Тўрт полосали кўприк остидаги уй

Ижтимоий тармоқда ғаройиб бир янгиликни ўқиб қолдим. Маълум бўлишича, Хитойнинг Гуанжоу шаҳрида битта уйни айланиб ўтган шоссе қурилган. Сабаби, йўл барпо этилиши муносабати билан бу иморат ҳам бузилиши режалатирилган. Лекин шаҳар расмийлари 10 йил давомида, ҳарчанд уринмасинлар, хонадон соҳибини ерни ва хусусий мулкини сотишга кўндира олишмаган. Алқисса, лойиҳага ўзгартириш киритилган. Унга мувофиқ, уй тўрт қаватли кўприк ўртасидаги чуқурликда қолган.

Бу бошқаларга қизиқ туюлса-да, хитойликлар учун оддий ҳол ҳисобланади. Бизда эса баъзан тескариси бўлади. Ҳамюртларимиз бирор жойда, айниқса, шаҳар ёки унинг ён-атрофида уй қуришдан ёки харид қилишдан олдин етти ўлчаб, бир кесади. Негаки, бир неча йилдан кейин улар бузилишга тушиши эҳтимолдан холи эмас. Вақти-соати етиб, бу гумон ҳақиқатга айланганида эса, тураржойлар эгаларининг хоҳиш-истаклари ёки эътирозлари инобатга олинмаслиги, буям етмагандай, уларга сарфлаган харажатлари тўлиқ қоплаб берилмаслиги мумкин. Ҳатто, уй-жойини ўзи бузиб олиши учун жуда оз вақт бериш ҳам одат тусига кириб қолган. Аслида жорий қонунлар ва тартиб-қоидаларга зид бундай воқеалар сўнгги пайтларда юртимизда бот-бот кузатилаяпти. Арз-додлари беҳудалигини англаб етган одамлар ноиложликдан ўз ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилган таклиф ва келишувларга ҳам рози бўлишаяпти.

Яна бир гап. Хитойда қурувчиларни сметага ўзгартириш киритишга мажбур қиладиган уй эгаларини “михлар” деб аташади. Уларнинг ўжарлиги туфайли бузилмай қолган уйлар эса, расмийларнинг эътироф этишларича, зарар келтирмайди. Аксинча, сайёҳларда қизиқиш уйғотиб, мамлакатда туризм янада ривожланишига озми-кўпми туртки беради. Маҳаллий ОАВ воқеалар  ривожини мунтазам равишда кузатиб боради.

Афсус, бизда бундай “михлар” йўқ. Бўлганида эди, ишончимиз комилки, юртимизга туристлар дарёдек оқиб келарди.                 

Исломжон ОМОНЖОНОВ

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: