Шоҳида КАРИМОВА: “Шуҳрат қўрғони”нинг шуҳрати қачон тикланади?

“Фашизмга қарши жангларда ҳалок
бўлганларга абадий шон-шарафлар!”

Бу жумла Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги Иккинчи жаҳон урушида душманга қарши курашда қаҳрамонларча ҳалок бўлган юртдошларимизни шарафлаш ва мудом ёд этиш мақсадида барпо қилинган “Шуҳрат қўрғони” ёдгорлиги олд қисмига битилган. Баландлиги  30 метрдан юқори бўлган ёдгорлик лавҳаси вилоят марказининг аксар жойидан яққол кўзга ташланади.

Ўтган асрнинг 80-йиллари иккинчи ярмида қурилган мажмуа ҳақида ёшлар кўп нарса билишмайди. Илгари бу ердан ташриф буюрувчиларнинг қадами узилмаган. Келин-куёвлар тез-тез гул қўйгани, байрамда кўпчилик Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари хотирасига ҳурмат бажо айлагани келишар, ёдгорлик бу шаҳарнинг рамзига айланган эди. Энди эса…

“Севишган”ларни айнан шу жойдан топасиз. Гўёки  ёдгорликнинг борлиги ҳамманинг эсидан чиқаёзган. Ёдгорликнинг аввалги фусункорлигидан эса асар ҳам йўқ. Асосий йўлакнинг икки тарафидаги  экин-тикинга мўлжалланган жўяклар қақраб ётибди. Қатор тизилган ёритгичларда чироқ йўқ. Сўлғин, қуриб-қовжираб қолган айрим дарахтлар монументга “мос”, қарасангиз, кўнгил хира.

Қалбга таскин берадиган ягона ҳолат — Қарши шаҳри ободонлаштириш бошқармаси ишчилари тез-тез бу ерни супуриб-сидириб кетишади. Ёдгорлик кўпдан бери ана шу идора балансида бўлиб, саранжом-саришталиги, ободлигини таъминлашга масъул. Аммо катта майдонни талаб даражасида сақлашга ишчиларнинг қурби етмагани боис, ернинг маълум қисми аҳолига экин-тикин қилиш учун бўлиб берилган.

Майдон чорва учун озуқа ўстириладиган жой бўлди-қолди. Четларида қурилиш бўлавергач, монумент ҳудуди ҳам анча кичрайиб қолгандек. Унинг таркибидаги бинолар эса  тўкилиб бормоқда.

Хуллас, юқорида кузатганимиздек, зиё­ратгоҳнинг абгор ҳолга келиб қолгани ачинарлидир. Шу вақтгача ёдгорлик бирор марта ҳам таъмирланмагани кўриниб турибди.

— Тўғри, бундан кўз юмиб бўлмайди,  — дейди Қарши шаҳри ободонлаштириш бошқармаси етакчи мутахассиси Шоира Юсупова. — Қўрғон ичидаги музей авария ҳолатига келиб қолгани туфайли ёпилган. Кучли ёмғир ёғса, сувга тўлади. Бир томони чўкиб ҳам кетди. Икки машина тупроқ ташлаб, имкон қадар ўз кучимиз билан эпақага келтирдик. Оқлаймиз, бўяймиз. Бунга ҳеч ким маблағ ажратмайди. Бир неча йил илгари Тошкентдан мутасаддилар келиб, таъмирлаймиз, пул ажратамиз, деб ваъда беришганди. Бироқ ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. Ўтган йили иккита объект — Хотира хиёбони ва “Шуҳрат қўрғони”ни ободонлаштиришга маҳаллий  бюджетдан 5 миллион сўм ажратилди. Бу маблағ қаёққа кетди?!

Дарҳақиқат, вилоят марказида жойлашган мазкур мажмуани қайта таъмирлаш,  сайёҳлар ташрифини кўпайтириш таклифи илгари сурилмоқда. 2013 йил 1 ноябрда Вазирлар Маҳкамасининг “2013-2015 йиллар даврида Қашқадарё вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори қабул қилинган бўлиб, бунга кўра, тегишли даврда ҳудуддаги тарихий-маданий мерос объектларини реставрация қилиш ва уларнинг ҳолатини яхшилаш бўйича манзилли рўйхат тасдиқланган эди. “Шуҳрат қўрғони” ҳам ана шу рўйхатга киритилган бўлиб, уни  реставрация қилиш ва ободонлаштириш  кўзда тутилган эди. Ушбу мажмуага давлат бюджети ҳисобидан 500 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтириш режалаштирилган. Лойиҳа ижросини назорат қилиш ўша пайтдаги Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича бош  бошқарма зиммасига юклатилган.

Орадан қанча йиллар ўтди. Қарорда кўрсатилганидек, ёдгорлик  вилоятдаги муҳим туристик объектга  айланиши зарур эди. Хўш, ажратилган ўша  маблағ (ҳозирги нархда 4,5 миллиард сўм)  қандай мақсад учун ишлатилди? Агар маблағ айнан “Шуҳрат қўрғони”ни ободонлаштиришга сарфланганида эди, у ташландиқ ва кўримсиз  ҳолатга тушмас эди.

“Шуҳрат қўрғони” ўзининг аввалги  шуҳратини қачон тиклаб, шаҳарнинг муҳим қадамжосига айланади? Бу иш тез кунларда бошланса, келгуси йил 9 май —  Хотира ва қадрлаш куни ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллигига муносиб совға  бўлар эди.

Ушбу масалага Қашқадарё вилояти ҳокимлиги мутасаддилари қандай муносабат билдиришади? 

Шоҳида КАРИМОВА.
Қашқадарё вилояти

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: