Таскин

Отам фронтга кетганида мен жуда ёш эдим. Уйимизга «қора хат» келганида, отам Сталинграднинг Песковатка қишлоғида 1943 йил 11 январ куни қаҳрамонларча ҳалок бўлганини ўқиб, даҳшатга тушгандим. Ўша жойларни бир кўриш мен учун армон эди. Ниҳоят, орзуим ушалди. Орадан 42 йил ўтгач, Волгоградга бордим.Такси гаплашиб, Песковатка қишлоғини излаб топдим. Қаровсиз қишлоқнинг чеккасида «Биродарлик қабристони» бор экан. Уларга ўрнатилган ёдгорлик тахтасида «жангда ҳалок бўлганларга абадий шон-шараф», деган ёзув мухрланган эди. Қуръон тиловат қилдим. Қабрдан тупроқ олдим.

Қайтишда Мамаев қўрғонига кирдим. Ҳар бирига мингтадан исм-шарифлар қайд қилинган 48 та устунни кўздан кечирдим. Отамни изладим. Зарҳал ёзувлар ичида Аҳмедов М. ни топдим. Топдим-у, хўнграб йиғладим,овозим борича увилладим. Одамлар мени юпатишар, далда беришар эди. «Шунча йил ўтиб кетибди-ю, бунча йиғлайсиз», дейишди. Нима қилай, ўзимни тутолмадим. Уруш асорати асло эскирмас экан. Мамаев қўрғони маъмурияти идишга солинган ҳок билан ёрлиқ берди. Ёрлиқ ҳозир уйимизнинг тўрида, жавонда сақлайман, шаҳар тимсоли эса деворда осиғлиқ.

Қишлоққа қайтиб, ҳокни қабристонга кўмдим. Мармар тошдан белги ўрнатдим. Тошга қуйидаги сўзлар мухрланди:

Жасадингиз унда, ҳокингиз бунда,
Ёдингиз фарзандлар қалбида яшар.
Токи, авлодингиз ҳаёт очунда, 
Ҳаётдурсиз сиз ҳам, эй буюк падар!

Қирқ икки йилдан кейин отамнинг ёшига етганда ҳокини ўз қишлоғида ерга қўйиб, таскин топдим.

Маҳкам Махаммедов

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: