Суқрот Тошкандий: Ёлғон хабарлар (2-мақола)

Аввалроқ «Оддий ҳазил қандай қилиб Ўзбекистонда сиёсатга айланиб кетди?» сарлавҳаси остида 1-мақоламизни эълон қилгандик. 2-мақоламиз эса ростдан ҳам кўпчиликни хафа қилиши мумкин, шу боис олдиндан узр сўраймиз. Зеро, мақсадимиз миллий масс-медиамиз умумэътироф этилган принциплар асосида ишласа, тараққий этса…

Охирги вақтларда кўплаб фейк хабарларга дуч келиб, ўйлаб қолдим: ёлғон ахборотларни Ўзбекистонда тарқатиш осонми? Буни билиш учун Fikrat.uz билан тажриба ўтказдик.

23 май куни Fikrat.uz`нинг телеграм каналида энг кўп «ўғирланадиган» «Кун тарихи» рукнимизга атайин фактни бузиб кўрсатдик. Мени (Суқрот Тошкандийни) ҳали машҳурлик кўчасидан ўтмаган бўлсам-да, машҳур ёзувчи, дедик. Нима бўлди, биласизми? Ҳаттоки, Маданият вазирлиги ҳам менинг «машҳур ёзувчи» эканлигимни тан олди!

Бир нечта телеграм каналлар ҳам ҳар доимгидек ўғирлик қилишди. Лекин маълумотларни текшириб кўришмади.

Кўчиришганига яраша, манбани кўрсатса ҳам рози эдик. Аммо очиқчасига…

Балки ўша куни шундай бўлиб қолгандир, деган изтиҳола билан ўтган куни яна «Кун тарихи» рукнида яна атайин бир фактни бузиб кўрсатишга қарор қилдик. Жорж Оруэллнинг «1984» романи (1949 йил эмас) 1948 йил нашрдан чиққан деб ёздик. Энг қизиғи, “ўғирлаганлар” сони ўтган сафарга нисбатан 2 баробар ошиб кетди. Биз эса бу гал ҳеч ким бундай қўпол хатога йўл қўймаса керак, деб ўйлагандик.

«Ўғрилар» орасида вилоят ва туман ҳокимликларининг расмий каналлари ҳам мавжуд!

Биз яна ҳайрон қолдик. Учинчиси ҳалол дея, кечаги «Кун тарихи» рукнида 3-бор нотўғри факт қўшдик. Олмаота шаҳрини ҳозирги Нур-Султон шаҳри деб атадик (аслида Остона шаҳри номи Нур-Султонга ўзгартирилган). «Ўғри каналлар»да яна нотўғри фактлар айлана бошлади.

Уларнинг сони ошиб бораётгани сабабли ҳаммасини ҳам кўрсата олмаймиз.

Демак, бизда бемалол ёлғон хабарларни тарқатиш мумкин, дея оламиз.

Яна бир нарсага эътибор қаратинг.

Агар кимдир бирор шахснинг, дейлик, қўл телефонини ўғирласа, у жиноят содир этганликда, яъни ўғирликда айбланади. Табиийки, унга нисбатан ҳуқуқий чора кўрилади. Лекин кўриб турганингиздек, миллий масс-медиа маконида манбани кўрсатмасдан кўчириш – “ўғирлаш” одатий ҳолатга айланиб бормоқда. Fact checking умуман йўқ, десак ҳам муболаға бўлмас.

Яхшиси 3-мақоламизни кутинг…

Суқрот Тошкандий

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: