билан Мўйноқ туманига йўл олдик. Бир пайт кимсасиз чўл ўртасида мовий гумбазли ихчамгина қилиб барпо этилган мақбара кўринди. Бу мақбара шундоққина йўл ёқасида бўлиб, кўринишидан қандайдир буюк инсонга атаб қурилганга ўхшайди. Кўнгилни хира қилгани шундаки, мақбара атрофи жуда қаровсиз аҳволда. Биз ичкарига кирдик, бу зиёратгоҳда қорақалпоқ халқининг буюк шоири Ажинияз Қусибой ўғлининг рамзий қабри бор.

Шуниси ажабланарлики, пештоқига “Ажинияз бобо мақбараси” деб ёзилган, лекин бирор жойда бу шоирнинг қабри рамзий экани ёки фақат қадамжо сифатида қурилгани ҳақида маълумот йўқ. Агар бу жой қадамжо бўлса, буюк шоирнинг ҳақиқий қабри қаерда, нега йўл устидаги кимсасиз жойда мақбара қурилган? Бундай саволларга жавоб топиш, шоирнинг қабри бошқа жойда бўлса, бориб зиёрат қилиш мақсадида маҳаллий аҳоли билан суҳбатлашай десак, бу яқин атрофда биронта овул йўқ.

Орадан маълум вақт ўтиб, сўраб-суриштирсам, Ажинияз шоирнинг асл қабри биз кўрган мақбарадан анча узоқда, кенг далада экан. Йўл ёқасидаги мақбара эса фақатгина тимсол сифатида, яъни ўткинчи сайёҳларни жалб этиш учун қурилган, холос. Қорақалпоқ халқининг севимли шоири, қорақалпоқ зиёлилари орасида биринчилардан бўлиб охунд даражасига эришган Ажинияз Қусибой ўғлини китобхонлар, шеърият ихлосмандлари яхши билишади. У 1824 йили Мўйноқда туғилган, Зевар тахаллуси билан ижод қилган, 100 га яқин шеър ва достонлар ёзган, “Бўзатов”, “Бўлади”, “Бўлмаса”, “Яхши”, “Йигитлар”, “Қиз Менгеш билан айтишув” каби асарларида ватанпарварлик, инсонпарварлик ғояларини куйлаган ва машҳур бўлган.

Бугунги кунда шоир Ажиниязга атаб барпо этилган мақбаранинг теварак-атрофи жуда хароб аҳволда эканлиги, унинг яқинида биронта аҳоли пункти йўқлиги, зиёратгоҳ сифатида одамларнинг келишига ўнғайсизлиги шундоқ кўриниб турибди. Аслида қабрни қаерда эканини ҳам кўпчилик билмайди. Бу инсон қорақалпоқ элининг кўзга кўринган шоири бўла туриб, унинг мақбараси қаровсиз, кимсасиз чўлда, гўё зўрма-зўраки қурилгандек ҳеч кимга кераксиз бўлиб туришини қандай изоҳлаш мумкин?

Биз катта шаҳарлардаги кўчаларга, хиёбонлар ва ҳатто институтга шоир Ажинияз номини бериб, асарларини севиб ўқисак, унинг ўзи туғилиб-ўсган, ижод қилган ва дафн этилган масканини қаровсиз ташлаб қўйсак, бу жуда уятли иш эмасми? Сиз бунга нима дейсиз?

Нурбек ҒОФУРОВ

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: