“Тошкентдан гапирамиз”ми ёки “тошкентча гапирамиз”?..

Мустақилликдан олдинги даврда марказий телевидение ва радиодан “Тошкентдан гапирамиз” деган жумла мунтазам жаранглаб турарди. Бугун ҳам телевидение ва радиони республикамизнинг деярли барча аҳолиси кўришади ва эшитишади. Хусусий каналларда эфирга узатилаётган кўрсатув ва эшиттиришлар Тошкент шевасида берилаётгани эътирозларга сабаб бўлаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Қўлланилаётган сўзларнинг аксарияти тушунарли, аммо ёшлар, болалар уларни адабий тил шаклида қабул қилиб қолиши чатоқ. Чунки бизда ҳали-ҳануз телевидениеда қўлланилган сўзлар тўғри, радиода айтилган гап ўринли ва газетада ёзилгани намуна, эталон сифатида қабул қилинади.

Яқинда 5-синфда ўқийдиган қизим “Дада, ўтларинг сўзи қандай ёзилади”, деб сўраб қолди.

Мен “ўтинглар” деб ёзилади, дедим.

Шунда у бирдан иккинчи саволини берди:

Этларинг сўзичи?

– Ўзбек адабий тилида “ўтларинг” ва “этларинг” деган сўзлар йўқ, “ўтинглар” ва “айтинглар” деган сўз бор ва улар шу тартибда ёзилади, — дедим. Бу сўзларнинг асл ўзаги “ўт” ва “айт” буйруқ феъллари бўлиб, уларга “инг” қўшимчаси қўшилганда ҳурмат маъносини беришини, …лар қўшимчаси қўшилганидан сўнг эса кўплик маъносини англатишини тушунтирдим.

– Бир дугонам эса телевизорда шунақа деб айтди.  Демак, кетларинг ва ўтларинг тўғри деб ўз сўзида туриб олди ва шундай ёзди, – деди қизим.

– Дугонанг нотўғри ёзибди, – деб шеванинг чалғитадиган жойини тушунтирдим.– Дугонанга айт, у “гапир, сўзла” маъносини берувчи сўз ўзаги “айт” буйруқ феълини “эт”га айланиб қолганини тушунмаяпти. Чунки ўзбек тилида “элт”, “элтмоқ” буйруқ феълиям бор. Бу олиб бор деган маънони беради.  Шунинг учун шевадаги айрим сўзлар сўзнинг маъносига яқин бўлса-да, кўпинча эшитувчида тушунмовчилик пайдо қилади. 

Агар ҳар ким ўз шевасида ёзадиган бўлса кўп чалкашликлар ва тушунмовчиликлар вужудга келади. Масалан, мен туғилиб ўсган Қўшработ туманида мақтанма сўзининг шевада 5 та шакли бор. Биринчиси, мозотланма, иккинчиси, ишмалама, учинчиси, эшканнама, тўртинчиси, гуппиллама, бешинчиси, толтойма ва яна олтинчисиям бўлса керак.

Бу сўзларнинг ҳаммаси ўз жойида, кимга айтилишига қараб  ишлатилади. Масалан, мозотланма дегани, ўзак сўз “зот” бўлиб, молинг, нарсанг билан мақтанма дегани бўлса, “ишмалама” шева сўзи адабий тилдаги шишмоқ ўзак сўзидан олинган бўлиб шишиб кетма, ёрилиб кетасан, деган маънони беради. Ана ундан кейин “эшканнама” айтилади. Бу дегани эса мажозий бўлиб, шишиб кетган мақтанчоқнинг эшакка ўхшаб олди-ортига қарамай ўйноқилаб кетганига ўхшатилади. Ҳой ўзингни бос, мунча эшканнайсан, ўзингни йўқотиб қўйибсанку, деган маънода мақтанчоқни қайтарувчи даъват шаклида қўлланилади. Гуппиллама, дегани пахта солиб тўқилган кийим гуппи дейилади. Ўзи енгил, лекин шишиб туради. Айримларни шу гуппига ўхшатиб, бировнинг олдида ғўддайма, деган маънони берса, толтойма дегани, қиммат кийимни кийиб ёки қиммат машинага ўтириб, бировларнинг олдидан олифталаниб, кеккайиб ўтма, уларнинг устидан кулма, юриш-туришинг сенга нисбатан салбий фикр уйғотаяпти дегани бўлади, дедим.

Шундан сўнг қизим шеваларга қизиқиб қолди ва бошқа вилоятлардан келиб ўқийдиган синфдошлари гаплашадиган айрим сўзларнинг маъносини сўрайдиган бўлди. Бу қайсидир жиҳатдан яхши. Аммо унутмаслик керакки, ўзбек тилининг ўзаги сифатида ҳамма тушунадиган сўзлардан таркиб топган адабий тил қоидаларни бузиб гапириш хунук одат.

Шунинг учун адабий тил қоидаларига амал қилиш нафақат зарурият, балки. Қолаверса, ОАВ дастурхон эмас, минбар.

Бу дегани ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир, ҳамма тушунадиган тилда гапир дегани.

Айниқса, ҳозирда  айрим телевидение бошловчилари, кино ва театр актёрлари ҳам кўп сўзларни, жумлаларни шевада айтиб, хатоликка йўл қўйишаяпти. Масалан, кетларинг, келларинг, қочларинг, бўлларинг, ўтларинг… бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Лекин гап орасида айтилган бу сўзлар, афсуски, ўзбек адабий тили қоидалари бузилишига сабаб бўлаяпти. Шунинг учун Тошкентдан гапирганда, Тошкент шевасида эмас, адабий тилда гапириш зарур. Шунда сўзнинг қадри, сўзловчининг обрўйи, телевидение ёки радионинг мухлиси кўпаяди.

Шуҳрат РЎЗИЕВ,
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш
вазирининг маънавий-маърифий ишлар
ва тил масалалари бўйича маслаҳатчиси

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: