Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўзи айтиб, ўзи қайтган 5 ҳолат

Мана ярим йилдирки, ҳар куни юртимиздаги энг муҳим янгиликлардан бири пандемия ҳолатига оид маълумот ва ахборотлар бўлиб қолмоқда.

Бу борадаги асосий маълумот ва хабарлар эса ССВ томонидан тақдим этилмоқда. Аммо баъзида нима учундир вазирлик айтган сўзидан маълум вақтдан сўнг қайтган ҳолатлар ҳам учраб турибди.

1. 13 июлда Ўзбекистонда Плаквенил дорисини даволаш протоколидан олиб ташлаш бўйича ССВнинг 187-сонли буйруғи чиқарилган. Унда, вақтинчалик клиник қўлланма ишлаб чиқувчи ишчи гуруҳнинг биринчи қаторида профессор Ҳабибулла Оқилов турибди. Бироқ бироз вақтдан сўнг Ҳабибулла Оқиловнинг ўзи плаквенил дориси ишлатилиши кераклиги ҳақида гапирган.

2. 12 июль куни Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳодир Юсуфалиев “Ўзбекистонда 8 та хусусий тиббиёт муассасасида коронавирусга тест топшириш мумкин”, деб турганида(икки кун ўтиб) ҳамкасби Ҳабибулла Оқилов юртимизда 6 та хусусий тиббиёт муассасасига коронавирусга тест олиш ҳуқуқи берилган деса бўладими, “қовун тушириб”.

3. Тиббиёт фанлари доктори Анвар Алимов: “Биз ҳам иммунофермент таҳлилларини ўтказишни бошладик”, деган эди 13 июль куни. Лекин орадан бир кун ўтиб, Хабибулла Оқилов: “Биз ҳам иммунофермент ИФА ва ИХЛА таҳлилларини ўтказишни бошламоқчимиз”, деб қўйган.

4. Баҳорда вирусология институти катта илмий ходими, профессор Хайрулла Мустафоев ҳаво ҳарорати исиши билан коронавирус хавфи бартараф этилиши ҳақида гапирган эди. Аммо тўрт ой ўтиб, кунлар исиганидан сўнг, аксинча, вируснинг тарқалиши кучайгач, санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси раҳбари Нурмат Отабеков: “Статистикага кўра, COVID-19 тарқалиши мамлакатларда ҳар қандай иқлим ва намликда юз бериши мумкин. Шунинг учун инфекцияни фақат айтиб ўтилган профилактика қоидаларига риоя қилган ҳолда енгиш мумкин”лигини таъкидлади.

5. Ҳабибулла Оқилов 8 июль куни агар “Ўзбекистонда кунига 1-1,5 мингта коронавирусга чалиниш ҳолати аниқланса, соғлиқни сақлаш тизими қулайди”, деб хавотирланган бўлса, орадан салкам бир ой ўтиб, «Карантин юмшатилса, касалларнинг ошиши мумкин бўлган вазиятга соғлиқни сақлаш тизими тайёр» эканини эълон қилди.

Аслида, биз бу каби ҳолатларни санаб ўтиш орқали кимнингдир ишини тафтиш қилиб, хатосини кўрсатмоқчи эмасмиз. Шунчаки, бугун эътибор берилмаган ҳолат эртага ишончсизликни келтириб чиқариши мумкинлигини эслатмоқчимиз, холос. Зеро, бу миллатнинг саломатлиги, бугуни билан боғлиқ гап, ҳолатдир.  

Фикр билдириш