Saytda texnik ishlar olib borilmoqda!

Судья билан тортишган Ғузор тумани ҳокими ариза ёзди

Судья ва туман ҳокимининг ўзаро тортишуви катта баҳс-мунозараларга сабаб бўлганидан барчанинг хабари бор. Айнан ушбу мавзуга биз ҳам бир неча марта тўхталганмиз.

Жумладан, ЎзАда 2020 йил 16 март куни “Ҳоким ва судьянинг телефондаги тортишувида ким ҳақ эди?”, 2020 йил 19 март куни “Халққа жон қайғуси, ҳокимга шаън…” сарлавҳали мақолалар эълон қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Ғузор тумани ҳокими Саъдулла Бобоқулов ва Фуқаролик ишлари бўйича Ғузор туманлараро судининг раиси Саттор Ақанов ўртасидаги телефондаги мулоқот аудиоёзуви интернетда тарқалиб, баҳс-мунозараларга сабаб бўлган эди.

Аслида бу мулоқотда ортиқча гап-сўзнинг, яъни очиқча ҳақорат ёки камситишнинг ўзи йўқ. Фақат ҳоким «ҳўп бўлади, ҳоким бува», сўзларини эшитмаган, холос. (Яъни ҳоким «қабулимга келинг», деганида суд раиси «қабулингизга бормайман, кечириб қўясиз», деган).

Айтиб ўтиш кераки, аудиоёзувни эшитганларнинг кўпчилиги ҳокимнинг ўзини катта олганини кескин қоралаган эди. Бунга тоқат қила олмаган ҳоким эса судьянинг устидан ёзиш, оммавий ахборот воситаларида судьяни қоралашга қаратилган компаниялар ҳам ташкил қилди. Ҳатто, Судьялар олий кенгаши шикоятимга жавоб бермади, деган туҳматлар ҳам уюштирилди.

Аслида эса туман ҳокими имзоси билан Судьялар олий кенгашига судьяга чора кўрилиши талаб қилиб юборилган шикоят хати устига “Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Олий Мажлисга”, деган сўзлар ёзилган экан. Бу ҳолат бизга кейин маълум бўлса ҳам гапни чўзиб юрмаслик учун бу ҳолатга тўхталмаган эдик. Бироқ, ёзилган манзилга қарганда, ёзғучида мактаб сабоғига эҳтиёж йўқ эмас…

Қашқадарёдан тарқатилган хабарларга қараганда, (qashqsdaryo.uz) Ғузор тумани ҳокими С.Бобоқулов ўз аризасига кўра эгаллаб турган вазифасидан озод этилган. Ишончимиз комилки, бу шунчаки тасодиф эмас. Бу жамоатчилик фикри ўз кучини кўрсатгани. Зеро, бугун юртимизда эркин фуқаролик жамияти гуркираб ривожланмоқда. Бу мустақил суд ҳокимияти, судьялар нафақат қонун, балки Президент ҳимоясида эканини англатувчи амалий мужда.

Давлатимиз раҳбарининг халқимизга йўллаган Мурожаатномасида айтилган фикрларни ёдга олсак: «Давлат идоралари мансабдорлари шуни чуқур англаб олсинлар: судлар мустақиллигини таъминлаш масаласи бундан буён ҳам шахсан Президентнинг қаттиқ назоратида бўлади».

Албатта, ҳокимлар ижро ҳокимиятининг асосий ва ҳал қилувчи бўғини, бироқ, эскидан қолганидек, яккаҳоким эмас.

Норгул АБДУРАИМОВА, ЎзА

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: