СССРнинг «юзини очиб ташлаган» журналист

1933 йил 28 март куни Буюк Британиялик журналист, мухбир Гарет Жонс АҚШнинг «New York Evening Post» ва Англиянинг «Manchester Guardian» газеталарида СССРда, тўғрироғи Украина ССРда бўлаётган дахшатли очарчилик хақида катта мақола чиқаради.

Гарет Жонс шахсан ўзи Украинада бўлиб, яширинча фотолавҳалар ва маҳаллий аҳолидан олган сухбат интервьюларини, австриялик инженер Виннерберг ёрдамида Совет Иттифоқидан яширин йўл билан олиб чиқиб кетолганди. Большевиклар қилаётган жиноятлар ашёвий далиллар билан исботланганди. Сталин СССРни халқаро обрўси тўкилганидан нихоятда ғазабда эди, у совет мафкурачиларига ахволни қандай бўлмасин тўғрилашни буюради.

Машхур Бернард Шоу Москвага таклиф этилади. «Inturist» мехмонхонасидаги люкс хоналар, партия босслари (Кремль бонзалари), Москвани энг яхши ресторанлари, балиқ, икра, арман коньяклари хуллас ҳамма нарса муҳайё ва хамма атрофида парвонаю фалак. Бернард Шоу Гарет Жонсни айблаб чиқади. «New Times»нинг Москва бўлими раҳбари Волтер Дюранти ва яна бир америка газетаси «United Press» мухбири Юджин Лайонелар ҳам Гарет Жонсни қаттиқ танқид қилиб чиқадилар ва уни ёлғончиликда айблайдилар. Энг қизиғи бу иккала журналист ўз хамкасблари Гарет Жонсни хақ эканлигини билишарди. Аммо большевиклар берган аккердитация, қуюқ зиёфатлар, совға-саломлар ўз ишини қилганди.

Большевиклар компенсация тариқасида бу иккала журналистга «Москва-Вик» суд жараёнини ёритишга хам рухсат беришади. Хуллас, АҚШ ва Европа газеталарида Гарет Жонсни ёлғончиликда, ҳайп қилганликда, СССРда иқтисодий аҳвол унчалик ёмон эмаслиги хақида бир нечта мақолалар чиқади. Аммо тарих шуни кўрсатдики, хақиқатпарвар ўз виждони олдида тоза бўлиб қолган Гарет Жонс ҳақ бўлиб чиқди. Юджин Лайоне кейинчалик ўзини нохақ бўлганини айтиб, гўё виждони олдида ўзини оқлаб олади.

Жонсни айблаб чиққан Лайоне 86 йил, Дюранти эса 71 йил умр кўрдилар ва бекаму кўст яшадилар. Афсус шундай мослашувчан учар одамлар кўп яшайди. Жонсга ўхшаган виждонли ҳалол ва ҳақгўйларни эса тақдирлари кўпинча фожеали бўлади.

1935-йилда Ички Монголияга сафар қилган Гарет Жонни ўғирлаб кетадилар ва ўлдирадилар. Бу сирли қотиллик ким томонидан қилингани ҳалигача номаълум. Кўпчиликни фикрига кўра, бу қора ишда большевикларни қўли бўлиши эҳтимоли катта. Большевиклар ўч олишга жуда уста эди.

Жонс тақдири хақида яқинда Украина республикаси қизиқиб қолди. Украинани янги демократик президенти Зеленский буюк журналист, хақиқий инсон Гарет Жонсга Киевда хайкал қўйишга буйруқ берди. Ана шунақа. Ҳақиқат барибир бир кунмас бир кун қарор топади.

Ихтиёр Эсанов

P.S. Ҳақиқатни юзага чиқариб, хатоларни тузатишга уринмоқчи бўлган журналист кўп маломатга қолади. Уларга қарши кампаниялар қилиниб, ҳақиқат беркитилади. Ёлғон фактлар ўртага чиқарилади. Бу ишда ҳозир троллардан фойдаланилмоқда. Аслида, улар халқнинг душманларидир.

Фикр билдириш