Нечун томошага бунчалар ўчмиз?

Бугун, чиндан ҳам, қўл телефонисиз кундалик ҳаётимизни тасаввур қила олмаймиз. У қулай алоқа воситаси бўлиши билан бирга, яна қанчадан-қанча қурилмалар вазифасини бекаму кўст бажаради: фотоаппарат, видеокамера, диктофон, фонарь, радио… Қўшиқ эшитиш, кино кўриш, ўйин ўйнаш, китоб мутолаа қилиш, ҳатто уяли телефон орқали пластик картангиздан бирон керакли жойга пул маблағи ўтказиш имкони ҳам бор. Интернетга тўғридан-тўғри уланиб, дунёнинг исталган жойидаги воқеа-ҳодисалардан воқиф бўлаверасиз. Бир сўз билан айтганда, мўъжизанинг ўзгинаси. Аммо…

Қўл телефони оммалашиши билан инсон табиатига хос бўлган текин томошага ўчлик  ва бундай томошаларни бошқаларга тарқатиш авж олиб бораётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.

“Новза” метро бекатидан “Чўпонота” мавзесига томон кетаётган автомобиль қарама-қарши йўналишдан қайрилган автомобилга тўқнашиб, ҳалокат содир бўлган. Транспорт воситалари жиддий шикастланган, яхшики, ҳайдовчилар жароҳатланмаган. Лекин улар омон қолганига шукр қилмасдан, бир-бирига қўлини пахса қилиб дўқ ураяпти, “Айб менда эмас, сенда” деб бақириб-чақираяпти. Айнан мана шу ҳолат йўлнинг чап ва ўнг четидаги йўлакдан ўтиб бораётган йўловчилар учун ҳам, автомобилини атай тўхтатиб, “Қани, буёғи нима бўларкан?”, деб кузатаётган ҳайдовчилар учун ҳам текин томоша, ҳатто кўпчилиги қўлидаги телефони билан тасвирга ола бошлади. Наҳотки, шунчалар томошаталаб бўлиб кетган бўлсак? 

Кимдир автомобиль ҳалокатига тасодифан гувоҳ бўлган экан, шуни қўлидаги телефонига шошилмасдан тасвирга олиб сақлаб қўйишини ёки  ижтимоий тармоққа “онлайн” тарзида тўғридан-тўғри узата бошлашини қандай тушуниш мумкин? Ахир тасвирга олиш эмас, биринчи навбатдаги вазифаси, бурчи ёрдам кўрсатиш-ку! Майли, ёрдам кўрсатиш қўлидан келмас, имкони йўқ экан, буни вазиятдан келиб чиқиб оқлаш мумкиндир, лекин автоҳалокатга учраганларнинг аянчли ҳолатини четдан туриб бош­қаларга намойиш этиш оддий инсонийликка ҳам тўғри келмайди.

Айтайлик, уйига ўт тушган аёл норасида боласи билан тириклайин ёнаётган бўлса ёки тепа қаватдан кимдир ўзини пастга ташламоқчи бўлиб турса-ю рўй бераётган фожиани ҳис этмаслик, бамайлихотир тасвирга олиш ёхуд тўғридан-тўғри ижтимоий тармоққа узатиш учун ўша одамнинг юраги тошдан бўлиши керак, назаримизда.

 Яқинда бир видеолавҳага кўзим тушди. Тас­вирга олиш мақсадида объектив йўналтирилган йигит муз устида (дарёми, кўлми ё катта сув ҳавзасими, буни тасвирда аниқ кўриб бўлмайди) секин-аста кетаяпти, экран ортидаги шериги эса унинг ҳар бир хатти-ҳаракатини қўл телефонида видеога олаяпти. Бирдан муз ёрилиб, олдинда ҳаракатланаётган йигит сувга тушиб кетди. Жон ҳолатда бақириб, шеригини ёрдамга чақирди.

Шериги эса негадир қутқаришга шошилиш ўрнига тасвирга олишда давом этаверди. Сувдаги йигит ҳар қанча уринмасин, муз устига чиқа олмади, ҳатто боши сув юзасида кўринмай қолди. Наҳотки, чўкиб кетган бўлса? Йўқ, қайтадан муз ёриғида пайдо бўлиб, базўр муз устига чиқиб олишга муваффақ бўлди. Ўлимдан зўрға қутулиб қолган йигит шеригига “Нега менга ёрдам бермадинг, чўкиб кетишим мумкин эди-ку”, деб бақирди. “Эсинг жойидами, видеога олиш билан банд бўлсам, сенга қандай ёрдам бераман? Биласан, буни ижтимоий тармоқда миллионлаб одамлар томоша қилади”, деб жавоб қайтарди шериги. Ва чиндан ҳам ушбу тасвир ижтимоий тармоқда томошабинлар энг кўп кўрган видеолавҳалардан бири сифатида тилга тушди…

Ноодатий кўринишдаги воқеа-ҳодисани қўл телефонида тасвирга олиб, интернетдаги ижтимоий тармоққа жойлаштириш, шу орқали бошқаларни ҳайратга солиш ва бундан ўзи ҳам завқланиш аллакимлар учун шунчаки эрмак, ҳатто инсон ҳаётидан-да муҳимроқ бўлиб бораётгани аслида фожиа, келажагимиз учун ҳам хатар ҳисобланади.

Мухтасар айтганда, биз ҳаётимизга тобора чуқур кириб бораётган уяли алоқа воситаларининг ўрни ва аҳамиятини эътироф этган ҳолда, улардан фойдаланиш маданиятини нафақат ўзимизда, балки ўғил-қизларимизда ҳам шакллантириб боришимиз лозим.

Суюндик МАМИРОВ

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: