Қонунчилик палатаси Спикерига йўлланган очиқ хатга жавоб берилди

Парламент қуйи палатасида Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги тўғрисидаги масала кўриб чиқилгач, Fikrat.uz мазкур “тарихий қарор”нинг қабул қилинишида депутатлар қандай позицияда бўлганлигини (овоз берганлигини) очиқлашни сўраб, Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоиловга очиқ хат йўллаган эди.

Эслатиб ўтамиз, 132 нафар депутат иштирок этган мажлисда 86 нафар тарафдор, 32 нафар қарши, 14 нафар бетараф ва бир нафар овоз бермаган.

Бугун мурожаатимиз юзасидан Қонунчилик палатасининг расмий муносабати билдирилди:

“Йиғилишлар давомида ҳар бир депутат баёнот бериши, савол билан мурожаат этиши, овоз беришда қатнашиш ҳуқуқига эга. Шуни таъкидлаш керакки, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддасида белгиланганидек, сиёсий партиялар фракцияларининг бирини ташаббусига асосан очиқ овоз бериш номма-ном ўтказилиши мумкин. Бу ҳолда овоз бериш натижалари ҳар бир депутатнинг исми-шарифи ҳамда қандай овоз бергани кўрсатилган ҳолда Қонунчилик палатаси мажлисининг баённомасида қайд этилади ва йиғилиш стенограммасига илова қилинади. Бошқа ҳолларда очиқ овоз беришда депутатлар томонидан берилган овозлар умумий ҳисобланади, яъни нечта ёқлаб, нечта қарши, нечта бетараф ёки нечта овоз беришда қатнашганининг умумий ҳисоби юритилади. Бунда овоз берганлар рўйхати шакллантирилмайди.

Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги тўғрисидаги масала муҳокама қилинганда ҳеч қайси фракция очиқ овоз беришни номма-ном ўтказиш бўйича таклиф билан чиқмади. Шу боис, ким қандай овоз бергани, яъни рўйхат шакллантирилмаган.
Маълумки, овоз бериш жараёни регламентга қатъий амал қилинган ҳолда амалга оширилади”.

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: