Танзила Нарбаева

Нима учун машҳур?

Ўзбекистонда Сенат раислигига сайланган илк аёл. ЎзA томонидан ўтказилган «Йил танлови — 2019» бўйича Ўзбекистоннинг йил одами дея эътироф этилган. «Шуҳрат» медали, «Меҳнат шуҳрати» ва «Фидокорона хизматлари учун» орденлари соҳибаси. ХДП аъзоси. Бугун, 24 июль куни унинг туғилган куни.

Қандай машҳур бўлган?

Танзила Нарбаева 1956 йили 24 июль куни Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида туғилган. 1981 йилда Tошкент давлат университетини битирган, педагогика фанлари номзоди. Иш фаолиятини 1974 йили Шаҳрихон туманидаги 1-мактаб ёшлари етакчиси лавозимидан бошлаб, 1975-1995 йилларда Тошкент шаҳрида мактабда ўқитувчи, директор ўринбосари ва Тошкент шаҳар ўқувчилар уйи директори, кейинчалик турли даражадаги давлат органларида масъул лавозимларда ишлаган. Шу билан бирга Халқ демократик партиясида фаолият олиб борган. 1995-2010 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида турли лавозимларда ишлаган. 2010-2016 йилларда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси, 2016-2019 йилларда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси — Бош вазир ўринбосари лавозимларида фаолият кўрсатган. 2019 йил июнда Олий Мажлис Сенат раиси лавозимига тайинланди. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, Танзила Нарбаеванинг ҳукуматдаги фаолияти доирасида қилган ишлари, айниқса, болалар меҳнатини йўқотишдаги ҳаракатлари алоҳида аҳамиятга эга. Сенат раисининг севимли асарлари «Мартин Иден», «Ўтган кунлар», «Муқаддима» (Ибн Халдун). Кинофильмлари «Паразитлар», «Берлин-Оққўрғон». Орзуси: Янги Ўзбекистоннинг гуллаб-яшнашини, фарзандларининг бахтини кўриш. 2 нафар қиз фарзанди бор.

Машҳур нима дейди?

«Ватанпарварлик — бу аввало оилани севиш демакдир. Чунки ҳаммаси оиладан бошланади. Иккинчидан, бу Ватанга хизмат қилишга ҳар доим, ҳар қандай вазиятда тайёр туришдир. Қилаётган ишга жонини беришдир».

«Мен лавозим ёки бирор вазифага тайинловларда ҳамиша гендер нуқтаи назаридан эмас, балки профессионал томондан ёндашиш тарафдориман (Аммо, аёл бу касб эгаси бўлиши учун у қўллаб-қувватланиши керак)».

«Мен хотин-қизлар қўмитасида ишлаганимда биз аёлларни сайлов жараёнига тайёрлаш борасида кўп ишларни амалга оширдик. Биз сиёсий фаолият билан шуғулланишни истайдиган аёлларни саралаганимизда, улар бутун дунё мамлакатлари бўйича 6000 дан ортиқ экани маълум бўлди».

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: