Текширувчилар нега якшанба куни келишади?

Яқинда бир юмуш билан ўзим яшайдиган Яшнобод туманидаги “Бешариқ” маҳалла фуқаролар йиғини идорасига чиқишимга тўғри келди. Шанба куни бўлгани учун кўпчилик ташкилот-корхоналар қатори у ердагилар ҳам бугун ишламаса керак, деган хаёлга бордим. Шунга қарамай, ҳар эҳтимолга қарши, идорага сим қоқдим. Буни қарангки, гўшакни кўтаришди. Саволимга: “Биз одатдагидек иш жойимиздамиз, келаверинг”, деб жавоб беришди.

Идорага кириб борганимда маҳалла оқсоқоли, котиба ва фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари Карима Шайхова ўз хизмат хонасида эди. Мен дам олиш куни мурожаат қилганим учун улардан узр сўрадим.  Бундан Карима опа ҳайрон бўлди, кейин дардини айта кетди:

— Шанба биз учун аллақачон иш кунига айланиб қолган. Афсуски, шу куни ҳам фуқароларни қабул қилиб, аризалар билан шуғуллансак-да, қоғозбозлик деган балони  тугата олмаяпмиз. Айниқса, текширувчиларнинг айнан якшанба кунлари ташриф буюришига нима дейсиз?.. Тунов куни денг, Жарқўрғондаги маҳалла раисини текширувчилар келганда иш жойида бўлмагани учун вазифасидан бўшатишибди.

Ўринбосар аёлнинг гапини эшитиб ҳайрон бўлдим. Боз устига, бу идорадагилар ортиқча ишлаганлари эвазига ҳеч қачон қўшимча ҳақ олишмас экан. Карима Шайхова бошқа муаммолар-у, баъзи масалаларни ҳам бизга рўй-рост сўзлаб берди:

— Сўнгги вақтларда давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан маҳалла  институтини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимида ҳамкорликни самарали йўлга қўйиш бўйича бир қатор қарорлар қабул қилинди. Бу маҳалла фуқаролар йиғини фаолиятига эътибор анча кучайганидан ва тизимни янада ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилаётганидан далолат. Қарорларнинг аҳамияти амалда ижроси нечоғли таъминлангани билан белгиланади, лекин маҳалла идоралари ходимлари ҳануз ўз зиммаларига ноўрин юклатилган турли статистик маълумотларни йиғиш, жадваллар тўлдириш каби қоғозбозликлардан бўшамаётгани, ҳамкор ташкилотлар кўпайгани сайин топшириқлар кўлами ҳам кенгаяётгани ҳеч кимга сир эмас. Оқибатда биз қимматбаҳо вақтимизни аҳоли билан кўпроқ мулоқотда бўлиш, оилаларни имкон қадар яқиндан ўрганиш, муаммоларни бартараф этиш чораларини кўришдек муҳим вазифаларимизни бажаришга сарфлаш ўрнига кўпинча компьютер олдида ўтириб, қоғоз тўлдириш, расмиятчилик ва ҳисобот топшириш билан шуғулланаяпмиз. Бу жуда ачинарли ҳол. Шундай бўлса-да, тизимда фаолият юритаётган ходимлар пандемия даврида ҳам сусткашликка йўл қўймадилар, ҳатто дам олиш ва байрам кунлари ҳам ишни тўхтатмадилар.

Тўғри,  бундай оғир ва синовли кунларда фидойилик кўрсатиш ҳар бир инсонга хос фазилат. Айни чоғда, атайлаб якшанба куни текшириш ўтказадиганлар бир нарсани унутмасликлари керакки, ўша фидойи кишиларнинг ҳам оиласи, ташвиши бор. Ҳуқуқий жиҳатдан ёндашса, дам олиш кунларида ҳақ тўланмайдиган ишга чиқишга мажбурлаш Меҳнат кодексининг тегишли моддалари талаблари бузилишига, Конституциявий ҳуқуқимиз поймол этилишига олиб келмоқда.

Эътибор берган бўлсангиз, шу пайтгача маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинлари раислари ва ходимлари ҳақида турли гап-сўзларни эшитибмиз ёки гапирибмиз-у, аслида уларнинг ҳам ўзига яраша дард-ташвишлари борлиги тўғрисида чуқурроқ ўйлаб кўрмабмиз. Бу тузилма вакиллари тез-тез уйма-уй юриб аҳолининг ғам-ташвишларини ўргансин, дебмиз-у, баъзан лоақал ўз оила аъзолари ҳол-аҳволидан дурустроқ хабар олишга, улар билан бемалол суҳбатлашишга вақт тополмасликларини англамабмиз.

Мен биргина воқеа баҳонасида тизимда ишлаётганлар фаолиятини ёппасига ижобий деб баҳоламоқчи эмасман. Шунчаки, маҳаллаларимиз ривожланишига баҳоли қудрат ҳисса қўшаётганларнинг айрим ҳуқуқлари бузилаётганига, меҳнат қонунчилигига қатъий риоя қилинмаётганига ачинаяпман.

Хуллас, мазкур соҳа вакиллари гоҳида хато-камчиликларга йўл қўйишганида аёвсиз танқид остига олганимиз каби уларнинг дардларини ҳам элга дастурхон қилганим учун  мени айбламайсизлар, балки уларга ғамхўрлик кўрсатиб, бирров “Ҳорманглар!” деб қўярсизлар, деган умиддаман.                                                                                            

Сайёра ҚОДИРОВА

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

2 thoughts on “Текширувчилар нега якшанба куни келишади?

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: