1500 марта Тошболтани ўйнаган Ўзбекистон халқ артисти Сойиб Хўжаев

Қуралай кўз, қуралай, туйнугингдан  мўралай,
Сен ялло айтганингда, оҳангига йўрғалай…

Бу қўшиқни эшитишингиз билан қаҳрамонимиз ёдингизга тушади. Унинг ибораларидан эса юзингизга табассум югуради…

Энди бизга ўзларининг ҳимматлари. Энди биз 41-пойабзал киямиз. Ҳар ҳолда кастюмдан бўлса 51-микин воллоҳуалам, ҳа 51 ёки 52, 1-рост…

ЮСУФЖОН ҚИЗИҚ БИЛАН УЧРАШУВ

Ўзбекистон халқ артисти Сойиб (Соҳибжон) Хўжаев  1910 йил  5 декабрда Андижон  вилоятидаги  Хонобод  қишлоғида  Худойназархожи ака хонадонида таваллуд топган.  11 ёшида  отасидан етим қолиб, акаси Хўжаназарнинг қўлида  катта бўлган Сойибжоннинг болалиги осон кечмаган. Аммо муаммоларни сабр-бардош билан  енгган бўлажак санъат устаси болалигиданоқ ҳазил-мутойибага, томоша ва ҳангомаларга ўч бўлган. 1921 йили Юсуфжон қизиқнинг халқ анъанавий театри билан илк учрашуви Сойибжонда катта таассурот қолдирган. Унинг ўзи ҳам аслида кўрган-билганларини биродарларига  ўзидан бир оз қўшиб, жонлантириб, қизиқарлироқ тарзда айтиб бериш ва шу орқали  ҳаммани кулдира олиш қобилиятига эга бўлган.

СОЙИБ ХЎЖАЕВ ТЕАТРГА ҚАНДАЙ КИРИБ КЕЛГАН?

1927 йили  Қўқон театри саҳнасида Хамза Ҳакимзода Ниёзий раҳбарлигида Ғулом Зафарийнинг  “Ҳалима” спектакли  қўйилаётган  пайтда соқов хизматкор  роли учун бир бола керак бўлиб қолади.  Ўша вақтлари театрда хизмат қилаётган  Миршоҳид  Мироқиловнинг нигоҳи кўзлари  ёниб турган йигитга тушади-да, уни ролга синаб кўриш учун имлайди. Сойибжон  ролни  маромида ўйнаб бергани учунми, спектаклдан  сўнг Хамзанинг ўзи  Миршоҳид  акага қараб: “Мана сизга ҳам муносиб шогирд топилди”, деган экан кулиб.

Санъатнинг сирли ва машаққатли оламига шу тариқа кириб келган Сойиб Хўжаев    кейинчалик бор умри  ва меҳрини  мана шу  соҳага сарфлаган. У  1928-1939 йилларда Андижон мусиқали драма театрида  ижод қилган. Актёр “Маликаи Турандот”да Труфальдино, “Ўртоқлар”да Соли домла, “Бой ила хизматчи”да Холмат каби кўпроқ комик ролларни зўр маҳорат билан ижро этиб мухлислар олқишига сазовор бўлган.

Кейинги 43 йиллик фаолиятини Тошкентдаги Муқимий номли мусиқали драма ва комедия театрида давом эттирган. Актёрни  халққа танитган  ва юксак  маҳорат  билан  ижро этган   роллари  орасида “Тошболта ошиқ” асари алоҳида ўрин тутади. Мазкур асарнинг  кўп йиллар давомида  сира саҳнадан  тушмагани  (театрда асар 1500 марта қўйилган),  ундаги  образини  актёр ҳар сафар янгича  бир талқин,  ўзгача  қирра билан  ижро этгани бор ҳақиқат.

Сойиб Хўжаев Файзихон исмли аёл билан оила қурган. Улар 40 йиллик турмушлари давомида 12 нафар фарзанд кўришган. Актёр ўзининг 72 йиллик умри давомида барчага  баробар кулги, хурсандчилик улашиш орқали санъат шинавандаларининг  кўнглини забт этган. У 1982 йил Тошкентда вафот этган.

Агар сизда бугунги дам олиш кунида актёр иштирокидаги комедик фильмлардан парчаларни томоша қилиш истаги туғилган бўлса, марҳамат!

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: