Талабалар қачон ётоқхона билан таъминланади?

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 27 январь куни ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшларнинг ижтимоий масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бугунги кунда 129 та олий ўқув юртида 500 мингдан ортиқ талаба ўқиётгани, лекин улар ётоқхона билан етарлича таъминланмагани кўрсатиб ўтилди. Мутасаддиларга талабалар уйларини кўпайтириш бўйича топшириқ берилди.

Хабарингиз бор, газетамизнинг 2021 йил 20 январь сонида янги иш бошлаган вазир Абдуқодир Тошқулов эътиборига тизимдаги мавжуд баъзи муаммоларни ҳавола этгандик.

Хусусан, “Вазир ўзгарди, муаммолар энди ечим топадими?”, “Айб депутатлардами?” сарлавҳали мақолаларда бугунги кунда олий таълим муассасаларида долзарб бўлиб турган талабаларни турар жой билан таъминлаш масаласи кўтарилган эди. Талабаларнинг аксарияти ўзи ўқиётган институт ёки университет ётоқхонасида яшашга жой тополмасдан, шаҳар кўчаларида ижарага уй қидириб овора-ю сарсон бўлиб юргани, уй-жой бозорида  200 доллардан камига ижарага бир хонали уй топиш қийин экани ҳақида сўз юритилганди. Олий таълим муассасаларидаги талабалар сони йилдан-йилга ошиб боришига мутаносиб равишда улар яшаши учун турар жойлар қурилиши зарурлиги юзасидан асосли мулоҳазалар билдирилган эди.

Дарҳақиқат, юқоридаги муаммо Олий Мажлис Қо­нун­чилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатларини масаланинг туб илдизи қаерда, деган савол билан ўрганиш ишларини олиб боришга ундагани ҳам бежиз эмас. Шу мақсадда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари О.Абдуллаева, З.Шодиева ҳамда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари Л.Хикматова, Б.Тўхтамуродов ва бошқалар Ўзбекистон Миллий университетида бўлиб, мавжуд ҳолатни яқиндан ўрганган.

— Ўзбекистонда “ўқиб, ўз устимда ишлайман, келажакда етук мутахассис сифатида  етишиб чиқиб, юртимга фойдам тегиши истайман” деган ёшлар кўп, — дейди халқ депутатлари  Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Б.Тўхтамуродов. — Айниқса, республикамизнинг чекка-чекка ҳудудларида билимли, интилувчан ёшларимизнинг аксарияти отахон университетларимиздан бири ЎзМУда ўқишни орзу қилади. Қанчадан-қанча мутахассисларни етиштириб, таълим бераётган университетда бугунги кунда 17 000 нафар талаба таҳсил олади. Бироқ университетда ҳозирда 3 600 нафар талабани ётоқхона билан таъминлаш имконияти мавжуд. Ётоқхонага сиғмай қолган талабалар эса фалон нархларда ижара пулларини тўлаб, транспортга харажат қилиб, ўқишга қатнашга мажбур бўлмоқда. Бу муаммони ҳал этишнинг йўлларидан бири — университет  ҳудудида давлат-хусусий шериклик асосида хостеллар қуриш,  имтиёзли нархларда талабаларга хоналарни тақдим эта оладиган тадбиркорларни ҳамкорликка жалб этишдан иборат.

Маълумки, ёшлар камолоти, шу жумладан, уларнинг олий таълим муассасаларида ўқиши ва етук мутахассис бўлиши йўлида сарфланаётган маблағ ҳамда ресурслар келажакка тикилган сармоя ҳисобланади. Шубҳасиз, бу маблағлар орадан маълум вақт ўтиб, неча баробар ортиғи билан қайтади. Талабаларни турар жойлар билан таъминлаш масаласига ҳам “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да шу нуқтаи назардан ёндашилса, энг оғриқли муаммолардан бири ечимини топишига ишонамиз.

Суюндик МАМИРОВ

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: